Президент Назарбоевнинг "миллат раҳнамо"лигидан воз кечгани нимани англатади?

Image caption Президент Назарбоевнинг "миллат раҳнамоси" унвонидан воз кечганлигини нимани англатиши ҳақидаги савол кўпларни ўйлантирмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Миллат раҳнамоси унвонидан воз кечар экан, унинг ушбу қарори жамотчиликда турлича қабул қилинган.

Мухолиф рўзномаларга кўра, жаноб Назарбоевнинг бу қарори "миллат раҳнамоси" унвонидан бутунлай воч кечганлигини англатмайди. Буни Президент қонун лойиҳасига вето қўймаганлиги билан изоҳлашмоқда.

“Ушбу қонун лойиҳасининг бир овоздан қабул қилинганини халқнинг менга билдирган ишончи сифатида баҳолайман. Миллат раҳномаси деган мақомни бирор қонун лойиҳаси билан тасдиқлаш керак эмас деб ўйлайман. Ушбу қонунни имзоламаслигимни тўғри қабул қиласиз деган умиддаман”, дейилади президент Назарбоевнинг мурожатида.

Назарбоевнинг ушбу гаплари амалда Қуйи палата ва Сенат томонидан тасдиқланган қонун лойиҳаси бекор қилинганини англатиши керак.

Қуйи палата ва Сенат вакиллари Назарбоевнинг ушбу қарорини тўғри қабул қилишини билдиришди.

Аммо мухолифатдаги "Озод" партияси раҳбарларидан бири, ўтмишда мамлакат Бош Прокурору бўлган Жармахан Туякбай, агар Назарбоев расман вето ҳуқуқидан фойдаланиб қонунни рад этмаса, қонун лойиҳаси бир ойдан сўнг автоматик равишда кучга кириши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Яна бир қатор мухолифатчилар Назарбоев унвондан воз кечиши билан ўз обрўсини ортирриб олиш йўлида фойдаланишни мақсад қилган.

Назарбоев шахси ҳақида сўнгги пайтларда қизғин муҳокамалар авж олар экан, унинг тез орада истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида бир неча фаразлар янграй бошлаган.

Қизиғи, бундай тахминларни Президентга яқин бўлган доира вакиллари айтишмоқда. Бундан бир мунча вақт олдин Президентнинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ермуҳаммет Ертисбаев Назарбоев шу йили лавозимини топшириши мумкин, деган назарияни олдинга сурган эди.

Сўнг ҳукумат доираларига яқин "Овул" партияси раҳбари ҳам Нулсултон Назарбоевнинг ҳокимият тепасида узоқ муддат қолганини ва Президент ўзига ворис қолдириш устида ишлаётганини билдирганди.

Аммо бошқа кузатувчилар Қозиғистон Президентнинг ҳокимиятни ўз ихтиёри билан топшириши эҳтимолини гумон остига олишади.

Сиёсатшунос Расул Жумали Президент Назарбоевнинг яқин йиллар ичида ўз лавозимини топширади, деган фаразлар ҳақиқатдан йироқ деган фикрда.

"Назарбоевнинг соғлиғи ва ақлий қобилияти, ҳамда сиёсий интилишлари ҳали унинг мамлакатни узоқ йиллар бошқаришдан дарак беради", - дейди Расул Жумали.

SMS рақамимиз: +44778620112