Россияда тиббий суғуртадан ким фойдалана олади?

Шифокорлар
Image caption Россияда малакали шифокорлар етишмайди

Россия собиқ Шўро мамлакатлари орасида тиббиёт соҳасига катта маблағ ажратаётгани билан ажралиб туради. Бироқ кузатувчилар, Россияда собиқ тузумдан мерос қолган иллатлар, муаммолар ҳануз бартараф этилмаганини айтишади.

Айни дамда тиббиёт масаласи Россияга иш излаб келаётган меҳнат муҳожирлари учун энг жиддий муаммолардан биридир. Россия Олий Иқтисод мактаби яқинда ўтказган тадқиқотларга кўра, фуқароларнинг 50 фоизи давлат шифохоналарда даволаниш учун пул тўлаганларини тилга олишган.

Тўланган пуллар, давлат кассасига эмас, асосан шифокор ва ҳамширалар чўнтагига киргани айтилади.

Россия Фанлар академияси эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра эса, фуқароларнинг соғлиқ тизимида сарфланаётган харажатларининг учдан бир қисми пора сифатида берилаётган маблағлар ташкил этади.

Айни дамда стандарт, оддий тиббий суғурта полиси деярли ҳар бир Россия фуқаросига текин берилади. Ушбу ҳужжатсиз давлатга тегишли бирон шифохона ё поликлиникада даволаниш имконсиз.

Оддий стандарт тиббий суғуртага қўшимча йирик корхона ва ширкатлар ўз ходимлари учун яна тиббий суғурта сотиб олишади. Бундай суғурта нархи тақрибан 800дан тортиб, 50 минг АҚШ доллари ва ё ундан ҳам ортиқни ташкил этиши мумкин.

Киши ёши қанча кекса бўлса, суғурта нархи ҳам шунча қиммат туради.

Бироқ, қўлда тиббий суғурта полиси бўлган тақдирда ҳам малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш жуда мушкул.

Журналист Тимофей Яров яқинда рентгендан ўтган ва унга саратон касаллигига чалинган одамнинг флюорграфияси алмаштириб берилган. "Бир неча кун дунё кўзимга қоронғу бўлиб юрди. Мени саратон касалликлари текшириладиган клиникага юборишди. У ерда яна пул тўлатиб, рентген қилдиришди. Натижада саратон ташхиси нотўғри бўлиб чиқди. Поликлиникадагилар атайданми ёки адашибми, бошқа, яъни саратон касали топилган шахс флюографиясини менинг номимга ёзиб беришган экан",-дейди журналист Тимофей Яров.

Россия катта шаҳарларида тиббий хизмат кўрсатиш даражаси нисбатан бир оз яхшироқ бўлса-да, бироқ кичик шаҳарчалар ва қишлоқ шифохоналаридаги вазият анча мураккаб эканлиги айтилади.

Россия ҳукумати охирги йилларда тиббиёт тизими учун ажратилаётган маблағлари миқдорини бир неча бараварга кўпайтирди. 2011 йилда ҳукумат тиббиёт учун қўшимча ярим триллион рубл, яъни тақрибан 16 миллиард доллар ажратишни режалаган.

Россия соғлиқни сақлаш идораси қошидаги жамоат кенгаши раҳбари Александр Саверскийнинг фикрича, фақат давлат ажратаётган маблағлар билан тиббиёт соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш қийин.

"Россия тиббиёт тизими муаммолари кўпқатламли характерга эга. Тиббиёт учун тушаётган маблағнинг қандай сарф этилиши шаффоф эмас. Юқори малакали кадрлар етишмайди. Бундан ташқари афсуски, коррупция, порахўрлик даражаси ҳам пасаймаган. Юқори малакали шифокорлар кам маош олишади. Мисол учун, акушер-генекологни ойлигидан ташқари фарзанд кўрган ота-оналарнинг совға-саломлари боқади. Дермотолог, яъни тери касалликлари шифокорининг даромадини дояларники билан қиёслаш қийин. Россия тиббиёт тизимидаги табақаларга бўлиниш жараёни ҳам жуда юқори", -дейди Александр Саверский.

Россия шифокорлар сони жон бошига энг юқори бўлган 7 мамлакат қаторида. Лекин, тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси бўйича Россия дунёда 130-ўринда туради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда шифокорларнинг етишмаслиги қарийб 30 фоизни ташкил этади.

Айни дамда кузатувчилар россияликлардан фарқли ўлароқ, мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирларининг аксарияти тиббий хизмат олишдан деярли маҳрум эканини айтишади. Ўзбекистонлик Ҳасанбой Москва жанубидаги қурилиш иншоотларининг бирида ишлайди.

У қонуний ишлаши ва тиббий суғуртага эга бўлганига қарамай яқинда шифохонада доволаниш учун пул тўлаганини айтади.

"Автомойкада ишлардим. Совуқ ўтказиб бўйрагим касал бўлиб қолди. "Тез ёрдам" чақиришди. Шифохонага ётишга мажбур бўлдим. "Тиббий суғуртангиз фақат ўзингиз рўйхатдан ўтган районда ўтади. Бу ерда фақат пул тўласангиз даволаймиз", дейишди. Кунига 2 минг рубл, яъни тақрибан 70 доллардан тўладим. Шифохонага 12 кун ётиб чиқдим. Биз муҳожирлар учун Россия тиббий суғуртаси иш бермаслигини ўшанда билдим", дейди Ҳасанбой.

Москвалик шифокор Жасур Жўраевнинг айтишича, Россиядаги аксар корхона ва ширкатлар ёлланган муҳожирларни тиббий суғурта билан таъминлашни исташмайди.

"Ширкатлар муҳожирларнинг қонуний ишлашлари учун иш рухсатномасини олишади, бироқ тиббий суғурта олишдан юз ўгиришади. Чунки, агар меҳнат муҳожири иш пайтида жароҳат олса ёки нобуд бўлса, катта товон пули тўлашига тўғри келади. Бундан ташқари, аксар клиникалар ҳатто пул тўлаймиз деган тақдирда ҳам муҳожирларни қабул қилишмайди", дейди шифокор Жасур Жўраев.

Шифокорга кўра, қийин яшаш шароитлари туфайли Россияга иш излаб келган кўпчилик Марказий Осиё фуқаролари орасида сил касаллиги, ошқозон, бўйрак ва тери-таносил касалликлари кенг тарқалган.

Москвадаги "Миграция ва қонун" ноҳукумат ташкилоти эксперти Юлдуз Аминова Россияда кўплаб муҳожирларнинг тиббий суғуртадан фойдаланишга қурблари етмаслигини айтади.

"Россияда муҳожирлар фақат пул тўлабгина даволанишлари мумкин. Муҳожирлар ўрта ҳисобда 30000 рубл, яъни минг доллар маош олсалар, камида 10 минг рублини ижара учун тўлашади. Қолган пулни озиқ-овқат, транспорт, кийим-бош ва уйга жўнатишга сарфлашади. Даволаниш учун суғурта сотиб олишга пул деярли қолмайди. Лекин, Марказий Осиё фуқаролари Россияда минг доллар ё ёқда турсин, 500 ва ҳатто 300 доллар маош учун ҳам ишлашга тайёр", дейди Юлдуз Аминова.

Мен суҳбатлашган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россияда асосан икки нарсадан - милиция тузоғига илиниш ва касал бўлиб қолишдан қўрқишларини тилга олишди.

"Касал бўлган тақдирда Россиядан қолишдан кўра ватанга қайтиш афзал", дейишади кўпчилик муҳожирлар.