Тожикистонда ҳалок этилган 'Ўзбекистон Исломий Ҳаракати' 'аъзолари'нинг шахслари аниқланди

Харита

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги пойтахт Душанбе яқинида ўтказилган амалиётда ҳалок этилган икки кишининг шахси аниқлангани борасида хабар берди.

Абдураҳим Умаров ва Абдураҳмон Ваҳҳобов исмли ушбу шахслар жума куни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари ўтказган қидирув амалиёти чоғи юз берган отишмада ҳаётдан кўз юмишганди.

Икковлоннинг Суғд вилояти Исфара туманидан бўлишгани ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаол аъзоларидан эканликлари айтилади.

Отишмада бир нафар милиция мулозими ҳам ҳалок бўлган ва бир оддий фуқаро яраланган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари томонидан ҳалок этилган 32 ёшли Абдураҳим Умаров ўн бир йилдан буён қидирувда бўлган.

Абдураҳим Умаров террорчилик, ноқонуний қурол асраш, жиноий гуруҳ ташкил этиш каби жиноятларни содир этишда гумон этилган.

31 ёшли Абдураҳмон Ваҳҳобовнинг эса, олти йилдан буён қидирилаётганлиги айтилади.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимларига кўра, Абдураҳим Умаров ва Абдураҳмон Ваҳҳобов Афғонистон ва Покистондаги махсус жамлоқларда террорчилик амалиётларини ўтказиш бўйича тайёргарликдан ўтишган.

Душанбе яқинидаги Варзоб туманига қарашли Зидди номли ҳудудда юз берган отишмадан сўнг ҳалок бўлганлар қолдирган иккита Макаров тўппончаси, мингтага яқин ўқ, портлатувчи восита учун зарур бўлган детанатор, афғон пули, террорчилик амалиётларини ўтказиш чизмалари топилган.

Махсус амалиёт давомида Тожикистон Ички ишлар махсус бўлинмаси ходими Тоҳир Сафаров ҳам ҳалок бўлган. Шунингдек, бир нафар оддий фуқаро яраланган.

Амалиёт Варзобдаги милиция назорат нуқталаридан бирида юз берган отишмадан сўнг бошланган. Гиёҳванд моддалар ташишда гумон этилган автомобилни текшириш асносида йўловчилардан бири узган ўқ милиция ходимини яралаганди.

Йўловчилар тоғ томон қочиб яширинишга муваффақ бўлишганди. Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ёки Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда кўрилган 40 нафарга яқин кишига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўтган йили Тожикистонда 20 нафарга яқин киши Туркистон Исломий ҳаракатига мансубликда кўрилиб қўлга олинган. Қамоққа олинганлар орасида икки аёл ва бир нафар мактаб ёшидаги ўсмир ҳам бор эди.

Айни бир пайтда оддий аҳоли Туркистон Исломий ҳаракатига мансубларни қидириб, қўлга олиш жараёнида бу ҳаракатга мутлақо алоқаси бўлмаган кишилар ноҳақ жабрланиб қолишлари эҳтимолидан хавотир билдириб келади.