Қирғиз муваққат ҳукумати аъзоси истеъфо берди

Image caption Байсалов муваққат ҳукуматни ташлаб чиқаётган энг нуфузли арбоб бўлмоқда

Оммавий ғалаёнлар ортидан Қирғизистонда қудратга келган муваққат ҳукуматнинг юқори даражали аъзоси истеъфога чиққан.

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева маъмуриятининг бошлиғи Эдил Байсалов янги ҳукуматнинг ҳақиқий демократик ислоҳотларни тадбиқ қилишига шубҳа қилишини айтган.

У октябрь ойига мўлжалланган парламент сайловларида иштирок этиш учун янги партия тузаётганини билдирди.

Жаноб Байсалов Қурманбек Бакиевнинг апрель ойида сиқиб чиқарилганидан бери ҳукуматни қўлга олган муваққат ҳукуматни ташлаб кетаётган энг нуфузли сиёсий арбоб бўлмоқда.

Жаноб Бакиев норозилик намойишлари зўравон тус олгач, мамлакатдан қочишга мажбур бўлганди.

Ҳам АҚШ, ва ҳам Россия Қирғизистондаги воқеаларни яқиндан кузатишмоқда. Икки мамлакат ҳам у ерда ўз ҳарбий базасига эга.

Янги чеҳралар

Янги ҳукумат қудратга келганидан бери Қирғизистон бўйлаб назоратни қўлга олишга уриниб келмоқда, аммо жанубдаги қонли тўқнашувлар буни қийинлаштирган.

Отунбаева маъмурияти октябрь ойида президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтишини ваъда қилишганди, аммо яқинда президентлик сайловлари бир йилга кечиктирилганини эълон қилишди.

Таниқли фуқаролик жамияти фаоли бўлган жаноб Байсалов Қирғизистонга янги сиёсий партия ва янги чеҳралар зарур эканини билдирган.

"Ҳозирда республикани демократия йўлига қайтариш керак, ва мен, фаол фуқаро сифатида, келгуси сайловларда янги куч иштирок этиши зарур деган қарорга келдим," - деди жаноб Байсалов.

У, шунингдек, янги маъмуриятни танқид қилди.

"Мен янги раҳбарлар чуқурроқ демократик ислоҳотлар ўтказишига шубҳа қиламан. Қаранг, кимлар лавозимларга тайинланди - ҳеч нима ўзгармади," деди Эдил Байсалов.

7 апрелда жаноб Бакиев маъмуриятини ағдарган зўравонликларда 80дан ортиқ инсонлар ҳалок бўлган.

SMS рақамимиз: +44778620112