Тожикистон: Жануб-Шимол шоҳ йўли ғавғолари

Автовокзал

"Душанбе-Чаноқ" йўлидан ўтиш учун пул тўлаш жорий этилгач, аҳоли, ноқулай бўлса-да, айланма йўллардан ўтишни афзал кўра бошлаган.

Кузатувчиларга кўра, йўл тўловининг оддий одамлар учун оғирлик қилаётгани билан изоҳлашмоқда.

Пуллик хизмат бундан йигирма кун илгари "Душанбе-Чаноқ" шоҳ йўлининг Суғд вилояти қисмида ҳам жорий этилди.

Йўл тўлови жорий этилиши ортидан деҳқонлар ва боғбонлар етиштирган маҳсулотларини бозорга олиб боришлари қийинлашганидан, айни бир пайтда оддий аҳоли ун, мой, шакар каби кундалик истеъмол моллари қимматлашганидан ёзғирмоқда.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Монополияга қарши хизмат расмийлари "Душанбе-Чаноқ" йўлидан фойдаланишда мамлакатнинг тегишли қонунчилиги бузилганини айтган.

"Тиқилинч бўлса-да, эски уловдан қолмайлик"

Хўжанд-Табошар йўналишидаги тиқилинч автобусда кўпчилик йўловчилар бораётган манзилларигача тик туриб кетишларини айтишади.

"Отам замонидан қолган шу автобуснинг борига шукур. Бўлмаса, онда-сонда бир йўлга тушадиган енгил машинага икки баравар ҳақ тўлармидик. Тиқилинч бўлса-да, эски уловдан қолмайлик, " дейди бот-бот ўтириб кетаётганларга ҳавас билан тикилаётган киши.

"Опел" русумли машинасига йўловчи келишини пойлаб ўтирган асли Мастчоҳ туманидан бўлган Мардоннинг айтишича, табошарликлар автобусда кетишни афзал кўришса, мастчоҳликлар бошқа арзонроқ нақлиёт турларини кутиб ўтиришади.

"Илгари "Абрешим" автовокзалига келганимда йигирматача одам машина пойлаб турарди. Ҳозир енгил машинага ўтирадиганлар бармоқ билан санарли. Кўплар арзонроқ "Газел" ё "Тангем"да кетишни исташади," дейди Мардон.

Мардоннинг гапига иккинчи бир ҳамкасби қўшилади:

"Йўловчилар ҳам камайган. Лекин йўлга чиқишга мажбур бўлгандан кейин нима қилишсин. Вилоят маркази Хўжандда ишлари бор, беморхонага яқинларини кўргани боришади, яна қанча муҳим сабаблар йўқ, дейсизми," дейди у.

"Ким зарар кўряпти? Зарар одамлар елкасига тушаяпти. Ҳайдовчига фарқи йўқ. Йўл қимматласа, йўлкирани ошираверади. Бориб-бориб биз каби оддий одамлар жабр чекишади. Одамлар йўлнинг пуллик бўлганидан рози эмаслар," дейди арзонроқ машина пойлаб ўтирган йўловчи.

"Хосиятсиз тарози"

Мардоннинг айтишича, ҳамма норозилик май ойининг йигирманчисидан бошланган.

"Тарози очилган 20 майдан бошлаб, биз ҳозир уни "бехосият тарози" деб атаймиз, ҳамма нарса қимматлашиб кетди. Илгари йўловчи 5 сомоний тўларди, ҳозир улардан саккиз сомонийдан оляпмиз," дейди Мардон.

У бир қоп унни икки четидан кўтариб келаётган кишиларга ишора қилади: "Ҳам йўл қиммат бўлди, ҳам истеъмол моллари қимматлашиб кетди. Бир қоп ун нархи 56 сомоний эди, ҳозир 70 сомонийга чиқиб кетди. Яъни 14 сомонийга қимматлашди. Бошқа егуликлар ҳам қимматлашди. Ҳамма нарсани Хўжанддан сотиб олиб кетамиз. Ҳа, бензиннинг ҳам нархи ошган-бир литри 3 сомоний 80 дирам"

Бир АҚШ доллари 3 Сомонийдан ошади.

"Пули борга текис йўл, пулсизга тош йўл"

"Пули борлар текис йўлдан юришяпти, лекин биз кабилар хавфли бўлса-да, довон йўлидан ўтяпмиз", дейди мастчоҳлик ҳайдовчилардан бири.

"Чоруқдаррондан ўтиш йўли бор. Лекин довон баландлиги учун машиналаримиз зўриқади. Менинг «Жигули» русумли машинам бор. Унинг довонда юриши қийин," дейди ҳайдовчи.

Мастчоҳ тумани маркази Бўстон вилоят маркзаи Хўжанддан 50 чақиримча шимолда жойлашган.

Аввалги нарх белгилашлар бўйича енгил машиналар 15 сомонийга яқин пул тўлашлари керак эди.

Лекин кейин бу саккиз сомоний қилиб белгиланди.

"Бизнинг қишлоғимиз Бўстон билан солиштирганда ярим йўлда жойлашган. Лекин биздан ҳам эллик чақиримлик йўл ҳақини талаб қилишяпти", дейди Бобожон Ғафуров туманининг Ўткансой жамоати қишлоқларидан бирида яшайдиган Абдураҳим Баротов.

Абдураҳимнинг айтишича, йўл пуллик бўлишидан олдин у яшаётган қишлоқдан кунига Хўжандга беш-олтитадан енгил машина қатнаган бўлса, ҳозир ҳафтасига икки-учта борса-боради, бормаса йўқ.

Лекин у янги қурилган йўлнинг текис ва қулайлиги, тарозида турган ширкат ходимларининг хуш муомалали эканликларини ҳам таъкидлайди.

Лекин барибир йўл ҳақининг қимматлигидан норозилигини яширмайди:

"Ўтсак ҳам, қайтсак ҳам саккиз сомонийдан олишади. Бўстон нархи билан бир нархда пул олишмоқда. Ноилож Чоруқдаррондаги ноқулай довондан ошишга мажбур бўляпмиз".

Йўлни ўз тасарруфига олган Британияннг Innovative Road Solutions ширкати мулозимларига кўра, йўлнинг ярмида ё ундан нари-берида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ўзлари яшаётган туман ҳукуматига ариза ёзиб, нақлиётларини рўйхатга киритишса, улардан олинадиган ҳақ масофага қараб камайтирилади.

Айни шу ширкат мулозимлари йўлнинг пуллик бўлишини йиғилган маблағ йўл ҳолатини ҳаракат учун мос тарзда сақлаб туриш, таъмирлаш ишларига сарфланиши билан изоҳлашади.

Президентга мурожаат

Шу йилнинг апрел ойида "Душанбе-Чаноқ" йўлининг биринчи бўлиб пул олина бошланган қисми ўтадиган Варзоб туманида 10 минг нафардан ортиқ одам имзо тўплаб, мамлакат Президентига мурожаат этди.

Ана шу норозилик мурожаатидан сўнг йўл ҳақи анчагина камайтирилди.

Дастлаб автоулов юк кўтаришига қараб бир километрга 30 дирамдан 1 сомоний 80 дирамгача белгиланганди. Ҳозир бу бир ярим –икки баравар камайтирилди.

Лекин аҳоли бу пулни тўлашга ҳам қурби етмаётганлигини айтмоқда.

"Яна пича арзонроқ қилишсин. Саккиз сомоний эмас, уч сомоний олишса, инсоф юзасидан бўларди", дейди бўстонлик енгил машина ҳайдовчиси.

Фақат Хўжанд-Бўстон йўлида қатнаётганлар эмас, балки Истаравшан- Хўжанд йўлидан ўтаётган машиналар ҳайдовчилари ҳам айлана йўллар излашмоқда.

Антимонополия расмийлари аҳоли тарафида

Аҳоли томонидан шикоятлар кучаяр экан, Тожикистон Монополияга қарши кураш хизмати нозирлиги "Душанбе-Чаноқ" шоҳ йўлини тасарруфига олган Британиядаги IRS ширкатини мамлакат монополияга қарши қонунчилигини бузганликда айблаган.

Монополияга қарши мақомот маълум этишича нозирлик қарорида кўрсатилган барча талаблар бир ойлик муддатда бажарилиши зарур.

"Йўқса, биз ишни Тожикистон Жумҳурияти Иқтисодий маҳкамасига ошириш ҳуқуқидан фойдаланишга мажбурмиз", дея таъкидлаган Монополияга қарши хизмат бошлиғи, нозирлик раиси Омонулло Ашур.

"IRS йўлҳақи олишни белгилар экан, мамлакатимиз фуқаролари турмуш даражасини ҳисобга олмаган. Аслида тарифлар халқаро стандартларга мос келиши зарур. Бундан ташқари, пуллик йўллар мавжуд бўлган мамлакатларда муқобил текин фойдаланиладиган йўллар ҳам бўлади", дейди Антимонополия хизмати мулозимларидан бири.

Тожикистон Жануби ва Шимолини боғловчи "Душанбе-Чаноқ" йўли қурилиши бундан беш йил олдин бошланганди.

Хитой ҳукумати ушбу қурилиш учун 260 миллион доллардан ортиқ узоқ муддатли қарз берган, қолган 20 миллион долларни Тожикистон ҳукумати ажратган эди.

Йўлни тўлалигича Тожикистон мустақиллигинингг 20 йиллиги санасигача – 2011 йил сентябрида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Кузатувчилар ҳали йўл тўлиқ битказилмасдан туриб пуллик усулга ўтилиши нотўғри бўлгани ва устига-устак Тожикистон аҳолисининг ярмидан кўпи қашшоқ эканлиги расмий томондан эътироф этилгани ҳисобга олинмоғи зарурлигини таъкидлашади.

SMS рақамимиз: +44778620112