Душанбеда сув бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда

Image caption Халқаро анжуман минтақада сув муаммоси кескинлашган пайтга тўғри келган

Анжуман очилишида нутқ сўзлаган Президент Раҳмон Тожикистон ўзининг сув заҳираларини минтақа давлатлари билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.

Тожикистон ҳукумати ва БМТ томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда гапирган жаноб Раҳмон унинг мамлакати дунёнинг энг сувга бой ўлкаларидан бўлишига қарамай, минтақа сув заҳираларининг бор-йўғи 10 фоизини истаъмол қилишини айтди.

Унга кўра, минтақадаги сув заҳиралари нотенг тақсимланмоқда.

Тожикистон раҳбарининг айтишича, мустақиллик йилларида дарёнинг куйи қисмида жойлашган давлатларда 100дан ортиқ сув омборлари барпо этилган ва уларнинг умумий ҳажми Орол денгизидан бир ярим баробар кўпдир.

Жаноб Раҳмоннинг айтишича, Тожикистон қўшни давлатлар аҳолисининг сув заҳираларидан фойдаланишига ҳеч қачон тўсқинлик қилмаган ва бундан кейин ҳам тўсқинлик қилмайди.

Унга кўра, бу йил минтақанинг сув заҳиралари кўпайган ва ҳозирда дарёнинг қуйи қисмидаги давлатлар сув омборларидан сувни қўйиб юбормасликни сўрашмоқда.

Жаноб Раҳмон Марказий Осиёнинг сув-энергетика муаммоларини ечишда минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамиятни яқиндан ҳамкоролик қилишга чақирди.

У Тожикистоннинг айни мақсадда сув-энергетика концорциуми барпо этиш ҳақидаги ғоясини яна бир марта такрорлади.

Айбловлар

Тожикистон президенти минтақанинг айрим давлатларини Орол фожиасини бузиб кўрсатиш ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини унинг асл сабабларидан чалғитишга уринаётганликда айблади.

Унга кўра, орол денгизи қуришининг асл сабаби сув заҳираларидан нооқилона фойдаланишдир.

Жаноб Раҳмон минтақанинг эски ва қолоқ суғориш тизимини ислоҳ қилишга чақирди.

У Тожикистон аввалроқ БМТга минтақанинг жорий сувдан фойдаланиш тизими, суғориш инфратузилмаси ва экологияси бўйича ҳар томонлама, холис экспертиза ўтказиш таклифи билан чиққанини таъкидлади.

"Сув ҳаёт учун" деб номланган ва Бирлашган Миллатлар ҳомийлигида ўтаётган халқаро анжуман минтақа давлатлари ўртасида сув заҳиралари юзасидан тортишувлар зиддиятли тус олган бир пайтган тўғри келган.

Ўзининг қишлоқ хўжалиги учун минтақа сувларининг катта қисмини истеъмол қиладиган Ўзбекистон Тожикистонни йирик гидро иншоотлар қуриш режаси билан минтақанинг сувдан фойдаланиш тизими ва атроф-муҳитни хавф остига қўяётганликда айблаб келади.

Икки давлат ўртасидаги сув тортишуви охирги ойларда Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтадиган тожик юк вагонлари транзитида юзага келган муаммолар билан янада кескинроқ тус олган.

Тожикистон президенти Душанбедаги анжуманда қилган чиқишида юк вагонлари билан боғлиқ муаммони тилга олмаган, аммо масалани анжуман арафасида БМт вакили билан муҳокама этган.

Президент Раҳмон билан учрашувдан сўнг гапирган БМТнинг Тараққиёт дастури мулозими Кори Удовички Бирлашган Миллатлар Тожикистон юкларининг Ўзбекистон темир йўлларида ушланиб қолаётгани билан боғлиқ муаммога аралашиш учун тўғридан-тўғри таъсир воситаларига эга эмаслигини айтган.

У Душанбедаги анжуман бу борадаги муаммоларни ечишга ёрдам беради, деб умид қилишини билдирган.

Ўзбекистон тожик вагонларининг чегарада ушланиб қолаётгани сув муаммосига боғлиқ эканини инкор қилади.

70 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашаётган анжуманга Ўзбекистон ҳам ҳукумат ҳайъатини юборган.