Тожикистондаги Ўзбекистон элчихонаси қаршисида норозилик чиқиши

Ўзбекистон элчихонаси олдида тўпланган журналистлар
Image caption Журналистлар тожик вагонларининг Ўзбекистон тарафидан ушлаб қолиниши Тожикистонда иқтисодий қийинчиликларга сабаб бўлаётганини айтишади

Тожикистонлик йигирмадан ортиқ ёш журналистлар Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказишган.

Улар Ўзбекистонда тўхтаб қолган тожик вагонларининг қўйиб юборилишига оид шиорларни кўтариб олишган. Айни пайтда Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти анжуманида икки давлат раҳбари учрашиши кутилаётган бир пайтда бундай намойишлар мақсадга мувофиқ эмаслиги айтилмоқда. Тожикистонлик журналистларнинг Ўзбекистон элчихонаси олдида тўпланишига сабаб мамлакатдаги иқтисодий танглик билан изоҳланади. Намойишчилар бугунги қийинчиликларнинг асосий сабабини Тожикистонга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистонда ушланиб қолинаётгани билан боғлайдилар.

"Биз Ўзбекистон йўлларни очишини истаймиз. Тожик вагонлари Ўзбекистонда ушланиб қолинаётгани ортидан биз қанчадан-қанча зарар кўраяпмиз. Шу сабаб, бензин қимматлади, тадбиркорларимизнинг маҳсулотлари сифати бузилмоқда", дейди намойиш иштирокчиларидан бири.

Унга кўра, яқинда ўзбек чегара ҳудудида бўлиб қайтганини айтар экан, Ўзбекистон юритаётган сиёсатдан фақат тожикистонликлар эмас, балки ўзбекистонликлар ҳам азият чекишаётганини урғулайди. "Мен чегарада бўлдим ва у ерда яшайдиган кўплаб ўзбекларнинг бу ерга ўта олмай сарсон бўлаётганларини кўрдим. Улар гарчи визалари бўлса ҳам Тожикистонда жанозага кела олмаётгандилар. Ёки Тожикситонда мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таҳсил олади", дейди Муҳаммад Иқбол исмли суҳбатдошим. Намойишчилар ўз даъволарини етказиш учун Ўзбекистон элчиси Шоқосим Шоисломов чиқишини талаб қилишган. Ўзбекистон элчихонаси мулозимларига кўра, элчи эаноблари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғинида иштирок этиш учун Тошкентга жўнаб кетган.

Мустақил нашрлар миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоев эса, норозилик акцияларига журналистларнинг чиқишларини ёқламайди.

"Менинг фикримча, журналистларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этишлари мақсадга мувофиқ эмас. Яъни, уларнинг пикет, юриш каби сиёсий тадбирларда иштирокчи сифатида қатнашишлари тўғри эмас. Улар кузатувчи ўлароқ мавзуни ўрганишлари ва бу масалани ёритишлари мумкин. Агар журналист бирор тадбирда иштирок этса, табиийки, у бетараф туради ва холислик мавзуни ёритишида, албатта, акс этади, дейди Нуриддин Қаршибоев.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси олдида нодавлат ташкилотлари фаол аёллари норозилик чиқиши ўтказишганди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Вашингтондаги ва Бишкекдаги элчихоналари олдида ҳам тожик вагонларининг ушлаб қолиниши билан боғлиқ намойишлар ўтказилганди.

Тожикистон темир йўллари мулозимларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда Тожикистоннинг 2 мингдан ортиқ вагони ушланиб турилибди.

Тожик сиёсатшунослари Тошкентда ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти анжумани икки давлат раҳбари ўртасига илиқлик солишига умид қилишади.

SMS рақамимиз: +447786201124