Сўнгги янгиланиш 4 май 2011 - 18:24 GMT

Қирғизистондаги этник зўравонликлар қурбонларининг сони 117 тага чиқди

бу ерга босинг Ўн минглаб қочқинлар Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган. (Ўзбек-Қирғиз чегарасидан олинган сўнгги суратлар)

Ўзбек чегара мулозимлари Андижон вилоятида болалардан ташқари 32 минг қочқиннинг рўйхатга олинганини маълум қилишган, Россия хабар агентликлари Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбаъга таяниб, қочқинлар сонининг 75 минг кишига етгани ҳақида хабар тарқатган.

Уларнинг аксарияти аёллар ва кексалар. Қочқинлар орасида яраланганлар бор.

Қирғизистонлик қочқинлар Ўзбекистондаги яқинларининг уйларида паноҳ топишаётгани ҳамда мактаб ва бошқа махсус ерларга жойлаштирилаётгани айтилмоқда.

Айни пайтда Ўш шаҳрида қолаётган ўзбеклар ташқи дунёдан ёрдам сўрашмоқда.

Гувоҳлар қирғиз миллатига мансуб оломон шаҳарни назорат қилаётгани ва шаҳарда қолган ўзбеклар баррикадалар қуриб, ўзларини ҳимоя қилишга уринаётганларини айтишмоқда.

Қурбонларнинг расмий сони юздан ортган, 1.500 га яқин одам яраланган.

Этник зўравонликлар Жалолободга ҳам ёйилган.

Гувоҳлар қирғиз миллатига мансуб оломон ўзбекларга қарата ўт очиб, уларнинг уйлари, дўкон ва чойхоналарига ўт қўйганини айтишмоқда.

Халқаро Амнистия Қирғизистон ҳукуматини ўзбекларни этник зўравонликлардан ҳимоя қилишга чақирган.

Бирлашган Миллатлар Бош Котиби Пан Ги Мун Қирғизистон жанубидаги миллатлараро зўравонликлардан хавотирда эканини айтиб, халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирган.

БМТ Бош Котибиннинг воизи жаноб Пан "тўқнашувларнинг миқёси, зўравонликларнинг миллатлараро табиати ва қурбонлар ҳамда бошпанасиз қолганлар сонининг ошиб бораётганидан ташвишда" эканини айтган.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТни зўравонликларга чек қўйишда ёрдам беришга чақирган.

Россия Қирғизистондаги ҳарбий базасини ҳимоя қилиш учун 150, баъзи хабарларда эса 300 кишилик батальон юборгани хабар қилинган.

Шанба куни Қирғизистоннинг муваққат президенти Роза Отунбаева Россиядан Қирғизистонга қўшин юборишни сўраган, аммо рад жавобини олган эди.

Ҳукумат ўз хавфсизлик кучларига тартибсизлик иштирокчиларини отишга буйруқ берган ва ҳарбий сафарбарлик эълон қилган.

Айни пайтда Отунбаева хоним вазиятнинг назорат остидан чиқиб кетганини тан олган.

Би-би-сига гапирган ўшликлар армия ва хавфсизлик кучлари тартиб ўрната олмаётганини айтишмоқда.

Гувоҳлар қирғиз ҳарбийлари ва милицияси қуролли оломон ва талончиларни тўхтатмаётганини айтишади.

Ўшдаги вазият

Якшанба куни тушдан сўнг Ўш шаҳрига ўтишга уринган Би-би-сининг ўзбек-қирғиз чегарасида бўлган мухбири Райҳон Демитрие бир неча ўзбек маҳаллалари оралаб машинада юришгани, у ердаги вазиятнинг ҳануз кескинлигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, зиддиятнинг ёйилаётганини кўриш мумкин.

Би-би-си мухбири икки қўлидан жудо бўлган бир ўзбек йигитни кўргани, отишмалар овози эшитилаётгани ва тутун осмонга ўрлаётганини айтади.

Ўзбекистон билан чегарага кўплаб ярадорлар олиб келинган, сўнгги хабарларда яраланганларнинг Москвага ҳам келтирилаётгани айтилади.

Қизил Хоч Ўшдаги хонадонларда озиқ-овқат заҳиралари тугаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Шанба куни Ўзбекистон чегарасидан ўтишга муваффақ бўлган ўшлик қочқинлардан бири у ерда қолган яқинлари уйларида жон сақлаб ўтиришгани, маҳалладан яна бир неча кишининг ўлдирилгани ҳақида хабарлар олганликларини айтади.

Би-би-сига гапирган ўшликлардан бири якшанба куни Черёмушки маҳалласида 4 ўзбекнинг дафн этилганини айтган.

Қизил Хоч ташкилоти вакилининг Би-би-сига айтишича, Ўш шаҳри ва атрофидаги талончиликлар давом этмоқда ва энди бу Жалолободга ҳам ёйилган.

Шафқатсизликлар

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти юз бераётган зўравонликлардан "ҳаддан зиёд ташвишда" эканини айтган.

Би-би-си билан суҳбатда ташкилот воизи Анна Нелсон "ўлдириш ва шикастлаш мақсадидаги қатор шафқатсизликлар содир этилган"и ҳақида хабарлар олаётганликларини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ташкилот вакиллари Ўшдаги қабристонда 100 нафар атрофида қурбонлар дафн этилганининг гувоҳи бўлганлар.

"Биз ўз кўзимиз билан дафн этилаётган жасадларни кўрдик. Ҳамкасбларимиз Ўшдаги қабристонга боришган ва 100 нафар атрофида ерга қўйилган жасадларни кўришган. Албатта, бундай ҳолатда ўлган инсонларнинг шахсини аниқлашнинг имкони йўқ", -дейди Нелсон хоним.

Қизил Хоч воизи шифокорлар, бир врач, йўл-йўриқ кўрсатиш бўйича мутахасисслардан иборат гуруҳ тузганликлари, озиқ-овқат ва гигиена, коммуникация бўйича экспертларнинг Ўшга йўл олганликларини айтди.

Қизил Хочнинг яраланганлар учун зарур тиббиёт воситалари, жасадларни соладиган қоплар ортилган махсус учоғи Ўшга етиб бориши кутилмоқда.

  • Ўшдаги этник зўравонликлардан қочишга уринган минглаб ўзбеклар қирғиз-ўзбек чегарасида тўпланишган
  • Тўпланганларнинг аксари аёллар ва болалардир. Миллий қарама-қаршиликларда нобуд бўлганлар сони ҳозир 60 нафардан ортиб кетган
  • Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтинбоева мамлакат жанубида назорат бой берилганини эътироф этган. Ўтинбоева хоним Ўшдаги миллий зўравонликларга чек қўйиш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўраган

бу ерга босинг Мухбиримизга кўра, чорасиз қолган одамлар халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрашмоқда: видеолавҳа

БМТ ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўшда юз бераётган ғалаёнлардан ўз хавотирларини изҳор этишган.

Қирғизистон оммавий-ахборот воситаларининг хабар беришларича, ўтган тунда Ўш сарҳадларидаги вазият янада ёмонлашган.

Шаҳарга яқин Фурқат қишлоғида ҳам отишмалар кечаётгани ва биноларга ўт қўйилаётганига оид хабарлар келмоқда.

Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбири Райҳон Демитри хабари

Ўзбек миллатига мансуб минглаб одамлар Ўш яқинидаги Ўзбекистон чегараси ёнига тўпланишмоқда.

Аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлар қўшни Ўзбекистон ҳудудига ўтишга уринмоқдалар.

Чегарадан ўтишга уринган камида бир болакай издиҳомда қолиб, ҳалок бўлган.

Ўзбекистон афтидан ўз чегарасини қочқинларга очганга ўхшайди ва чегарачиларнинг одамларни битта-битталаб ўтказаётгани кузатилган.

Ҳамма қайғуга ботган. Кўз ёш тўккан аёллар халқаро ҳамжамиятни ёрдамга чақиришмоқда.

Улар уйларининг ёқиб юборилгани ва борарга жойлари йўқлигини айтишади.

Сув ва озиқ-овқат тақчиллиги кузатилади.

Чегарага етиб борганлар яна минглаб одамларнинг ўз уйлари ва маҳалларидан чиқа олмай "қамалиб" қолишганини айтишади.

Уларнинг даъво қилишича, қирғиз миллатига мансуб қуролли гуруҳларга йўл очиб бериш учун БТРлардан одамларга қарата ўт очилмоқда.

Гувоҳларнинг Би-би-сига айтишларича, кўплаб одамлар отиб ташланган, аммо жасадларни маҳаллалардан олиб чиқишнинг имкони бўлмаётир.

Ҳокимият сўзчисининг Би-би-сига айтишича, вазият ўта оғир ва ҳарбийлар бошқа жойлардан Ўшга келаётган одамларни тўхтатиб қолишга уринмоқдалар.

Ўшдаги журналист ҳикояси

Тун бўйи ўқ товушлари эшитилиб турди. Айримлар булар милиционерлар деса, баъзилар булар қуролланган гуруҳлар дейишади...

Тонгга келиб эса яна шаҳарда ўт қўйишлар ва талон тарож бошланди.

Ҳозир шаҳар яна тутун ичида қолган. Осмонни тутун қоплаган ва шаҳар марказига яқин минтақаларда отишма овозлари янграмоқда.

Тартибни сақлаш қийин бўлаётганини айтишмоқда биз гаплашган расмийлар...

Собиқ ҳарбий мулозимлардан Феликс Кулов ҳам хориж кучлари киритилиши керак барқарорликни тиклаш учун деб айтмоқда.

Шаҳарни тарк қилишга қурби етганлар қочиб чиқишган, айримлар яширинган...

Қурбонлар ва ярадорлар сони ҳақида расмий ва норасмий маълумотлар бир биридан жуда фарқ қилади. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр йўқ. Газ таъминоти узилган. Озиқ овқат етишмовчилиги бор.

Дўконлар, айниқса шаҳар марказида дўконларга ўт қўйилган. Заҳиралар тугаб бормоқда. Аммо очиғини айтсак, ҳозир одамларнинг оғзига нону ош сиғмайди...

Мана тўрт соатдан бери бизда отишма кетаяпти, аммо ҳеч ким келиб тўхтатай демайди.

Пойтахт ТВсидан чиқиш қилган ҳарбийлар бизнинг одамларимиз бор, вазиятни барқарор қилмоқдамиз, дейишаяпти.

Аммо ҳеч ким йўқ бизнинг атрофимизда... Ҳарбийлар салоҳияти кўринмаяпти.

Отишмалар асосан ёшлар гуруҳлари орасида кетмоқда.

Тоғлардан, Бишкек томонлардан келишган ёшлар...

Вазият ўта оғир. Ҳужумлар давом этмоқда.

Расмийлар ҳам айтишмоқда буни...

Маҳаллий аҳоли ҳам хориждан кучлар кирмаса катта қирғин бўлади, деган хавотирда.

Ўш шаҳри ва атрофида юз бераётган воқеалар борасида сизга яна нималар маълум?

СМС рақамимиз: +447786201124

Кеча нималар бўлганди?

Ўш

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакат жанубида юз берган этник зўравонликларда камида 41 киши қурбон бўлган.

630 дан ортиқ инсон яраланган.

400 дан зиёд киши шифохонага ётқизилган.

Жароҳатланганларнинг ярмидан кўпининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳамда Қирғизистон Қизил Ярим Ой жамиятига кўра, улар шаҳарнинг олти шифохонасига дори-дармон, бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан кўмак кўрсатганлар, бироқ касалхоналар янада кўпроқ тиббиёт воситаларига муҳтож.

Аксари ўқотар қуролдан яраланган беморлар зудлик билан тиббий операцияга муҳтожлар, деб эълон қилган Халқаро Қизил Хоч ташкилоти.

Маҳаллий хабарларга кўра, ўтган тунда жанубий Ўш шаҳридаги "Олой" меҳмонхонаси яқинида турли миллатга мансуб ўзаро рақиб гуруҳлар орасидаги жанжал қуролли отишмаларга айланиб кетган.

Гуруҳлар ўз тарафдорларини даъват қилишлари натижасида ўша ерда каттагина оломон йиғилган.

Милиция осмонга қарата ўқ отиб, оломонни тарқатишга уринган, аммо бу ҳаракатлар самара бермаган.

Кейинчалик зўравонликлар шаҳарнинг турли мавзеларига қадар тарқаган.

Ўш шаҳар филармонияси, Ўзбек Драма Театри дохил бир қатор биноларга ўт қўйилган.

Жума куни пешин вақти "Фрунзе" бозори ва шу яқин атрофдаги бир қатор йирик савдо марказлари ҳануз тутаб ётганди.

Расмийларга кўра, 10 га яқин бинога ўт қўйилган, аммо гувоҳлар ўт қўйилган бинолар сони анчайин кўпроқ, демоқдалар.

Шошилинч йиғилган муваққат ҳукумат Ўш ва Ўзган шаҳарлари билан Аравон ва Қорасув туманларида 20 июнга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Ўшга махсус қўшинлар билан оғир ҳарбий техника киритилган.

Шаҳарга Муваққат ҳукумат раҳбарининг икки ўринбосари ва Мудофаа вазири вазифасини ўтовчи Исмоил Исаковлар келишган.

Уларга кўра, Ўшга яна қўшимча кучлар киритилиши лозимдир.

Қўшинлар мамлакат жанубининг бир нечта беқарор ҳудудларида жойлаштирилган.

Ўш шаҳрида кеч соат 6 дан тонгги соат 6 гача комендантлик соати эълон қилинди.

Кун давомида шаҳарда танг вазият сақланиб қолди.

Расмийларга кўра, зўравонликлардан азият чекканлар учун ёрдам етказишга отланган икки "Тез ёрдам" машинасига ҳам ҳужум қилиниб, шифокорлар калтакланган.

Кўчаларда ўрнатилган тўсиқлар туфайли ўт ўчириш ва "Тез ёрдам" хизматлари машиналари ҳаракати чекланган.

Муваққат қирғиз ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева миллий телевидение орқали мурожаатида аҳолини бирдамликка чақирган.

Ўтинбоева хоним Ўшдаги сўнгги воқеалар Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитига алоқаси борлигини айтган.

"Ҳозир ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Энди мана шу барча ўйинларни бошлаганларнинг узоқни кўзлаган ниятларини тасаввур этаверинг," деб айтган Ўтинбоева хоним.

Қирғизистон муваққат раҳбарининг айтишича, 27 июнга режаланган янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумга қарши чиқаётганлар эски қудрат билан янги кучлар ўртасидаги муносабатлар энг нозик – миллатлараро – доирасига ўтиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилишмоқда.

Халқаро ҳамжамият хавотири

Бишкекдаги АҚШ элчихонаси Ўшдаги вазият борасида махсус баёнот чиқариб, тинчликка даъват қилди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ томони Ўш шаҳридаги зўравонликлар ва қурбонлар ҳақидаги хабарларни катта хавотирлик билан кузатиб бормоқда.

"Биз барча томонларни келишмовчиликларни тинч йўл билан, қонун доирасида ҳал этишга даъват қиламиз. Зўравонлик муаммоларни ҳал қилишнинг йўли бўлмаслиги лозим", дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Оврўпо Иттифоқи Ташқи масалалар бўйича олий вакиласи Кетрин Аштон ҳам Ўшдаги воқеалардан хавотир билдириб, Муваққат ҳукуматни қонуний йўллар билан тартиб ўрнатишга ва зудлик билан миллатлараро диалогни йўлга қўйишга давъат қилди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қирғизистон жанубидаги инсонлар ўлимига олиб келган ҳодисалардан чуқур афсус билдирди.

ШҲТ Ўшдаги ҳодисалардан хавотирда

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкентда бўлиб ўтган саммитида Қиризғистон жанубидаги вазиятдан хавотир изҳор этилди.

Саммитга мезбонлик қилган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини айтиб, қирғиз халқига бирдамлик изҳор қилди.

Аксар хабарларда Ўшда юз бераётган воқеалар асосида ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги зиддият ётгани таъкидланар экан, Президент Ислом Каримов ўз изоҳида анчайин камгап бўлган.

Каримовга кўра, Ўзбекистон ўз муносабатини апрел ойидаги баёнотидаёқ аниқ-тиниқ баён этган.

"Бугун Қирғизистонда юз бераётган воқеалардан биз жиддий хавотирдамиз. Лекин бу Қирғизистоннинг ички ишидир, шу гапни айтишнинг ўзи етарли," деган жаноб Каримов.

"Биз умид қиламизки, Қирғизистон халқи (ҳукумати) ташқаридан аралашувсиз вазиятни ўз кучи билан ҳал қила олиш даражасида оқилдир," деди Ўзбекистон президенти.

Саммит якуни бўйича матбуотга баёнот берган Президент Каримов давлат раҳбарлари Қирғизистондаги вазиятга алоҳида тўхталганини яна бир бор қайд этган.

"Қирғизистондаги вазиятни зудлик билан бартараф этилишига умид билдирилди. Давлат раҳбарлари бугунги, афсуски, тобора жиддий тус олаётган вазиятни изга солиш учун Қирғизистондаги ҳар томонлама керакли ёрдам беришга тайёрлигини билдирди," деб айтган Каримов.

Саммит декларациясида айтилишича, ташкилот вазиятни барқарорлаштириш ва Қирғизистон ҳукуматининг қонунийлигини таъминлаш йўлида ҳар томонлама кўмак беришга тайёрдир.

Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг айтишича, ШҲТ вазиятни кузатиш учун Қирғизистонга махсус кузатувчилар гуруҳини юборади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раисликни қўлга олаётган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам Қирғизистондаги жорий ҳодисалар манзарасида минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаб қолиш асосий вазифалардан бири бўлишини билдирди.

SMS рақамимиз: +44778620112

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.