ШҲТнинг ТОшкентдаги саммити якун топди

Image caption ШҲТ саммитида минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик, такшилотнинг кенгайиш масалалари ҳамда Қирғизистондаги вазият асосий масала сифатида кўрилди.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг ўнинчи кенгаши якунига етар экан, минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик, такшилотнинг кенгайиш масалалари ҳамда Қирғизистондаги вазият асосий масала сифатида кўрилган.

Ташкилотнинг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида бирма-бир сўз олган президентлар ШҲТнинг келгусида бажариши керак бўлган вазифалар ва унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш масалаларига ўз қарашларини баён қилганлар.

Мазкур минтақавий хавфсизлик ташкилотида етакчи ўрин тутувчи Хитой ва Россия президентлари ташкилот доирасида кўп томонлама, жумладан иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга чақирдилар.

Хитой Президенти назарида "ёвуз учлик" - терроризм, бўлгинчилик ва гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши кураш ва бу борада тегишли ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш, чегараолди ҳудудларида энергия заҳиралари ва ишоотларини ҳимоя қилишни кучайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда глобал инқироз оқибатларига қарши биригаликда кураш вазифалар сифатида қолмоқда.

Россия президенти Дмитрий Медведов ҳам айни масалаларга тўхталиб, иқтисодий ҳамкорлик борасида ташкилот доирасидаги лойиҳаларни ривожлаантириш учун махсус жамғарма тузишни таклифини олға сурган.

Ушбу таклиф аввал Хитой томонидан ҳам кўтарилган бўлиб, хитойлик мулозимлар мамлакат бундай лойиҳалар учун ўтган йили яқин 10 миллиард АҚШ доллари атрофида кредит беришга тайёрлигини маълум қилгани, бугунги кунда ушбу маблағни ажратиш устида иш кетаётганини журналистларга маълум қилди.

Ўхшаш чақириқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан ҳам билдирилган. Каримовга кўра, бу каби қўшма лойиҳалар кўпроқ автомобил ва темир йўллари қурилиши ҳамда коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши зарурдир.

Президент Каримов терроризм сабабларидан бири қашшоқлик эканини айтиб, йўл ва транзит коммуникациялари қўшимча иш жойларини яратиб, фаровонликни оширишга хизмат қилишини айтган.

Президентлар ШҲТ доирасида гууманитар ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратдилар.

"Шу маънода ШҲТ университети ва ШҲТнинг ёшлар кенгашига эътибор бериш муҳим аҳамият касб этади," деган президент Медведов.

Саммитда ташкилотга янги аъзолар қабул қилишга йўл очувчи ҳужжат тасдиқланган. Бироқ кузатувчиларга кўра, ШҲТда янги аъзоларни кутиш яқин орада бўладиган воқеа эмас.

Хитойлик мулозим ҳам журналистлар билан учрашувда мазкур ҳужжат ҳозирча ишнинг фақат бошланиши ва ҳали аксарият вазифалар олдинда эканини айтган. "Янги аъзоларни қабул қилиш масаласини кўришга реал киришимиз учун ҳали жуда кўп иш қилиниши лозим," деган у.

Қирғизистондаги вазият ШҲТ саммитида асосий масалалардан бири бўлиб қолган. Хитой ва Россия президентлари мамлакатдаги вазиятнинг тезроқ изга тушиб кетишидан умидворлик билдириб, аъзо давлатлар Қирғизистонга ҳар томонлама кўмак беришни давом эттиришини айтган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса Қирғизистондаги вазиятни тиклашда қўшни мамлакатлар ҳам муҳим ўрин тутишини айтиб, апрел ойидаги воқеалардан сўнг собиқ президент Курманбек Бакиевнинг Қозоғистон орқали четга чиқариб юборилгани туфайли жиддий қарама-қаршиликларнинг олдини олишга хизмат қилганини таъкидлаган.

Шунингдек Ислом Каримов Афғонистондаги вазиятга ҳам батафсил тўхталиб, Ўзбекистон раҳбарининг бир неча йиллардан буён халқаро миқёсда олға сураётган ташаббуси тегишли давлатлар томонидан эътиборсиз қолдирилаётганидан таассуфини изҳор қилган.

Шу тариқа ШҲТ саммити якун топиб, раислик қўшни Қозоғистонга ўтар экан, Назарбоев ташкилотнинг 10 йиллигини тантанали нишонлашга чақирган.

SMS рақамимиз: +447786201124