Россиянинг раддияси ортидан қирғиз ҳукумати қаерга бош уриши мумкин?

Ўшдаги зўравонликлар

Қирғизистон жанубида кечаётган ваҳшатнок зўравонликлар халқаро ҳамжамиятни ларзага солган.

Дунё раҳбарлари бирин-кетин қотилликларни тўхтатишни талаб қилишаётир.

Оврўпо Иттифоқи ўзининг махсус вакилини Қирғизистонга йўлламоқда, БМТнинг махсус вакили эса аллақачон Ўшга етиб келган.

Қўшни Ўзбекистон қочқинлар учун Қирғизистон билан чегараларни очишга рози бўлган.

Қирғизистон муваққат президенти Роза Ўтунбоеванинг Россиядан қўшин юборишни сўраши бугун бир қатор халқаро платформаларда четдан аралашув эҳтимолларини баҳс мавзусига айлантирди.

Кремль Қирғизистонга дарҳол қўшин юбормаслигини айтди. Бироқ Россия президенти Дмитрий Медведевнинг матбуот котиби Наталья Тимакова Россия инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши ва Ўш шаҳридаги зўравонликларда жароҳат олганларни эвакуация қилишга ёрдам беришини маълум қилди.

Аммо Қирғизистон ҳукумати ва қирғиз жамоатчилиги истаётган нарса биргина инсонпарварлик ёрдами эмас, балки зўравонликларни тўхтатиш учун зудлик билан ҳарбий кучни ишлатишдир.

Халқаро қонунларга мувофиқ этник можароларга аралашув энг қийин масалалардан ҳисобланади. Агар аралашув тақозо этилган давлатда тўқнашаётган миллий гуруҳлар ҳам дин ва ҳам ирқ жиҳатидан бир хил бўлса, бу масала янада мураккаблашади.

Халқаро аралашувга изн берадиган ташкилот - БМТ Хавфсизлик Кенгашидир. БМТ дунё бўйлаб кўп сонли тинчликни сақлаш амалиётларига эга.

Можаролар моҳияти ҳам охирги йилларда ўзгарди. Дастлаб давлатлараро можароларга бош қош бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгаши бора-бора давлатлар ичидаги жанжаллар ва фуқаролар урушларини ҳам ҳал қила бошлади.

Собиқ Совет Иттифоқида бундай вазифалар одатда Россия зиммасига тушади.

Россиянинг минтаадаги сўнгги ҳарбий аралашуви 1990 йилларда Тожикистондаги фуқаролар урушига тўғри келганди.

Бироқ, Қирғизистон масаласида Россиянинг қўшин юбориши ёки юбормаслиги маълум эмас.

Ҳар қандай мамлакатга қўшин юбориш мураккаб иш ва Россия бунинг учун етарлича тайёргарликдан ўтган одамларга эга бўлмаслиги мумкин.

Ҳарбий амалиётлар учун тажҳизотлар зудлик билан тайёрланса ҳамки, бундай амалиётлар учун минтақавий ва халқаро тартиблар кўплаб жиҳатларга эътибор қаратишни талаб қилади.

Россия расмийлар қандай чора кўриши борасида ўзининг минтақавий шериклари билан маслаҳатлашишини билдирган.

Кремль фақат БМТ рухсати билан амал қилишини таъкидламоқда.

SMS рақамимиз: +44778620112