Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ўшдаги ёмонлашиб бораётган вазиятдан қаттиқ хавотирда

Ўшдаги зўравонликларда яраланган киши
Image caption Халқаро Қизил Хочга кўра, ўқотар қуроллардан яраланганлар зудлик билан жарроҳлик амалиётига мухтожлар

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ўшдаги олтита шифохонага дори-дармон, бошқа зарур тиббий жиҳозлар билан етказилганини айтган. Бироқ, ташкилотга кўра, касалхоналар янада кўпроқ тиббий воситаларига эҳтиёжманд.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг айтишича, аксари ўқотар қуроллардан яраланган беморлар зудлик билан жарроҳлик амалиётига мухтожлар.

Ташкилот вакиласи Анна Нельсон Би-би-си билан суҳбатда Ўшдаги вазиятни мана бундай тасвирлайди:

Анна Нельсон: Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар ортидан тобора ёмонлашиб бораётган инсонпарварлик вазиятидан чуқур хавотирда. Минтақадаги вакилларимизнинг айтишларича, вазият соат сайин ёмонлашиб бормоқда. Уларга кўра, минглаб одамлар талон-тарож, қотиллик ва ҳужумлардан қочиб, Ўзбекистон чегарқси томон йўл олишмоқда. Ўшда газ ва электр таъминоти узиб қўйилган. Бу эса, ўз навбатида сув таъминотига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бозор ва дўконлар ёпиқ, озиқ-овқат етишмаслиги кузатилмокда. Айниқса шифохонлар ва ҳибсхоналарда вазият жиддий. Вакилларимиз бугун эрталаб уч шифохона ва шаҳар ўликхонасини бориб кўришган. Бизни хавотирга солаётган яна бир катта муаммо тез ёрдам етказмоқчи бўлган шифокорларга қилинган ҳужумлардир. Маълумотларимизга кўра, олти тез ёрдам машинаси ҳужумга учраган. Тиббиёт ходимлари жароҳатланганларга ёрдам етказишга қийналмоқдалар. Ҳар қандай шароитда бўлмасин шифокорлар ўз вазифаларини адо этиб, азият чекканларга ёрдам кўрсатиш имконига эга бўлишлари шарт.

Би-би-си: Тез ёрдам машиналарига нима учун ҳужум қилинмоқда?

Анна Нельсон: Бу ҳужумларнинг ортида қандай сабаблар тургани бизга номаълум, лекин бу ҳодисалар содир бўлаётганидан жуда хавотирдамиз. Бундан ташқари умумий хавфли вазият тиббиёт ходимларининг жароҳатланганларга ёрдам етказишларига тўсқинлик қилмоқда. Ҳар қандай шароитда оддий аҳолига ҳужумлар тўхтатилиши керак, одамлар мол-мулки дахлсизлигини таъминланиши керак.

Би-би-си: Ўш вилояти шифохонларида вазият қандай?

Анна Нельсон: Вакилларимизнинг айтишларича, шифохоналарда шу қадар кўп сонли жароҳатланганларга ёрдам етказишда анчайин мушкулликларга дуч келинмоқда. Ташкилотимиздан бир шифокор аллақачон Ўшда ёрдам беряпти, яна бир шифокор ва жарроҳ йўлга тушишган. Лекин, умумий хавфли вазият муаммо миқёсини аниқлик билан белгилашга ҳалақит бермоқда. Зўравонликнинг бошқа ҳудудларга ёйилиш хавфидан хавотирдамиз. Ташкилотимиз яна бир гуруҳ мутахассисларни Ўшга йўллаш тадоригида ва улар якшанба куни Қирғизистон жанубига етиб боришларига умид қилмоқдамиз.

Бу мавзуда батафсилроқ