БМТ Хавфсизлик Кенгаши Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши ёпиқ эшиклар ортида Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этишга қарор қилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нэви Пиллайнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги тўқнашувлар "бошқарилган", "нишонга олинган" ва "яхши ташкиллаштирилган".

"Кўринишича, тартибсиз қотилликлар, шу жумладан болаларни ўлдириш, жинсий зўрлашлар этник асосда содир этилган", деб айтган БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссари.

Зўравонликлар Қирғизистоннинг бошқа ҳудудлари ва қўшни мамлакатларга ёйилмаслиги учун Нэви Пиллай Қирғизистон муваққат ҳукуматининг қатъий амаллари ҳаётий аҳамиятга эга, деб айтган.

Пиллай хонимнинг сўзларига кўра, муваққат ҳукуматнинг бўйсунмаган қуроллиларни отиб ўлдириш буйруғи самара бермаяпти.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нэви Пиллай қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбариятига мурожаат қилиб, ҳалокатли отишмалардан жон сақлаш мақсадида ҳудудни тарк этаётганлар учун чегараларни очиқ сақлашни сўради.

Душанба куни Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини ёпаётгани ва ортиқ қочқинларни қабул қилолмаслигини айтган.

Ўзбек-Қирғиз чегарасининг Ўзбекистон томонидаги вазиятни кузатаётган "Франс Пресс" ахборот агентлиги мухбирининг айтишича, у чегара расман ёпилгани маълум қилинганига қарамасдан, яраланганлар ва бемор кишилар чегарадан ўтказилаётганини кўрганини айтган.

"Франс Пресс" агентлиги мухбирига кўра, Андижон вилоятининг Хўжаобод шифохонасига зўрланган уч опа-сингилни олиб келишган.

Жинсий зўрлаш ҳодисасини чегарада турган Андижон шаҳар шифохонаси ҳамда Жалолоқудуқ туман касалхонаси врачлари тасдиқлаганлар.

Шу куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар вакиллари Москва шаҳрида учрашганлар.

Учрашувда ташкилотга аъзо мамлакатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг Қирғизистондаги зўравонликларга чек қўйиш мақсадида фавқулодда йиғинини ўтказиш борасида келишувга эришилган.

Қирғизистондаги вазиятни тоқат қилиб бўлмас деб таърифлаган Россия Президенти Дмитрий Медведев Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг кучларини жойлаштириш эҳтимолини рад этмаган.