Қирғизистон жаҳон матбуоти кўзгусида

Image caption The Independent газети

Қирғизистондаги қирғин дунё медиаси марказида аксланаётган мавзулардан бирига айланган.

Британияда чиқадиган The Independent газетида "Қурбонлар сони ортар экан, қирғиз гуруҳлари "қатлиом"да айбланмоқдалар" деб номланган мақоласида Қирғизистон жанубидаги инсоний инқироз кўлами манзарасини чизишга ҳаракат қилади.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли " Фуқаролар коррупцияга қарши " ташкилотининг раисига кўра, рўй бераётган қирғин ортида сиёсий сабаблар ҳам бўлиши мумкин. " Бу қатлиомдир, минтақада кўплаб ўзбеклар яшайди ва биз бу ерда ўз партиямизни тузадиган бўлсак ва сайловда қатнашсак биласизми... Россия бўладими, БМТми ким бўлса ҳам тинчликпарвар кучларни киритинг бу ерга, энг муҳими қирғинни тўхтатиш." деган сўзларини иқтибос қилади газета.

The Independent газети Сешанба куни деярли бир саҳифасини Қирғизистон жанубидаги хунрезликларга бағишлаган.

Саҳифада қирғиндан қочиб Ўзбекистонга ўтган ўн минглаб ва чегарада турган яна минглаб инсонлар тақдири тилга олинади.

Асосан аёллар ва болалардан иборат қочқинлар Ўш ва шаҳар атрофида қолган яқинлари тақдиридан хавотирда эканини айтишган.

Image caption Қочқинлар...

Қочқинларнинг хунрезлик ҳақидаги ваҳшатнок ҳикояларига ўрин берар экан, газетага кўра, хунрезликнинг кўлами ва қурбонлар ҳақида расмий маълумотлар бир биридан кескин фарқ қилиш мумкин.

Британияда чиқадиган бошқа бир газета Daily Telegraph чоп этган мақола анчайин драматик манзара билан бошланади. "Ўш кўчаларида жасадлар ётар экан, янгидан отишмалар бошланди... Жалолободда ҳам жанглар кечгани ҳақида хабарлар бор."

Айни мақолада қарийб юз минг нафар қочқинни қабул қилиб олишга мажбур бўлган Ўзбекистон қанчалар халқаро ёрдамга муҳтож экани урғуланади.

Ўшдаги ўзбеклар Қирғизистон ҳукумати кучларини қирғиз гуруҳлари уюштираётган қирғинда ёрдамлашгани ҳақида даъволари ҳам тилга олинади бу мақолада.

Айни газетада чоп этилган бошқа бир мақола эса " Қирғизистонда зўравонлик: ' Менинг кўз ўнгимда икки қўшнимни отиб ўлдиришди" деб аталади.

Image caption Зўравонлик қурбони

Бунда маҳаллий ҳукумат мулозими Музаффар Соиповнинг ҳикоясига ўрин берилади.

" Мен ўзимизнинг ўзбек маҳалламизда икки қўшнимни отиб ўлдиришганини кўрдим. Мен улардан бирига ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Уни машинамга ётқиздим. Аммо у кўп ўтмай жон берди..." деб айтган Музаффар Соипов.

TIME ҳафтаномасида чоп этилган мақолада бугунги вазият ва вазият таҳлилига ўрин берилган.

Халқаро ҳамжамият келаси бир неча кун ичида Қирғизистон ҳукуматининг ҳарбий ёрдам сўраб қилган мурожаати борасида бир қарор бериши керак бўлади, деб ёзилади мақолада.

Муаллифга кўра, Вашингтон ҳам Москва ҳам чегаралар оша зиддият эҳтимолига аралашиш нияти йўққа ўхшайди. " Ҳозирча ёрдам гуруҳлари минтақадаги инсоний инқироз қаршисида фақат ўзлари қолишган" деб хулоса қилинади.

The New York Times газетасининг " Қирғизистон: Ўзаро хавфсизлик синови " мақоласида минтақада Россия ва Американинг ўрни таҳлил қилинади.

Муаллифлар Қирғизистондаги фожеали воқеалар бу мамлакатнинг сиёсий келажагига таъсири эҳтимолини тилга олишар экан, айни пайтда Овросиё минтақасида хавфсизлик масаласида юз тутаётган муаммоларни ҳам урғулашади.