Тожикистон Ўшдаги воқеаларда ўз фуқароларининг иштироки йўқлигини айтди

Image caption Расмий Тожикистон Қирғизистон томонининг даъволарини рад этди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус баёнот билан чиқиб, Қирғизистон Хавфсизлик хизмати раҳбари муовини Қубатбек Байболовнинг Ўшдаги воқеаларда Тожикистон фуқароларининг иштироки борлигига оид даъволарини кескин рад этган.

Тожик сиёсатшуносларига кўра, Қирғизистон янги муваққат ҳукумати ўзи йўл қўйган хатоларни яшириш мақсадида айбларини бошқа миллатларга тўнкамоқда.

Ўз ўрнида, жангари тожиклар ҳақидаги гап-сўзлар ўзбек-тожик муносабатларига таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир изҳор этилган.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида, шунингдек, қардош мамлакатда содир бўлган ҳодисалардан хавотир билдирилади.

“Томонлар мамлакатдаги ихтилофларга чек қўйилиши ва тинч музокаралар ўтказишга имкон яратиш учун барча имкониятларини қўллашларини сўраймиз,” дейилади баёнотда.

-Жангари кучлар, ҳаммадан аввал террорчилар Ватан ва миллатга эга эмас. Террорчилар минтақадан ташқаридаги лагерларда, шу жумладан, “Ал-қоида” тармоғига қарашли лагерларда қўпорувчилик амалиётларини ўтказиш мақсадида тайёрланадилар. Маълумки, бу лагерларда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари турли йўллар билан жалб этилган, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот воизи Давлат Назри.

Муваққат ҳукуматнинг ўзи айбор

Тожикистонлик мустақил сиёсатшунос Парвиз Мулложонов Қирғизистон расмийларининг тожик жангарилари Ўш ғалаёнларида иштирок этмоқда, деган даъволарни ўзларини оқлашга қаратилган амал, дея таъкидлади.

“Агар четдан кимнидир айблашса, бу уларнинг ўз хатоларини яширгандек бўлади. Аслида муваққат ҳукуматнинг ўзи катта хатога йўл қўйди,” дейди сиёсатшунос.

Бу тўқнашувларнинг энг аввалида Роза Ўтинбоева ва унинг атрофидагилар йўл қўйган хатолар сабаб бўлди. Бакиевчилар бир кунга бир неча шаҳарни қўлга киритишганида Роза Ўтинбоеванинг асосий хатоси - миллий озчилик бўлган ўзбекларга таянди. Натижада қирғизлар сўнгги ҳолатларни ўзбекларнинг етакчи ўринга чиқишларидек қабул қилишди. Энди эса, муваққат ҳукумат тўқнашувлар сабабини русларга тўнкашга ҳаракат қилиб кўрди, Ўзбекистонга тўнкамоқчи бўлди, уларга ҳозир тегиниб бўлмайди, хавфли кўринди ва ниҳоят, тожикларга тўнкашяпти, деди Парвиз Мулложонов.

Айрим кузатувчилар жаноб Байболовнинг даъволари тўқнашувлар қамровини янада кенгайтириш, ўзбеклар ва тожиклар ўртасига ҳам ихтилоф солишга қаратилган, деб урғулашади.