БМТ Қирғизистонни инсонпарварлик ёрдамлари учун йўлак очишга чақирмоқда

Қирғизистон

БМТ юқори мартабали мулозимининг айтишича, расмий Бишкек Қирғизистон жанубидаги ҳалокатли этник зўравонликлардан жабр кўрганларга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамлари учун йўлак очиши шарт.

Лин Паско(Lynn Pascoe) Қирғизистондан қочиб ўтаётган қочқинлар оқимига бас келиши учун Ўзбекистонга ҳам ёрдам бериш истагида эканликларини билдирган.

Ўн минглаб ўзбеклар Қирғизистондаги этник зўравонликлардан қочиб, Ўзбекистон томонига ўтишган.

Бугун БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг 40 тонна ёрдам юкланган олти учоғидан биринчиси парвозга тайёрланган ва эртага йўлга чиқиши кутилмоқда.

Расмий Тошкент халқаро ташкилотнинг ёрдамини хуш қаршилаган.

Ўзбек томонининг сўрови билан энг аввало 800 та чодирнинг етказиб берилиши кутилмоқда. Кейинги учоқлар кўрпа-тўшак, ошхона жиҳозлари ва қўшимча пластик чодирлар келтириши айтилади.

Халқаро ташкилот жами 240 тонна кўмак етказишни режаламоқда.

Ўз ўрнида, Қирғизистонга ҳам ёрдам юкланган учоқ ва фавқулодда гуруҳларини юбориш истагида.

БМТ идораси Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг қалтислигича қолаётгани эҳтиёжмандларнинг сонини аниқлаш билан бирга, уларга ёрдам етказиш ишларини ҳам қийинлаштираётганини айтган.

Расмий Бишкек ҳам вужудга келган инсоний инқирозга барҳам бериш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраганди.

БМТ Озиқ-овқат дастури идораси ҳам бугун фавқулодда ёрдам амалиётига қўл урган. Ва барча томонларни ўз фаолиятларига тўсқинлик қилмасликка чақирган.

Халқаро ташкилот аллақачон Ўшда озиқ-овқат тарқатишни ҳам бошлаган. Лекин лозим бўлган тақдирда ҳар икки давлатда иш олиб боришини айтмоқда.

Уларга кўра, ҳозирнинг ўзида Қирғизистонда юз мингга яқин кишига келаси икки ой давомида етиши мумкин бўлган озиқ-овқатга эгалар.

Этник зўравонликлар Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида ўтган пайшанба куни келиб чиққанди.

Шу кунга қадар миллий низоларда қурбон бўлганларнинг сони камида 138 кишига етган.

Ўшда бўлган мухбиримиз Райхон Демитриенинг хабар беришича, шаҳарда ўтган тунда ҳам отишмалар кузатилган ва ғалаёнларнинг якун топиши нишонаси йўқдир.

Ўтган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортидан қудратга келган қирғиз муваққат ҳукумати этник зўравонликларда собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдорларини айблаб чиқди.

Ҳозир Беларусдан бошпана топган ва Қирғизистон жанубида ҳануз катта дастакка эга бўлган жаноб Бакиев зўравонликларда ўзининг бирор бир иштироки йўқлигини айтмоқда.

БМТ Бош котиби муовини жаноб Паско Хавфсизлик Кенгашини Қирғизистондаги вазиятдан огоҳ этган.

Ўш ва Жалол-Ободдаги шоҳидларнинг айтишларича, уй-жойлар ёниб кетган, жасадлар ҳануз кўчаларда чўзилиб ётибди.

БМТнинг ИНсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари аввалроқ Қирғизистондаги этник зўравонликдар болалар дохил дуч келган киши ўлдирилгани ва жинсий зўрлаш ҳоллари бўлганини айтганди.

Нэви Пиллайга кўра, Қирғизистон жанубидаги тўқнашувлар "бошқарилган", "нишонга олинган" ва "яхши ташкиллаштирилган".

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши ёпиқ эшиклар ортида Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этишга қарор қилган.