Қирғизистон расмийлари Лондондан Максим Бакиевни экстрадиция қилишни сўради

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати якшанба куни Британияда қўлга олинган собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максимни топширишни расман сўраб мурожаат қилган.

Максим Бакиев бой одам, - деб ёзади Би-би-си муҳаррири Фирдевс Робинсон. - У Қирғизистонда иқтисодиёт ва сармоялар учун маъсул мансабдор эди. Хорижда унга тегишли ширкатлар бор. У Қирғизистонни 7 апрелдаги ҳодисалардан илгари тарк этган ва шундан кейин қайтиб бормади. Қирғизистон муваққат ҳукумати Максим Бакиевни давлат хазинасидан миллионлаб долларларни ўмаришда айблади.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг юқори аъзолари Максим Бакиевни мамлакатда йигирма йилдан буён илк бор кузатилаётган энг ёмон этник зўравонликларни молиялашда айблади.

Қирғиз ҳукумати энди уни Британиядан экстрадикция этилишини истайди.

Бишкек расмийлари уни маҳкамага тортиш учун етарли маълумотларга эга эканини айтишади.

Жаноб Бакиевнинг отаси апрель ойида юз берган ғалаёнларда ағдарилгунга қадар Қирғизстон президенти эди.

Бакиевлар оиласи собиқ ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллашган эдилар.

Максим Бакиев Сармоялар ва Иқтисодий Тараққиёт Агентлиги бошлиғи вазифасини бажарарди.

У аллақачон янги ҳукумат тарафидан 35 миллион долларни ноқонуний ўзлаштиришда айбланмоқда.

Максим Бакиев учоғи якшанба куни Британиянинг Фарнборо аэрпортига учгунга қадар унинг қаердалиги номаълум қолаётган эди.

Унинг аэропортда Британия Чегара агентлиги расмийлари томонидан сўроқ қилингани тушунилади.

Қирғизистон ҳукумати уни ушлагани учун Британия расмийларидан мамнун эканлигини айтади.

Қирғизистон расмийлари Максим Бакиевни қўлга олишни сўраб Интерполга мурожаат қилганлар.

Расмийлар уни мамлакат жанубидаги сўнгги ғалаёнларни молиялашда айблаб чиқдилар.

Ҳозирча Британия расмийлари Қирғизистондан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олмаганларини билдирдилар.

Британия расмийлари Максим Бакиевга боғлиқ иш тафсилотини ошкор этилмаганлар, улар бунда мамлакатда амалда бўлган маълумотларни сир сақлашга доир қонунчилик асосида иш кўраётганларини билдирадилар.

Аммо Максим Бакиевнинг Фарнборо аэропортига хусусий учоқда учиб келгани ва шу заҳоти бошпана сўрагани ҳақидаги хабар тасдиқланган.

Женева Конвенциясига мувофиқ, бошпана сўрови ҳар қандай бошқа жиноий ишлардан олдин кўриб чиқилади. Агар Максим Бакиевнинг бошпана сўрови рад этилса, у қайтиши мумкин бўлган мамлакат сифатида Беларус кўрилади.

Беларус Қурманбек Бакиевга макон бўлган мамлакатдир.

Британия Лордлар палатасидан маълум қилишларича, Қирғизистон ва Британия ўртасида тўртта битим имзоланган.

Булар маориф, фан ва маданиятга тааллуқли, сармояларни ҳимоя қилишга қаратилган, ҳаво хизматларига боғлиқ ҳамда Оврўпо ҳамжамияти билан шериклик, ҳамкорликни кўзда тутган шартномалардир.

Икки мамлакат ўртасида экстрадиция борасида келишув йўқ.

Яқинда истеъфо берган Қирғиз муваққат ҳукуматининг аъзоси ва янги ташкил этилган "Айкол Эл" партиясининг етакчиси Эдил Байсаловдан Британия матбуоти иқтибос келтиради.

Унда жаноб Байсалов Британия расмийлари Максим Бакиевни ҳибсда сақлаб туришлари лозим, дейди.

"Шубҳа йўқки, Қирғиз солиқ тўловчисининг миллионлаб долларлари уни экстрадиция қилишга арзишига шубҳа йўқ. Бироқ ниҳоят у қопқонга тушди", деб айтган Эдил Байсалов EurasiaNet.org сайтига.