Қирғизистонда уч кунлик мотам куни эълон қилинди

Ўш

Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликлар давом этаркан, муваққат президент Роза Ўтинбоева мамлакатда бугундан бошлаб уч кунлик мотам куни эълон қилди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, миллий низоларнинг олтинчи кунида қурбонлар сони қарийб 190 га етган. Икки мингга яқин киши тиббий ёрдам сўраб, шифохоналарга мурожаат этишган.

Улардан ярмига яқини касалхонага ётқизилган. Ярмидан ортиқроғига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимларининг айтишларича, кўплаб марҳумларнинг яқинлари расмий идораларни хабардор қилмасдан, қурбонларни дафн этиб юборишаётгани боис ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкин.

Ўтган тунда ҳам Ўш ва Жалол-Ободда йигирматача ёнғин кузатилган. Мазкур вилоятлар комендантлари вакилларига кўра, тинч аҳолига ҳужум қилаётган “иғвогарлар гуруҳлари”га қарши махсус амалиётлар йўлга қўйилган.

Муваққат ҳукумат мулозимларининг айтишларича, Қирғизистон жанубидаги этник низолар кузатилаётган ва аввалроқ фавқулодда ҳолат эълон қилинган ҳудудлардаги вазият бугун бирмунча осойишта.

Аммо маҳаллий аҳолига кўра, ўтган тунда Ўшда отишмалар кузатилган.

Маҳаллий расмийлар эса, сўнгги отишмаларни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан Ўшда махсус амалиёт ўтказилгани билан изоҳлашган. Уларга кўра, ўтган тунда бир мерган ўлдирилиб, яна учтаси қўлга олинган.

Жалол-Обод вилоятида, расмий маълумотларга биноан, аввал Бозор-Қўрғон қишлоғидан туман ички ишлар бошқармасига ҳужум қилиниши оқибатида йўқолган қурол-яроғлар бутунлай қайтарилган.

Ушбу жараённи давом эттириш мақсадида маҳаллий ҳокимият, комендатура мулозимлари оддий аҳоли орасида ташвиқот-тушинтириш ишларини олиб боришмоқда.

Ҳукумат мулозимлари қўлларидаги қурол-яроғларни уч кун давомида топширган шахслар жавобгарликка тортилмайди, деб эълон қилишган.

Катта сондаги қочқинлар оқимига бас келолмаслигини айтиб, Қирғизистон билан чегарасини ёпишини эълон қилган Ўзбекистон эса, қочқинларни қабул этишда давом этмоқда.

Ўзбек қочқинларининг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги чегара масканларидан Ўзбекистон томонига ўтаётганликлари айтилади.

Қизил Хоч Халқаро қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, дори-дармонлар ва жасадлар учун мўлжалланган қоплар юкланган учоғи Ўшга етиб борган.

Шу кунларда пойтахт Бишкекдан ҳам бир нечта учоқда Ўшга 50 тоннадан ортиқ ёрдам етказилган.

Аммо Қирғизистон муваққат ҳукуматининг инсонпарварлик ёрдамларини етказиш бўйича махсус вакилининг ёрдамчисига кўра, олиб борилган юкларнинг маълум қисми талон-тарож этилган.