Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўшда майитлар ҳовлиларда дафн этилмоқда'

Ўш шаҳар кенгаши депутати Фахриддин Тешабоевнинг айтишича, шаҳарда сўнгги кунларда ҳалок бўлганлар одамлар уйларининг ҳовлиларига дафн этилган.

Шаҳарда қолаётган ўзбекларнинг айтишларича, ҳамон зўравонликлар туфайли ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг жасадлари кўчаларда, ёқиб юборилган инсон жасадлари томларда ёки уйларнинг ертўлаларида қолиб кетмоқда.

"Эпидемия тарқалмаслиги учун биз жасадларни "братская могила" қилиб кўмишимизга тўғри келди. "Черёмушки" тарафларда шундай бўлди", деб айтди Фахриддин Тешабоев.

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларда қурбон бўлганларнинг расмий сони 187 кишига етган, яраланганлар икки мингга яқин.

Аммо Халқаро Қизил Хоч ташкилоти қурбонлар сони юзлаб бўлиши мумкинлигини айтган.

275 минг одам уйларини ташлаб чиққан, улардан камида 75 минги Ўзбекистонга ўтган.

16 июн куни Би-би-сига гапирган ўшликлар вазиятнинг нисбатан осойишта экани, комендантлик соати амал қилаётганини айтишган.

Аммо Ўш шаҳрининг айрим қисмларида қолаётган ўзбеклар ҳануз кўчага чиқишга қўрқаётганликларини айтишган.

Шаҳарга чекланган миқдорда инсонпарварлик ёрдами етиб бораётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўшликлар кечга яқин Чўлпон мактаби ёнида отишма бўлгани ҳақида маълум қилишган.

Ўшликларнинг хабар қилишларича, шаҳарда инсонларни гаровга олиш ҳодисалари юз бермоқда.

Гаровга олинган инсонларни пул эвазига озод қилиш ёки гаровга олинганларга алмашиш ҳолларини шаҳардаги ўзбеклар ҳам ва қирғизлар ҳам тасдиқлаганлар.

Ўшлик ўзбекларнинг айтишларича, 15 июн куни 45 ёшли Маннобжон Турсунов ўз ўғлини қидириб топиш мақсадида чиқиб кетган.

Уни номаълум кишилар автомобилга мажбуран ўтирғизиб олиб кетишганини кўришган.

Маннобжон Турсунов яқинлари унинг қаердалигини аниқлай олмаганликларини айтишган.

Ўшга яқин "Наримон" овул ҳукумати деб номланган жойдаги нефт базасини ўзбеклар портлатиб юбориш билан таҳдид қилишгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Маҳаллий ўзбекларнинг айтишича, бир неча кун илгари қирғиз милиционери ўлдирилганидан кейин расмийлар у ерга БТРларни олиб келишган, ўзбеклар томони нишонга олинган.

Ўч олинишидан қўрққан ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилиш учун нефт базаси ҳудудида яширинишган, ҳужум қилинадиган бўлса, ёнилғи иншоотини портлатиш билан пўписа қилганлари ҳақида хабар қилинди.

Қирғизистондаги ўзбеклар Қирғиз ҳукумати ва қуролли кучларига ишонмасликларини айтишмоқда.

Қирғиз мулозимлари жорий пайтда Ўш шаҳридаги мазкур ҳудудга кириш учун музокаралар олиб боришаётгани ҳақида хабар бор. Омборхонада бутун минтақага тарқатилувчи ёқилғи заҳираси сақланиши айтилади. Ўзбеклар ёқилғи омборига элтувчи йўлларни машиналар билан тўсиб қўйишган.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Фахриддин Тешабоев билан суҳбат