Қирғизистон жанубида ҳануз қўрқув ҳисси ҳукмрон, аммо ёрдамлар ҳам келмоқда

Ўш

Ўшдан сўнг зўравонликлар тарқаб кетган Жалол-Обод шаҳрига ҳам ёрдам етиб кела бошлаган. Аммо маҳаллий аҳолининг айтишича, ўзбеклар қўрқув туфайли кўчага чиқиб, кўмак олишолмаяпти. Жалол-Ободдаги "Справедливость" инсон ҳуқуқлари гуруҳи вакили Валентина Грешенко у ердаги ёндирилган маҳаллалар ва шаҳар ташқарисидаги қишлоқларга кўмак етказишга уринмоқдамиз деб айтади:

Валентина Грешенко: Ўзбекларнинг ҳаёти ҳамон хавф остида. Айниқса, улар зич яшовчи жойларда. Мен дўстим Олимжоннинг хотин-боласи қолаётган Бозорқўрғонга бордим. Унинг инисини қўйиб юборишди. Лекин жуда ёмон дўппослашган. Қарийб 20 минг одам яшовчи аҳоли масканида бор-йўғи 20тача одамни кўрдик. Аҳоли масканлари ўртасида блок-постлар турибди, бўлди. бошқа ҳеч нарса йўқ.

Би-би-си: Шаҳарнинг ўзида аҳвол яхшиландими, қуроллилар кетишдими?

Валентина Грешенко: Ким қуролли, ким дўст, ким душман билмайсан ҳозир. Униси ҳам, буниси ҳам аҳолига ўқ отди. Лекин шаҳар бироз ўзига келмоқда. Транспорт юра бошлади, баъзи дўконлар очилди, бозор қисман очилди.

Би-би-си: Ўзбеклар ҳозир қўрқмасдан кўчага чиқа олишаяптими шаҳарда?

Валентина Грешенко: Жуда камчилик. Уларнинг ҳаммаси қўрқади ташқарига чиқишга. Уларнинг бошига тушган бундай даҳшатли кунлар тушиши одамнинг тушига ҳам кирмаганди.

Би-би-си: Жабрдийдалар, қурбонлар борасида қандай қўшимча маълумотлар бор сизларда?

Валентина Грешенко: Биз Ўзбеклар яшайдиган Хўжа маҳалласига инсонпарварлик ёрдамлари олиб боргандик, ўша кичкинагина кўчада 20та одам ўлибди. Ҳозир ёрдамлар керакли жойга бормаяпти. Ким келиб сўраса, кўмак беришади, лекин ўзбеклар кўчага чиқиб, ёрдам сўрай олишмайди, уларқ қаттиқ қўрқувда. Шу боис биз ўзбек маҳаллаларига кўмак етказишга интилаяпмиз. Биз айнан уйлари ёндирилган одамларга биринчи бўлиб кўмак кўрсатиш учун руйхатлар тузаяпмиз. Бутун бошли кўчаларнинг катта қисми ёндирилган. Ленин кўчаси, Хўжа маҳалла, Сузоқ маҳалла, ҳаммасига ўт берилган. Булар асосан ўзбек маҳаллалари. Уйлари куйганлар ҳозир қариндошлариникида туришибди. Қирғиз дўстлари уларни ўз уйларида яширишаяпти.