Рогозин: 'Қирғизистондаги ҳодисалар ортида ташқи кучлар сояси кўринмоқда'

Рогозин
Image caption Россиянинг НАТО қошидаги элчиси Қирғизистондаги ҳодисалар ортида ташқи кучлар сояси кўринмоқда, дейди

Қирғизистондаги хунрезлик халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборида экан, Россиянинг НАТО қошидаги элчиси Дмитрий Рогозин ҳам ташкилотдаги ҳамкасбларини сўнгги вазият, Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг мавқеиси билан таништирган. Россия назарида, хусусан, Рогозин жаноблари фикрича ҳам Қирғизистондаги ҳодисалар ортида ташқи кучлар сояси кўринмоқда. Биз Рогозин жанобларидан аввалига НАТОнинг Қирғизистондаги сўнгги вазиятга нисбатан қизиқиши ҳақида сўрадик:

Дмитрий Рогозин: Биласизми, Қирғизистондаги воқеалар албатта НАТОни қизиқтиради, чунки Афғонистонга қўшни давлат... Бунинг устига мамлакатда МАНАС ҳарбий базаси жойлашган. Шунинг учун Қирғизистон тақдирига улар бефарқ эмас. Жумладан, НАТО давлатлари минтақадаги мавқелари учун ҳам қайғуришади. Шунга қарамай, бугунги кунда НАТОда минтақадаги вазиятга таъсир қилиш учун ҳеч қандай восита йўқ. Шунданми, НАТОдагилар илк бор Россия элчисидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти нима қилаётгани, у ердаги вазият ва дўст мамлакатлар қандай ёрдам бериши ҳақида сўради. Мен ўз брифингимда Россия ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг мавқеси ва режалари ҳақида гапирдим. НАТОдаги менинг ҳамкасбларим ҳам сўзга чиқишди ва асосан БМТ воситачилигида инсонпарварлик ёрдами бериш ҳақида гапиришди.

Би-би-си: Сизнингча муваққат ҳукумат зўравонликларга бир ўзи чек қўя оладими? Қирғизистон хавфсизлик кучлари зўравонлик ҳолатларини четдан кузатиб тургани, аралашмаётгани ва ҳатто аралашганида ҳам бир томонлама аралашаётгани ҳақида хабарлар тарқамоқда...

Дмитрий Рогозин: Бизда афсуски шундай хабарлар бор. Ростдан ҳам тартибни сақлаш ва барқарорликни таъминловчи кучлар ўз вазифаларини ё бажаришмаган ва ёки номуносиб қўл уришган. Биз буни биламиз. Шунга қарамай, биласизми, Қирғизистон муаммоларини улар учун ҳеч ким ечиб беролмайди. У ердаги бандитларча жиноятларга қўл ураётган ёшларни Қирғизистон хавфсизлик кучларидан ташқари бошқа кучлар уддалай олмайди. Қирғизистон хавфсизлик кучларига лозим бўлган барча ёрдам берилади. Мамлакатга бугунги кунда ташқи кучларни киритиш ғояси вазиятни ёмонлаштириши мумкин. Чунки жангари руҳдаги гуруҳлар баҳонада бирлашадилар ва тинчликпарвар кучларга қарши кураша бошлайдилар. Бу минтақавий зиддиятга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз Бишкекдаги ҳукумат салоҳиятини тиклаб олиши керак деган фикрдамиз. Фақат ўзининг чорасизлигини гапиравермасдан, амалий ҳаракатга ўтиши керак. Чунки бу ҳукумат ўзининг ҳукуматлигини исботламаса, ўрнига бошқа ҳукумат келади.

Би-би-си: Аммо аксарият қирғизистонлик ўзбеклар, жумладан, айрим қирғизлар ҳам Муваққат Ҳукуматга ишонмасликлари, улар вазиятни барқарорлаштириш учун Қирғизистонга ташқи кучлар, бу ўринда Россия, қўшни давлатлар, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти ва ё БМТ кучлари киритилсин деб талаб қилишмоқда. Ҳукуматнинг ўзи ҳам Россияга икки бор мурожаат қилди. Нима қилиш мумкин? БМТ ва ё Россия нима қила олади?

Дмитрий Рогозин: Биз ҳали муваққат ҳукумат барча имкониятларини ишга солиб улгурмади деб ҳисоблаймиз. Ҳукумат Бишкекдаги хавфсизлик кучларини сафарбар қилиши керак. Жанубдагилар эҳтимол ўз яқинларига қарши ўт очишга ботинмаслар, унда зўравонликни тўхтатиш учун бу амалларни Ички ишлар вазирлигининг махсус кучлари ва ё ҳарбий кучлар бажариши керак бўлади. Уларга биз барча лозим бўлган ёрдамни берамиз. Эҳтимол, вазият эртага ўзгарар, аммо ҳозирча биз тинчликпарвар кучлар киритилиши керак деб ҳисобламаймиз.

Би-би-си: Сиз твиттердаги чиқишларингизнинг бирида, Фарғона водийсида шундай бир ҳодиса бўлиши эҳтимолдан соқит қилинмаслигини ҳамма биларди, аммо этник зўравонликлардаги шафқатсизлик даражаси даҳшатлидир деб ёзасиз. Нима демоқчисиз?

Дмитрий Рогозин: Ҳеч ким этник озчилик, бу ўринда ўзбекларга нисбатан бу қадар зўравонлик бўлади деб кутмаган эди. Бу нафрат нимага асосланганини тушуниб бўлмайди. Биз вазиятни таҳлил қилишимиз керак. Ким Фарғона водийсида вазиятни ёмонлаштиришдан манфаатдор? Ўзбекистонга қарши иғво кимга керак? Бу давлатни Қирғизистон жанубидаги можарога тортишни ким истайди? Аслида мен бу зўравонликлар ортида, таъбир жоиз бўлса, жиддий амакилар турибди деб ўйлайман. Уларга вазият қанча ёмон бўлса шунча яхши. Улар Қирғизистондаги ҳукуматни фалажлаштириш ва зўравонлик ёйилишини исташади. Ўзбекларга қарши ҳужумлар эса бу можарога кўпроқ миллатларни жалб қилишга ҳаракатдир.

Би-би-си: Сиз ҳам, Россия ташқи ишлар вазири ҳам Қирғизистондаги ҳодисалар ортида турган ташқи кучлар ва ё учинчи кучлар ҳақида гапирмоқдасиз? Ким улар? Минтақавийми ва ё халқаро?

Дмитрий Рогозин: Биз ҳозирча Фарғона водийсида анчадан бери ин қуриб олган террорчилар тармоғини назарда тутмоқдамиз. Биз у ерда террорчи ташкилотлар борлигини ва Қирғизистон ҳукуматининг ожизлигидан фойдаланиб, улар анча очиқ ҳаракатда бўлиб келишганини биламиз. Ҳозир этник қарама-қаршиликлар улар учун энг мақбул ҳолатни яратди. Бу билан улар Бишкекдаги дунёвий ҳукуматни ола бўжи қилиб кўрсатиш ва минтақада халифаликми, исломий вилоятми қуриш ҳаракатига тушиб кетишлари мумкин. Биздаги жосуслик маълумотларига кўра, минтақада ҳозир фундаменталист руҳдаги гуруҳларнинг фаолияти жадаллашган ва этник қарама-қаршиликни улар ҳам ўз сиёсий мақсадлари йўлида урчитмоқдалар.