Халқаро Амнистия халқаро тергов ўтказишга чақирмоқда

Image caption Гувоҳлар даҳшатли зўравонликлар ҳақида гапиришмоқда

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан холис халқаро тергов ўтказишга чақирган.

"Фақат халқаро текширувгина барча тарафлар назарида холис ва ишончли деб кўрилиши мумкин. Бу мамлакатда тинчлик ва қонун устиқорлигини ўрнатиш учун жуда ҳам муҳимдир", деб айтган Халқаро Амнистиянинг Марказий Осиё бўйича эксперти Мейзи Вайшудинг.

Ташкилот шунингдек, қирғиз хавфсизлик кучлари зўравонликларни ҳужжатлаштирган маҳаллий журналистлар ва фуқаролардан фото ва видео далилларни мусодара қилишга уринаётгани ҳақидаги хабарлардан ташвишда эканини айтган.

Бозорқўрғон шаҳрида юз берган ҳодисада ўзини қирғиз хавфсизлик кучлари деб таништирган қуролли ва ниқобли шаҳслар маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолининг аёлидан камера ва далилларни топширишни талаб қилган. Рад жавобини олган хавфсизлик кучлари фаолнинг уйи дарвозасига қарата ўт очгани айтилади.

Халқаро Амнистия қирғиз ҳукумати хавфсизлик кучлари зўравонликларга қўшилиб кетгани ҳақидаги даъволарни текшириши ва инсон ҳуқуқларини бузганлар таъқиб этилиши ҳақида аниқ ишора бериши кераклигини айтган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ҳужумлар яхши режалаштирилганини айтган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари сўзчиси Роберт Колвиллнинг Би-би-сига айтишича, дастлабки ҳужумлар яхши ташкиллаштирилган ва аниқ нишонни кўзлаган.

Аммо БМТ мулозимига кўра, зўравонликларнинг ким томонидан ташкил этилгани ҳозирча маълум эмас.

"Аниқ ким эканини билмаймиз, лекин бу ҳодисалар шунчаки тасодифан икки этник гуруҳ ўртасида чиқиб кетган тўқнашув эмаслигини айта оламиз. Бу тўқнашувлар анчайин мураккаб кўринишга эга ва махсус тайёрланган", - деб айтди БМТ мулозими.

Унинг айтишича, ҳозирча халқаро текширув олиб бориш юзасидан аниқ таклифлар йўқ.

Жаноб Колвиллга кўра, бу каби текширув фақат ҳукуматларнинг ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин.

"Бу текширув ҳукумат ташкилоти томонидан, БМТ Бош Ассамблеяси, Инсон ҳуқуқлари Кенгаши ёки БМТ Бош котиби томонидан ва ниҳоят, Қирғизистон ҳукуматининг ўз ташаббуси билан бошланиши мумкин", -деб айтди Бирлашган Миллатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мулозими.

Унга кўра, ноҳукумат ташкилотлари, жумладан, халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу каби текширувларни ўтказишади.

"Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, масалан Ҳюман Райтс Вотч, Халқаро Амнистия, Халқаро инқироз гуруҳи кўпинча бунинг устида ишлайдилар ва ҳисоботлар тақдим этадилар. Агарда бу ташкилотлар аллақачон текширувларни бошлаб юборган бўлсалар ҳам мен ҳайрон бўлмасдим", дейди жаноб Колвилл.

Россия текширувга ёрдам беради

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Коллектив Хавфсизлик ташкилоти Қирғизистон жанубидаги тўқнашувлар ташкилотчиларини топишда кўмак беришини айтган.

Жаноб Лавров бу ҳақда чоршанба куни Москвада ўтган КХШТ йиғинидан сўнг гапирган.

"КХШТ ташкилотининг йиғилишида Қирғизистонга моддий-техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, тартибсизлик ва зўравонликлар ташкилотчиларини топишда ёўмак берига келишилди", га келишилди", деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири.

Қирғиз расмийлари Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларда собиқ президент Қурманбек Бакиев тарафдорларини айблашган.

Уларга кўра, ҳодисалар Бакиев оиласи томонидан ташкил этилган ва молияланган.

Қирғиз расмийлари "учинчи кучлар"га ишора қилишган.

Расмийлар шунингдек, зўравонликларда тожик ва бошқа миллат вакиллари ҳам иштирок этгани ҳақида баёнотлар берганлар.

Аммо Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги қирғиз томонининг иддаоларини "масъулиятсиз", дея қоралаган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари зўравонликларга алоқадорлиги айтилган бир қатор шахсларнинг ҳибсга олингани ва иқрорлик кўрсатмалари бераётганликларини айтишган.

Расмийлар жумладан, жалолободлик кўзга кўринган сиёсатчининг ҳибсга олинганини айтганлар, аммо унинг номи ошкор этилмаган.