БМТ Қирғизистонга фавқулодда 70 миллион доллар ажратишга чақирмоқда

Қирғизистонлик аёл

БМТ Қирғизистондаги миллий низолардан жабр чеккан инсонларга ёрдам бериш учун фавқулодда 70 миллион доллар ажратишга чақирмоқда.

Халқаро ташкилотга кўра, бир миллион кишига кўмак берилиши лозим.

Этник зўравонликлар натижасида юз минглаб кишилар бошпанасиз қолишган.

Юз мингга яқини Ўзбекистонга ўтишган. Қирғиз расмийларига кўра, қонли ғалаёнлар қурбонларининг сони икки мингтача бўлиши мумкин.

БМТга кўра, давомий беқарорликлар сабаб, Қирғизистон жанубига ёрдам етказиш қийин кечмоқда.

Халқаро ташкилот кеча Қирғизистондаги зўравонликлардан жабр кўрган бир миллион кишига ёрдам зарурлигини айтганди.

Сўнгги хабарларга кўра, Қирғизистон жанубига тонналаб инсонпарварлик ёрдами жўнатилган.

Бироқ кўплаб ёрдам ва нодавлат ташкилотларига кўра, у ерларга кўмак етказиб бериш ўта қийин кечмоқда.

Хусусан, ёрдамга энг муҳтож бўлган инсонларга кўмак етиб бормаяпти.

Ўш шаҳрида хавфсизлик чоралари таъминланмагани боис катта миқдорда инсонпарварлик ёрдамлари юкланган машиналар ҳарбийлар ҳамроҳлигисиз Ўшда ҳаракат қилолмаётир.

Юкларни талон-тарож қилиш ва машиналарга ҳужум қилиш ҳоллари борасида хабарлар келмоқда.

Ўзбек чегарасида тўпланган ўн минглаб қочқин ҳозирда жуда ҳам қийин аҳволда, улар ниҳоятда ичимлик сувига муҳтожлар.

Роза Ўтинбоева: ҳалок бўлганлар сони ўн баробар кўп

Image caption Роза Ўтинбоева инқирозни бартараф этишда муваққат ҳукумат сустлик қилгани борасидаги танқидни рад этди

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоеванинг айтишича, мамлакат жанубида рўй берган зўравонликларда ҳалок бўлган инсонлар сони расман эълон қилинганидан ўн марта кўп бўлиши мумкин.

Муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева кеча сўнгги йигирма йилдаги энг даҳшатли этник зўравонликлар рўй берган Ўш шаҳрига борган.

Ўтинбоева хоним шаҳарни қайта қуришга ваъда берган, ўз уйларини тарк этган инсонларни ортга қайтишга чақирган.

Қирғизистон расмийларига кўра, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари атрофида юз берган зўравонликларда камида 192 киши ҳалок бўлган.

Аксар кузатувчиларга кўра, ҳалок бўлган инсонларнинг сони расмий рақамлардан анча кўп.

Роза Ўтинбоева ўлган инсонларнинг сони расмий рақамга нисбатан ўн баробар кўп бўлиши мумкин, деб айтган.

"Қишлоқ жойларида жуда кўп ўлимлар бўлган. Бизнинг одатларимизга кўра, ўлганларни қуёш ботгунича кўмамиз", деб айтган Роза Ўтинбоева.

Айрим Қирғиз расмийлари сўнгги кунларда ҳаётдан кўз юмган одамларнинг сони 2500 га етиши мумкинлигини айтишган.

Мухбирларга кўра, бронежилет кийган муваққат ҳукумат раҳбари Ўш шаҳри марказида тикучардан тушган, уни кўп сондаги хавфсизлик кучлари ходимлари қўриқламоқдалар.

"Мен бу ердаги вазиятни ўз кўзим билан кўриш, одамлар билан гаплашиш ва бу ерда нима юз берганини биринчи манбадан эшитиш учун келдим", деб айтган Роза Ўтинбоева.

"Биз бу шаҳарни қайта қуриш учун ҳамма ишни қиламиз", деб айтди Ўтинбоева хоним.

Роза Ўтинбоева муваққат ҳукуматнинг инқирозни бартараф этишда сустлик қилгани борасидаги танқидни рад этган.

"Сизлар ишламаяпсизлар деб айтманг. Бизнинг кучларимиз вазиятнинг уддасидан чиқаяпти", деган у Ўшнинг марказий майдонида журналистларга гапираркан.

Шу куни АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Роберт Блейк Ўзбекистоннинг Қирғизистонга қўшни Андижон вилоятидаги қочқинлар жамлоғини бориб кўрган.

Жамлоқни бориб кўрганидан кейин жаноб Блейк Қирғизистон жанубидаги вазиятни гуманитар инқироз деб атади.

"Қўшма Штатлар Қирғизистон жанубида зўравонликлар давом этаётгани ҳақидаги ахборотдан жуда ташвишда. Биз Қирғизистон муваққат ҳукуматини зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш чораларини кўришга чақирдик", деб айтган АҚШ Давлат котиби ўринбосари.

Жаноб Блейк Қирғизистондаги қонли ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.

"Мен Ўзбекистон ҳукуматига инсонпарварлик инқирозидан жабр кўрган кўп қочқинларни қабул қилиш учун тез ва конструктив амал қилишни тавсия этдим", деб айтган Давлат котиби ўринбосари Роберт Блейк.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, Қирғизистондаги этник зўравонликлар камида 400.000 кишини ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур этган.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакат жанубида вазият барқарорлашмоқда ва улар зўравонликларга қарамасдан 27 июнга мўлжалланган референдумни ўтказиш ниятидалар.

Референдумга Қирғизистоннинг янги конституциясини қабул қилиш ва Роза Ўтинбоевани 2011 йил охиригача ўтиш даврининг президенти этиб тайинлаш масаласи учун овоз бериш режалаштирилган.