Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Алишер Ҳамидов:'Ўзбеклар қирғиз ҳукуматининг холис тергов ўтказишига ишонмайди'

Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубида 2000га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган зўравонликлар юзасидан ўз терговини ўтказишга ваъда берган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Робер Блейк шанба куни Қирғизистонга ташрифи чоғида маълум қилган.

Америка мулозими ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган ва қирғиз ҳукуматининг тергови бу каби текширувни тўлдириши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ Халқаро Амнистия ташкилоти ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирганди.

Ташкилот фақат халқаро текширувгина барча томонлар назарида холис ва ишончли, деб кўрилишини айтган.

Қирғиз ҳукумати собиқ Президент Бакиевни зўравонликларни келтириб чиқариш учун "иғвогарларни ёллаш" да айблаган.

Қурманбек Бакиев ҳодисаларда қўли борлигини рад этган.

Гувоҳлар қирғиз миллатига мансуб қуролли оломон ўзбекларни нишонга олгани, ҳарбийлар эса уларга ёрдам берганини айтишган.

Халқаро ташкилотлар этник ўзбекларнинг ўзларига қарши шафқатсизликлар содир этилгани, ёш болалар ва аёлларнинг ўлдирилгани, уйларининг ертўлаларида яширинган одамларнинг тириклайин ёқиб юборилгани ва аёлларнинг зўрлангани ҳақидаги шоҳидликларини тасдиқлашган.

Қирғизистоннинг муваққат президенти Роза Отунбаева ҳар икки томондан қурбонлар борлигини айтиб, "ўзбекларнинг ҳам яхши қуролланган бўлганликликлари"ни иддао қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зўравонликлар далилларини йўқотишга уринишлар бўлаётганидан хавотир билдирган.

Қирғизистондаги ўзбек жамоаси вакиллари қирғиз ҳукуматининг терговига ишонмасликларини айтишмоқда.

Би-би-си бу ҳақда АҚШдаги Жон Хопкинс Университетининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси, асли ўшлик Алишер Ҳамидов билан суҳбатлашган.