АҚШ Қирғизистондаги зўравонликлар юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди

Image caption БМТга кўра, зўравонликлардан 1 миллионга яқин одам жабр кўрган

АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди. Шанба куни Қирғизистонга ташрифи чоғида гапирган жаноб Блейк қирғиз ҳукумати ўзининг текширувини ўтказишга ваъда берганини айтди.

У ҳар икки текширув бир-бирини тўлдириши кераклигини таъкидлади.

Америка мулозими шунингдек, қирғиз ҳукуматини этник ўзбек қочқинларининг уйларига қайтишлари учун шароит яратиб беришга чақирган.

"Муваққат ҳукуматнинг Ўзбекистон ва мамалакат ичкарисида паноҳ топган қочқинларнинг уйларига қайта олишлари учун ишонч ва хавфсизлик фазосини яратиши муҳимдир", деб айтган АҚШнинг юқори мартабали дипломати.

Жаноб Блейк Вашингтон минтақага 32 миллион доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами ажратишини айтган.

Зўравонликларда 2000 га яқин одам ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Аввалроқ Халқаро Амнистия ташкилоти ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирганди.

Ташкилот фақат халқаро текширувгина барча томонлар назарида холис ва ишончли, деб кўрилишини айтган.

Қирғиз ҳукумати собиқ Президент Бакиевни зўравонликларни келтириб чиқариш учун "иғвогарларни ёллаш" да айблаган.

Қурманбек Бакиев ҳодисаларда қўли борлигини рад этган.

Гувоҳлар қирғиз миллатига мансуб қуролли оломон ўзбекларни нишонга олгани, ҳарбийлар эса уларга ёрдам берганини айтишган.

Халқаро ташкилотлар этник ўзбекларнинг ўзларига қарши шафқатсизликлар содир этилгани, ёш болалар ва аёлларнинг ўлдирилгани, уйларининг ертўлаларида яширинган одамларнинг тириклайин ёқиб юборилгани ва аёлларнинг зўрлангани ҳақидаги шоҳидликларини тасдиқлашган.

Қирғизистоннинг муваққат президенти Роза Отунбаева ҳар икки томондан қурбонлар борлигини айтиб, "ўзбекларнинг ҳам яхши қуролланган бўлганликликлари"ни иддао қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зўравонликлар далилларини йўқотишга уринишлар бўлаётганидан хавотир билдирган.

Халқаро Амнистия ташкилоти Жалолободдаги зўравонликларни тасвирга туширган инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни озод этишга чақирган.

Интернетда Азимжон Асқаровнинг изоҳи билан пайдо бўлган видео тасвирларда қуролсиз ўзбек аҳолиси ҳужумга тутилгани акс этган.

'Ўч олиш'

Айни пайтда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳодисалар ортида "учинчи кучлар" турганига ишора қилган.

Шанба куни Бухорога сафари чоғида гапирган жаноб Каримов Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги зиддият эмаслигини таъкидлаган.

"Гўё бу ўзбек ва қирғиз этник гуруҳлари ўртасидаги қарама-қаршилик эмиш. Мен бундай фикрларга мутлақо қаршиман. Ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бунга айбдор эмас. Бу четдан туриб уюштирилган, бошқарилган қўпорувчилик ҳаракатидир", -деб айтган жаноб Каримов.

Унга кўра, мақсад-Ўзбекистонни "бу қарама-қаршиликка тортишдан иборат бўлган".

Ўзбекистон раҳбари Қирғизистондаги зўравонликлар учун ўч олиш ҳаракатларининг олдини олиши ҳақида огоҳлантирган.

"Мен қонга-қон, жонга-жон, деган қарашга қаршиман. Нафақат қаршиман, балки шундай фикр билан юрадиганларни халқимизнинг душмани, деб биламан", деб айтган Президент Каримов.

Ўшдаги вазият

Айни пайтда Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати мамлакат жанубидаги фавқулодда вазият муддатини узайтирган.

Муваққат ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўш, Ўзген, Қорасув ва Аравон шаҳарларида фавқулодда вазият 25 июнга қадар узайтирилган.

Ҳукумат шунингдек, Ўшда тунги комендантлик соатини кучайтиришини айтган.

11 июнда жорий этилган фавқулодда ҳолат муддати якшанба куни тугаши керак эди.

Шанба куни қирғиз хавфсизлик кучлари Ўшдаги ўзбек аҳолиси томонидан қурилган баррикадаларни олиб ташлашини айтган.

Гувоҳларга кўра, якшанба куни Ўшнинг Навоий кўчасидан кесилган дарахтлар, юк машинаси ва автобус олиб ташланган, бир неча дўконларнинг қайта очилгани айтилади.

Зирҳли ҳарбий машиналар ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилиш учун қўйган дарахтлар, ёқилган машиналар, бетонлардан иборат тўсиқларни олиб ташламоқда.

Баррикадаларни олиб ташлаш ишлари аввал хавотир билдирилганининг аксига анча осойишта ўтаётгани айтилади.

Айрим маҳаллаларда ўзбекларнинг ўзлари баррикадаларни олишда ёрдам беришган.

Қирғиз расмийлари шаҳарда одатий ҳаётни қайта тиклаш учун баррикадалар олиб ташланиши кераклигини айтишган.

Улар маҳаллий вақт билан якшанба куни кечки соат 6 га қадар баррикадалар олиб ташланмагани тақдирда уларни куч билан олишини айтган.

Айни пайтда шаҳардаги ўзбеклар зўравонликларнинг кучайишидан хавотир билдиришмоқда.

Якшанба куни Би-би-сига гапирган ўзбеклардан бири ҳануз уйларидан чиқишга қўрқаётганларини айтди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рейтер хабар агентлиги ҳеч қачон уйларин талаб чиқмасликларини айтган ўшлик ўзбеклар вакилининг "керак бўлса, шу ерда ўламиз" деган сўзларини келтиради.

Қочқинлар уйларига қайтишдан қўрқмоқда

Қирғиз расмийларининг ишонтиришларига қарамай, Ўзбекистон билан чегарада тўпланган минглаб қочқинлар уйларига қайтишдан қўрқаётир.

Ассошиейтед Пресс хабар агентлигига кўра, якшанба куни эрта тонгда қирғиз кучлари чегарадаги Суратош қишлоғига қирган ва у ердаги ўзбек қочқинларни уйларига қайтиш хавфсиз эканига ишонтиришга уринган.

Қочқинлар қирғиз ҳукуматига ишонмасликларини айтиб, уйларига қайтишдан бош тортганлар.

Қочқинлар қирғиз ҳарбийларини қирғин солганларга шериклик қилганликда айблашади.

Ўзбекистонга ўтолмай, Ўшга қайтолмай, Дўстлик чегара маскани яқинидаги Суратош қишлоғида қолиб кетаётган бир неча минг ўшлик ўзбек аёллари ва болаларини инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатулло Раҳматуллаев бориб кўрган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек жамоаси вакиллари минтақага халқаро кучларни киритишга чақиришган.

БМТга кўра, зўравонлардан 1 миллионга яқин одам жабр кўрган, 100 мингдан ортиқ қочқинлар Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида паноҳ топишган.

Бирлашган Миллатлар қочқинларга ёрдам амалётиин кучайтирган.

Якшанба куни Жаҳон Озиқ-овқат ташкилотининг 100 минг тоннадан ортиқ ёрдам юкланган учоқлари Ўш ва Андижонга йўл олган.