Наримон қишлоғига рейд оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

Image caption Наримон қишлоғи аҳолисининг айтишича, ҳарбийлар рейди оқибатида камида икки киши ҳалок этилган

Ўш яқинидаги Наримон қишлоғи аҳолисининг айтишича, бугун эрта тонгда ҳарбийлар томонидан ўтказилган рейд мобайнида бир киши отиб ўлдирилган ва яна бири қаттиқ калтаклангани сабабли оламдан кўз юмган.

Наримонлик 50 яшар Иброҳим Ғофуровнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ҳарбийлар қишлоққа эрта тонгда, комендантлик соати ҳали амалда бўлган вақтда кириб келишган ва уйма-уй юриб тинтув ўтказишни бошлаганлар.

Унинг айтишича, ҳарбийлар кўп ҳолларда уларга эшик очилиши биланоқ зўравонлик қўллай бошлаганлар. Оқибатда бир киши отиб ўлдирилган, бир киши қаттиқ калтакланиш туфайли оламдан кўз юмди ва яна бири юрак ҳуружидан вафот этди.

Иброҳим Ғофуровнинг айтишича, ҳарбийлар томонидан унга нисбатан ҳам ўта қўпол, ноинсоний муносабатда бўлганлар.

Ҳозирда Наримон қишлоғида бўлган Норвегиянинг "Ҳелсинки қўмитаси" вакили Ивер Дали ҳам ҳарбийлар томонидан ўтказилган рейд оқибатларига гувоҳ бўлган.

Унга ҳам маҳаллий аҳолидан кўпчилик ўз уйларида ухлаб ётган вақтлари калтакланиб кетилганликларини айтишган.

Ивер Далининг айтишича, эрталаб соат 6 ларда бошланган рейд тахминан беш соатларча давом этган.

Рейдни амалга оширишга келган ҳарбийларнинг биринчи гуруҳи ниқоблар тақиб олишган бўлган.

"Ҳелсинки қўмитаси" вакили маҳаллий шифохонада 30 чоғлик жароҳатланганларни ҳам бориб кўрган.

Жароҳатланганлар сўзларига кўра, уларни баъзиларини қуроллар билан бошлари узра урганлар, баъзиларининг пасспортлари йиртиб ташланган.

Рейддан сўнг Наримон қишлоғига Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари келиб, аҳолини тинчлантиришга уринган.

Расмийларга кўра, Наримон қишлоғида ноқонуний қурол-яроғларни излаш амалиёти ўтказилган.