Инсон ҳуқуқлари фаоллари: Қирғизистон жанубига БМТ кучлари киритилсин

Image caption Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Қирғизистон жанубидаги вазият расмийлар даъво қилганларидек нормал эмас ва фақатгина БМТ кучлари вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беришлари мумкин.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари ва сиёсатшунослар Қирғизистонда барқарорликни таъминлаш мақсадида зудлик билан БМТ тинчликни сақлаш кучлари киритилишини талаб қилдилар.

Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларнинг биринчи кунлариданоқ Муваққат ҳукумат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш бобида чорасизлик ва имконсизлигини намойиш этди, дейилади фаоллар номидан БМт бош котиби Пан Ги Мунга йўлланган очиқ мактубда.

Фаолларнинг билдиришларича, уларда мавжуд фото ва видео тасвирлардан маълум бўлишича, Қирғизистон қуролли кучлари ва ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари кўп ҳолларда зўравонликларда ё фаол иштирок этганлар ё олдини олиш ўрнига кўз юмиб турганлар.

Мактубда Қирғизистон махсус хизматлари зўравонликларда ким айбдорлигини анқилаш ўрнига айбдорлар ҳақида маълумот ва далилларни йиғишга уринган инсон ҳуқуқлари фаолларини нишонга олмоқдалар, дея айтилган.

Шунингдек, дейилади БМТ Бош Котиби номига йўлланган очиқ хатда, мамлакат бўйлаб юзлаб қуролланган шахслар изғиб юрибдилар, отишма ва талон-тарожлар давом этмоқда.

Ана шу каби вазиятда Қирғизистонда зудлик билан БМТ тинчликни сақлаш кучлари киритилиши лозим, акс ҳолда можаро кучайиб, яна фақатгина этник келиб чиқиши туфайлигина қотилликларга яна айланиб кетиши мумкин, дея огоҳ янграган ушбу мактубда.

Мактубга имзо чеккан фаоллардан бири, Инсон ҳуқуқлари Халқаро Жамияти раиси Муҳиддин Қурбоновнинг айтишича, Қирғизистон Муваққат ҳукумати даъво қилганидек жанубий ҳудудларда вазият нормаллашган эмас, маҳаллий аҳоли учун хавф-хатар ва аянчли шароитлар давом этмоқда. Одамларнинг молк-мулклари ҳануз талон-тарож қилинмоқда.

Унга кўра жорий вазиятда Муваққат ҳукумат ўзининг ўта кучсизлигини намоён қилди ва минтақадаги вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Муҳиддин Қурбоновнинг айтишича, минтақадаги давлатлар вазиятни барқарорлшатириш бобида у қадар ҳам фаоллик кўрсатмаётан эканлар, келажакда қурбонлар рўй беришининг олдини олиш учун БМТ тинчликни сақлаш кучларидан умид қилмоқдалар.