Россия мулозими Қирғизистон жанубида ҳарбий база қуришни таклиф қилди

Image caption Ғарб матбуотининг ёзишича, Россия Қирғизистондаги Америка ҳарбий базасидан қутулиш ниятида

Россиянинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича мулозими Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини қуришни таклиф қилган.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича федерал агентлик раҳбари Виктор Ивановга кўра, бу каби база Афғонистондан гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйишда ёрдам беради.

Москвада ўтган матбуот анжуманида гапирган жаноб Ивановнинг айтишича, Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган катта миқдордаги гиёҳванд моддалар ҳудуддаги террорчи тармоқ томонидан назорат қилинади.

Россия мулозимининг даъво қилишича, ушбу гуруҳнинг мақсади Марказий Осиё ҳукуматларини ағдаришдир.

"Мен Қирғизистонда Россиянинг ҳарбий базасини қуришни таклиф қиламан. Бу кенг қўлланиладиган тажриба. Бу гиёҳванд моддалар ўтадиган йўлларни ёпишга ёрдам беради. Бизнинг иштирокимизсиз қирғизлардан бу муаммони ечишларини талаб қилишимиз қийин", деб айтган жаноб Иванов.

Россия федерал агентлиги раҳбари Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар ортида минтақадаги наркобаронларнинг қўли борлигига шубҳа қилмаслигини айтган.

Бишкек яқинида ўз ҳарбий базасига эга бўлган Россия Қирғизистон жанубида яна бир ҳарбий база очиш режасига эга.

Ўтган йили тузилган Тезкор Коллектив Хавфсизлик Кучлари доирасида очилиши мўлжалланган ҳарбий база режаси Ўзбекистоннинг қаттиқ қаршилигига дуч келган.

Ўзбекистон бу каби базанинг ташкил этилиши минтақадаги вазиятни янада беқарорлаштиришидан ҳавотир билдирган.

Қирғизистондаги зўравонликларни ёритган ғарб матбуоти Россия Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базасидан қутулиш ниятида қатъий экани ҳақидаги тахминларга ўрин берган.

Кузатувчилар Россия 2009 йилда Қирғизистонга ваъда берган кўп миллиард долларлик кредит билан бир вақтда янграган қирғиз ҳукуматининг АҚШ базасини ёпиш режаси бир-бирига боғлиқ эканини тахмин қилишган.

Аммо собиқ Президент Қурманбек Бакиев ҳукумати АҚШ базасини ёпиш режасида воз кечган, ўрнига базанинг мақомини "транзит маркази" дея ўзгартирган эди.

Кузатувчилар бу Россиянинг жиғига теккани ва Бакиев Москванинг дастагидан маҳрум бўлганини айтишади.

Россия матбуоти Бакиевлар оиласи Қирғизистонга ажратилган Россия кредитларини талон-тарож қилгани ҳақида ёзган.

Қирғизистондаги 7 апрел воқеаларидан сўнг Россия Бош вазири Путин Бакиевлар оиласи давлат ғазнасини ўмарганини айтган.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Бишкек яқинидаги АҚШ ҳарбий базаси билан боғлиқ шартнома муддатини узайтиришга ваъда берган.

Сешанба куни Роза Ўтинбоева Америка ҳарбий базасини ёнилғи билан таъминловчи "Манас ёнилғи таъминот мажмуаси" давлат корхонасини ташкил этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Унга мувофиқ, аввалги ҳукумат даврида Манасга ёқилғи етказиб бериш билан шуғулланиб келган хусусий ширкатлар тугатилади.

Ушбу ширкатлар собиқ президентнинг ҳозирда Британиядан вақтинчалик бошпана олган ўғли Максим Бакиев томонидан назорат қилингани айтилади.