Ўзбекистон прокуратураси Қирғизистондаги зўравонликлар юзасидан 'жиноий иш очган'

Image caption Қирғизистон ҳукумати ҳодисалар юзасидан ўз текширувини бошлаган

Тошкентдаги мустақил Эксперт Ишчи Гуруҳи тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон прокуратураси Ўш ва Жалолободдаги ҳодисалар юзасидан тергов ишларини бошлаган.

Гуруҳнинг Андижон, Фарғона ва Намангандаги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаъларга иқтибосан маълум қилишича, прокурорлар зўравонлик сабабларини ўрганиш мақсадида ўзбек томонига ўтган қочқинлар орасида суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Тергов жараёнида қочқинлардан Қирғизстонда 7 апрел воқеаларидан сўнг милллатлараро муносабатлар, этник ўзбекларни ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилгани ва ҳодисалар ортида ким тургани ҳақидаги саволлар сўралмоқда.

Эксперт Ишчи Гуруҳининг тахмин қилишича, ўзбек томони тергов маълумотларини масъулларни жавобгарликка тортиш мақсадида кейинроқ қирғиз томони ёки халқаро терговга тақдим этиши мумкин.

Гуруҳ Ўзбекистоннинг ўз терговини ўтказиш ҳаракатларини олқишлаган ва унинг хулосаларини жамоатчиликка ошкор қилишга чақирган.

Холис тергов

Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ўзбек томонининг текшируви қанчалик кучга эга бўлиши маълум эмас.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Ўшдаги вакили Анна Нейстатга кўра, агар зўравонлик қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлса, ўзбек прокурорлари бу ҳодисаларни текшириш учун ҳуқуқий сабабга эга бўладилар.

Бундай ҳолатда ўзбек томони текширувларни Қирғизистон билан ҳамкорликда олиб бориши керак бўлади.

Аммо Ҳюман Райтс Вотч тадқиқотчисининг таъкидлашича, қирғиз ва ўзбек томонларининг текширувлари холис бўлиши қийин.

"Этник низо сабабларини ўрганишда учинчи, холис томоннинг мустақил текшируви бўлиши керак", дейди Анна Нейстат.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати ҳодисалар юзасидан ўзи тергов ўтказишини айтган эди.

Анна Нейстатнинг Би-би-сига айтишича, қирғиз томони текширувларни бошлаган, аммо текширувни ким олиб бораётгани, комиссия таркибида кимлар борлиги номаълум.

Қирғиз расмийлари зўравонликларга алоқаси борлиги айтилган ўнлаб одамларнинг ҳибсга олинганини айтишган, аммо Ҳюман Райтс Вотч вакилига кўроа, уларнинг барчаси ўзбек миллатига мансуб.

"Ҳозиргача биронта қирғиз миллатига мансуб гумондорнинг ҳибсга олинганини эшитмадик" дейди Ҳюман Райтс Вотчнинг Ўшдаги вакили.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти зўравонликлар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирган.

Қирғизистондаги ўзбек жамоаси вакиллари ҳодисаларни ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузиш ва унга ўзбек жамоаси вакилларини ҳам киритишни талаб қилишган.