Ҳюман Райтс Вотч: 'қирғиз ҳарбийлари Ўшда талончилик қилмоқда '

Image caption Ўшликлар ҳамон кўчага чиқишдан қўрқишмоқда

Қирғиз аскарларининг Ўшдаги ўзбек хонадонларида талончилик қилаётганини айтган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Қирғизистон жанубига халқаро кучларни киритишга чақирган.

Ташкилотнинг Ўшдаги вакили Анна Нейстатнинг Би-би-сига маълум қилишича, 21 июн куни Ўш яқинидаги Наримон қишлоғида икки кишининг ўлимига олиб келган рейд ортидан қирғиз хавфсизлик кучлари ўзбеклар яшайдиган Калинин маҳалласида ҳам шунга ўхшаш амалиёт ўтказган.

Амалиёт чоғида 14 киши ҳибсга олинган, улардан икки нафари сешанба куни қўйиб юборилган.

Аскарлар аёлларнинг тилла буюмлари ва пулларини ўғирлашган, эркакларни эса дўппослаганлар.

Дўппосланган эркаклардан бири билан суҳбатлашганини айтган Ҳюман Райтс Вотч тадқиқотчисига кўра, талончилик қилган аскарларнинг қаердан келгани ва қайси бўлинмадан экани номаълум.

Унинг айтишича, ҳодиса жойига етиб келган Ўш коменданти амалиёт ҳақида аввалдан огоҳлантирилмаганини айтган, бу эса буйруқни комендант бермаганини англатади.

Ҳюман Райтс Вотч ўзбек маҳаллаларида турли хавфсизлик кучлари амал қилаётгани ва уларга ким буйруқ бераётгани маълум эмаслигидан ҳавотир билдирган.

Қирғиз полицияси сешанба куни тарқатган баёнотида Калинин маҳалласида снайперларнинг ҳам ҳибсга олинганини маълум қилган, аммо Ҳюман Райтс Вотч бундай ахборотга эга эмаслигини айтмоқда.

Ушба амалиётларнинг ҳаммаси Ўш коменданти ўзбек аҳолисини маҳаллалардаги баррикадаларни олиб ташлашга ишонтирганидан сўнг юз бермоқда.

Ҳюман Райтс Вотч баррикадаларнинг олиб ташланиши зарурий чора экани, аммо аҳолининг хавфсизлиги таъминланмас экан, рейдлар ва талончиликлар давом этаверишидан хавотир билдирмоқда.

Ташкилотга кўра, бу ҳодиса нима учун ўзбеклар қирғиз хавфсизлик кучларига ишонмаётганини тушунтириб беради.

Ҳюман Райтс Вотч баёнотида айтилишича, ушбу амалиётлар "Жанубий Қирғизистон аҳолисини ҳимоя қилиш учун БМТ мандатига эга халқаро кучларга эҳтиёж борлигини кўрсатади".

"Қирғиз хавфсизлик кучлари бу вазифани бажаришга қодир эмаслигини кўрсатиб қўйди", дейилади Ҳюман Райтс Вотчнинг баёнотида.

'Сенлар одам эмассан, сенларга паспортнинг кераги йўқ!'

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, душанба куни Наримон қишлоғидаги амалиёт чоғида хавфсизлик кучлари фуқароларни автоматларнинг қўндоқлари билан дўппослаган, уларга тегишли автоулов ва мебелларни пачоқлаган, уйларнинг деразаларини синдириб, пул ва тилла буюмларни олиб қўйган.

15-20 чоғли ҳарбийлар уйма-уй юриб, фуқаролардан шахсларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва Наримон қишлоқ милициясининг ўлими билан боғлиқ маълумот талаб қилишган.

Ташкилотнинг душанба кунги рейд чоғида ўлдирилган 58 ёшли Шаробиддин Дўстматовнинг аёлидан иқтибос келтиришича, улар хонадон эгасининг паспортини йиртиб ташлаб, уни автомат қўндоғи билан уришган. Орадан беш соат ўтиб, Шаробиддин Дўстматов жароҳатлардан кўз юмган.

Наримон қишлоқ аҳолиси қирғиз кучлари уларнинг паспортларини ёқиб юборганини айтишган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, ҳарбийлар унинг оиласига "Сенлар одам эмассан, сенларга паспортнинг кераги йўқ", деб айтган.

Наримонликларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари тунда қишлоққа қайтиб келиб, "аёллар билан шуғуланиш" ҳақида пўписа қилган.

Қирғиз мудофаа вазирлиги мулозими хавфсизлик кучлари минтақадан олиб чиқиб кетилиши ва ҳодиса юзасидан текширув ўтказилишини айтган.

Рейд чоғида камида 20 одам яраланган.

Ҳюман Райтс Вотчнинг ахборотича, хавфсизлик кучлари 26-56 ёш орасидаги камида 11 эркакни олиб кетган ва ҳозирда уларнинг тақдири номаълум.

Ўшликлар сешанба куни шаҳар ва атрофидаги вазият осойишта экани, аммо ҳануз қўрқув ва мавҳумлик ҳукм сураётганини айтишмоқда.

Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, расмийларнинг ишонтиришларига қарамай, одамлар орасида ҳадик сақланиб қолмоқда.

Марказий кўчаларда одам жуда оз, одамлар ўз маҳаллаларидан чиқишга қўрқишади.

Улар беҳосдан кимнингдир ўқига учраш ёки гаровга олинишдан чўчийдилар.

Ёнғиндан омон қолган дўконларнинг аксари очилмаган, ўзбек аҳолисининг кайфияти жуда ҳам тушкун.

Бошқа миллий озчиликлар орасида ҳам муҳожирот кайфиятлари кучайган.

Кеча Ўш вилоят татар-бошқир диаспораси вакиллари Татаристон президентига ўша томонга кўчишда ёрдам сўраб, мактуб тайёрлаган.

Душанба куни жанубда бўлган муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтинбоева ва мудофаа вазири Исмоил Исоқов ўзбеклар кўпроқ яшайдиган Аравон туманида булиб, референдум сўзсиз ўтиши, Ўш тикланиши, кадрлар сиёсатида ўзгаришлар бўлишини айтишган.

Ўшда ўзбек тилидаги рўзнома ва телестанциялар иш бошламаган.

Наримон қишлоғи ва Калинин маҳаллаларидаги ҳодисалардан сўнг айрим маҳаллалардаги ўзбек аҳолиси яна ўзларини баррикадалашни бошлагани айтилмоқда.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларда қурбон бўлганларнинг расмий сони 251 кишига етган.

Қирғизистоннинг муваққат раҳбари Роза Ўтинбоева ўлганларнинг ҳақиқий сони 10 баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтган.

Сешанба куни Қирғизистон чегара хизмати 35 мингдан отиқ қочқинларнинг Ўзбекистон билан чегарадан уйларига қайтишганини айтган, аммо Ҳюман Райтс Вотч қайтаётганлар сони унча кўп эмаслигини айтмоқда.