Девид Петреус Афғонистондаги хорижий кучлар янги қўмондони бўлади

Девид Петреус
Image caption Генерал Девид Петреус Афғонистон масаласини яхши билади

Американинг энг юқори мартабали ва таниқли генералларидан бири Девид Петреус Афғонистондаги хорижий кучларга қўмондонликни қабул қилиб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Президент Барак Обама ўз маъмуриятига қарши изоҳлари учун Афғонистондаги бундан аввалги қўмондони генерал МакКристални кеча кутилмаганда ўз вазифасидан четлатганди.

Президент Барак Обаманинг айтишича, генералнинг сўзлари ўзаро ишончга путур етказиб, ҳарбийларни бошқарув жараёнига раҳна солган.

НАТОнинг Афғонистондаги фуқаровий вакили Марк Седвиллнинг айтишича, генерал Петреусдан ажойиб генерал чиқади:

"Менимча, кеча президент Барак Обама ҳам айтганидек, генерал Девид Петреусни бош қўмондон этиб тайинлаш билан Америка барчага Афғонистон масаласида ўз аҳдига содиқ эканини намоён этган. Ва генерал Девид Петреус ўз даврининг энг олиймақом ҳарбийларидан биридир", деб айтган жаноб Седвилл.

Девид Петреуснинг бош қўмондон этиб тайинланиши Президент Обама учун анчагина қисқа муддатли муаммоларнинг ечими бўлади. Чунки, Девид Петреус жуда муҳим бўлган бир пайтда тезлик билан ишга тушиб кета олади.

Унга Афғонистон масаласи яхши таниш. Генерал МакКристалнинг раҳбари сифатида бутун минтақага қўмондонлик қилиб келган эмасми, жорий стратегия ва унда ўрин тутган хос инсонларни ҳам яхши билади.

Бундан ташқари Девид Петреуснинг маҳаллий ва халқаро миқёсда обрўйи жуда яхши. Генерал МакКристалдан фарқли равишда, сиёсий ва дипломатик ўқувга ҳам эга.

Америка қўшинларининг оширилиши ҳисобига Ироқ урушини бирёқли қила олган инсон сифатида тилга тушган. Аммо танқидчиларга кўра, генерал Ироқ масаласида қулай пайтдан фойдаланиб қолган. Генералнинг ўзи танқидчилар фикрларини рад этади.

Эндиги савол эса, жаноб Петреуснинг Афғонистон масаласида нимани қойиллата олишида. Генералнинг ўзи ҳам Афғонистон уруши Ироқдагидан кўра қийинроқ эканини яхши билади.

Бироқ, генерал Петреуснинг Афғонистондан ортга сафарбарлик масаласида генерал МакКристалдан кўра ҳам хайрихоҳ экани Президент Обама учун кейин яхшигина бошоғриқ бўлиши мумкин.

Чунки, сиёсий жиҳатдан бу ҳолат Вашингтонда хуш қаршиланмаслиги мумкин. Унинг бўш қолган ўрнига кимни тайинлаш масаласи президент ва Пентагон учун яна бир муаммолардан биридир.

Генерал Девид Петреуснинг ўзи ҳар икки лавозимини ҳам тутиб қололмаслиги мумкин. Эрон, Ироқ, Африка Мугузи ва Покистон кун тартибида экан, минтақадаги барча кучларнинг марказий қўмондоним ким бўлиши ниҳоятда муҳимдир.

Ироқдан фарқли яна бир жиҳати эса, генерал Петреус Афғонистонга янги стратежи билан бормайди. Аммо Афғонистон масаласида жорий стратежининг қанчалик иш бериши муҳим аҳамият касб этади. ЧУнки ҳозир бу хусусда саволлар ортиб бормоқда.