Халқаро қўмита Қирғизистонда ҳибс қилинган журналистларни озод қилишга чақирди

Image caption Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон расмийларини журналистлар хавфсизликларини таъминлашга чақиради

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон расмийларини мустақил журналистлар Улуғбек Абдусаломов ва Азимжон Асқаровларни зудлик билан озод қилишга ҳамда мамлакат жанубида фаолият олиб бораётган бошқа журналистлар хавфсизликларини таъминлашга чақирган.

Маҳаллий "Дийдор" газетаси бош муҳаррири Абдусаломов Жалол-Обод вилоятида 14 июн куни номаълум шахслар томонидан ушлаб олиб кетилган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси манбалари ва матбуот хабарларига кўра, милиция уни ҳеч бир ҳимоячисиз ҳибсда ушлаб турибди. Улуғбек Абдусаломов оила аъзолари билан кўришишига ҳам рухсат берилмаган.

У Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликларни ёритаётган бўлган.

"Биз Жалолободдаги қирғиз расмийларини Улуғбек Абдусаломов ва Азимжон Асқаровни дарров озод қилишга чақирамиз", дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Оврўпо ва Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Нина Огнианова.

Улуғбек Абдусаломовнинг ўғли ва гувоҳларга кўра, журналист Миллий Хавфсизлик Хизматининг минтақавий идорасига олиб кетилган ва кейин Жалол-Ободдаги ҳибсхонага ўтказилган.

Қирғиз муваққат ҳукумати матбуот хизматининг Жалол-Обод прокурори Қанибек Турдумамбетовдан иқтибос келтиришича, Улуғбек Абдусаломов миллий низо қўзғаш айбловлари билан қўлга олинган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг минтақадаги манбаларига кўра, Абдусаломовнинг ҳам ўзбек ва ҳам қирғиз тилида чоп этиладиган газетаси Қирғизистон ҳукуматига нисбатан танқидий мавқеъда бўлмаган.

Image caption Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туман милициясида сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров қийноқларга тутилаётгани хабар қилинган

Жалол-Обод милицияси инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровни ҳам худди шу айбловлар билан қўлга олган. У Бозорқўрғон қишлоғидаги зўравонликлар, талон-талож амаллари ва полициянинг инсон ҳуқуқлари топталиш ҳолларини тўхтатмаганига оид далилларни тўплаб юрган бўлган.

Асқаровнинг укаси ҳам ҳибсга олинган ва кейин қўйиб юборилган. Унинг айтишича, милиция зобитлари ундан Бозорқўрғондаги тадқиқотлари давомида олган суратлари ва видеотасвирни талаб қилишган.

Азимжон Асқаровни ҳимоя қилишга киришган маҳаллий адвокат Нурбек Токтакунов ҳимоясидаги маҳбус билан учрашишга изн беришмаётганини айтганди.

22 июн куни Асқаров билан қўриқчилар ёнида учрашишга муваффақ бўлган адвокат унинг ҳамма гапни айтишга қўрқаётганини сезган. "Шунда мен ходимларнинг олдида унинг(Азимжон Асқаровнинг) танасини текширдим ва белида, буйраклари атрофида кўкарган жойларни кўрдим", деб айтган Нурбек Токтакунов.

Олдинроқ Азимжон Асқаровни қийноққа тутиб, нуқул буйрагига уришаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, журналистлар этник келиб чиқишларига қараб нишонга олинмоқда ва Қирғизистон ҳукумати уларни етарли хавфсизлик билан таъминлай олмаяпти.

Камида икки журналист вақтинча яширинишга мажбур бўлган. Қўмитага кўра, журналистларнинг этник келиб чиқишлари боис қочиб юришга мажбурланиши қабул қилиб бўлмасдир.

Нина Огнианова Қирғизистон ҳукумати бундай ҳодисалар юзасидан тўлақонли текширув олиб бориши шартлиги ва журналистлар давом этаётган инқирозни ёритишларига шароит яратилиши кераклигини айтади.