Қирғиз Соғликни сақлаш вазирлиги: ўлганлар сони 261 га етди

Ўзбекистон шифохонасига олиб борилаётган ярадор
Image caption Ўзбекистон тиббиёт муассасаларига ҳам кўплаб яраланганлар ётқизилган

Қирғизистон Соғликни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, мамлакат жанубида рўй берган зўравонликларда ҳалок бўлганлар сони расман 261 га етган.

Бу ҳақда Қирғизистон тиббиёт расмийлари 24 июн куни маълум қилганлар.

Соғликни сақлаш матбуот хизматига кўра, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ва бу шаҳарлар атрофидан 2231 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

1040 киши шифохонага ётқизилган, 1200 кишига амбулатория кўмаги кўрсатилган.

Соғликни сақлаш вазирлиги сўзчисига кўра, шифохонага олиб борилган инсонларнинг аксарининг аҳволи жуда оғир бўлган, шунинг учун ўлганлар сони ортган.

Ўш шаҳрида бошланган қонли ҳодисаларнинг дастлабки соатлариданоқ ўзбеклар шифохоналарга, тиббий муассасаларга мурожаат қилишдан қўрқаётганларини айтганлар.

Ярадор бўлган ўзбеклар тиббиёт муассасасида яна ҳужумга учрашлари мумкинлигидан қўрққанлар.

Ўзбекистон чегарасига қочган қочқинлар ўзлари билан аксар ярадорларни олиб ўтишган.

Шоҳидлар чегарани кесиб ўтишда бир неча инсоннинг нобуд бўлганини маълум қилганлар.

Ўзбекистоннинг тиббиёт муассасаларига ётқизилган бир неча жароҳат олган қочқин ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Қирғиз тиббиёт мулозимлари ўзларининг маълумотларида ушбу ҳолатлар ҳам инобатга олингани, олинмагани ҳақида ҳеч нарса демаганлар.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева зўравонликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони расмий рақамлардан ўн баробар кўп бўлиши мумкин, деб айтган, сабаби "бизнинг урф-одатларимиз бўйича майитни кун ботгунча кўмишади", деган.