'Қирғизистондаги зўравонликларда террорчи гуруҳларнинг иштироки бор'

Жалолобод
Image caption Зўравонликлардан сўнг...

Қирғизистондаги зўравонликлар собиқ президент Қурмонбек Бакиев қариндошлари молиявий ёрдами билан террорчи ва экстремист гуруҳлар тарафдорлари томонидан ташкил этилган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев маълум қилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи" мамлакат жанубида амалга оширилган зўравонликларда иштирок қилган.

Жаноб Душебаевнинг қўшимча қилишича, собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг қариндошлари кўплаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган ушбу амалиёт учун 30 миллион доллар сарфлаган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари берган маълумотларга кўра, Қирғизистонда ҳалокатли ишларни амалга ошириш учун бир гуруҳ қуроллилар йўлланган.

Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида юз берган зўравонликларда 2 мингга яқин инсон нобуд бўлган. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2,200 инсон тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Зўравонликлар 10 июн куни Ўш шаҳридан бошланиб кетган, кейин Жалолобод вилоятига ёйилганди.

Ҳозир бу минтақаларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва комендантлик соати амалда.