“Ҳаёт ё мамот” ёки бутун Англия қандай қилиб ҳувиллаб қолди?

Сиз билан қаерда тўхтовдик,..йўқ, майли қўяверинг, чунки айнан Англия терма жамоаси ҳақида гап кетганда гапингизга нуқта қўйишлик хато бўлади:

Шундай қилиб, мен газет титкилаш, газетлар эса, мени оҳанрабодек ўзига тортишу, кўзларимни чарчатишдан тўхтамади. Энди Словенияга қарши учрашувгача нималарни ўқимадим, нималарни билиб олмадим дейсиз: Вейн Руней “Инглиз футболи примадоннаси”га, ҳал қилувчи учрашувлари арафасида “Ё ҳаёт, ё мамот,” деган тўхтамга келган Жеррард эса, буёғи нақ Шекспирнинг Ҳамлетига айланган, “Шогирдлари албатта кейинги босқичга чиқишини” даъво қилган Фабио Капелло эса, “ўзининг аҳмоқ эмас”лигига ҳаммани ишонтиришга уринган...Футболнинг ватанида футбол ҳам бир сиёсатдек гап эмасми, каттаю кичик, ёшу қари, аёлу эркак, кимдир у деган, кимдир бу деган, ўқийверасиз...Ҳамма футболни сув қилиб ичиб юборган мутахассис...Лўғатларда таърифи келтирилган ҳақиқий фикрлар ранг-баранглиги деб мана шунга айтилади, деб юборганингни ҳам билмай қоласан киши. Ҳар қандай журналист учун ҳам, сиёсий маданиятини(!) оширмоқчи бўлган ҳар қандай онгли фуқаро учун ҳам яхши сабоқ! Хуллас, уч кун ичида берилиши мумкин бўлган барча маслаҳату тавсиялар бериб бўлинди: Мақолаларимдан барчаси сизга ҳам ёд бўлиб кетгани учун ҳам уларни яна қайтиб такрорлаб ўтириш балки ножоиздир. Аммо битта хосини айтиб ўтмасам, кўнглим ҳеч жойига тушмаслиги аниқ: Англия футболининг пири бўлиб кетган ҳамманинг маслаҳатига мувофиқ, инглиз миллий терма жамоаси Словенияга қарши ўйинда майдонга қизил либосда тушиши лозим эди. Барча маслаҳатгўйларнинг бирдек эътироф этишларича, жамоа қизил кийимда тўп сурган бирор бир учрашувида мағлуб бўлмаган. Бу қанақа ирим-сирим, деб лабимнинг бир чети беихтиёр бурилиб кетганини ҳам яшириб ўтирмоқчи эмасман. Аммо ўша оннинг ўзидаёқ бу футбол дардининг энг олий изҳори эканини тан олишга мажбур қилган онгим бурилган лабимни ҳам қайтиб жойига туширди, қўйди. Ишим тақазоси туфайлими, бошқа хабарлар оқимида қизил либосга оидини сал унутгандек эканман,

буёғи қизиқ бўлди

Англия ва Словения орасидаги ҳал қилувчи якуний учрашув маҳаллий вақт билан соат учда: нақ иш қайнаган, тушлик пайтию, мактабларда дарс вақти тугаган бир пайтга тўғри келганди. Шундан ҳам билиб олгандирсиз, бошимга улкан “ташвиш” тушган. Муаммодан чиқиш йўллари ҳам миямда қатма-қат бўлиб кетгандек туюлади, худди рад этилганлари устма-уст тахланиб қолгандек. Шу алфозда поездга ҳам чиқдим. Тахлар ҳануз тахланаётган бошимни буриб, қўлоғимни “дик” этишга мажбур қилгани – ён-атрофимдан чалинаётган гап-сўзлар бўлди. Кимдир қўл телефонида Словениянинг қандай жамоа эканини кимгадир тушунтирган, бошқаси аллақачон Англияни ғалаба қозонтириб, кейинги рақиби Олмония бўлиши ваҳимасида,..Одатда газетага орқа қилиб келган йўловчилар бугун бир-бирларига суянишган эди, бе-чора кўнгиллар излаган тафтни эрта-бурундан биров-бировдан излаётганди. Бу ҳам далда беролмаганларга бугун атайдан кийилган махсус спорт футболкаларию, машиналарни янада безаган байроқчалар ва қай бир дўконга кирманг, нақ қаншарингизга урилай деган шиорлар далда бўлди.

Лекин ҳали ҳаммаси олдинда эди

Вақтни қандай режалаш масаласида устамон бўлиб кетган эмасманми, қурбон бўлган тушлик вақтим ҳаққи ҳурмати ёзаётган мақолам шу соатга қадар битиб, чопдан ҳам чиқди. Тушлик масаласи эса, эрталаб, йўл-йўлакай қаҳвахонадан сотиб олинган бутерброд ҳисобига ҳал бўлганди. Зиёнсизгина тушлик: Ҳам ейиб, ҳам ишлашнинг олиймақом имконияти...Аммо қизимни эрталаб мактабга отаси олиб борган эмасми, олиш гали меники, агар поездга чопадиган бўлсам, учрашувнинг бор-йўғи биринчи қисмини кўришга улгураман. Хўш, нима қилмоқ керак?...Миям тинимсиз ечим йўлларини қидираётган бир паллада бутунбошли Англияни ягона вужуд, ягона нафасга айлантирган, барча бирдек кутиб-кутмаган учрашув ҳам бошланди. Мен эса, майдонга тушган инглиз футболчиларининг қизил либосда, ҳа, ҳа, қип-қизил либосда эканликларини кўриб, том маънода оғзим очилиб қолганди. Ҳайратимнинг оғирлигини кўтариш оғирлик қилганидан, уни бошқа ҳамкасбларим билан бўлишишга ҳам улгурдим. Изоҳга ҳеч қандай ҳожат қолмаганди. Миллий терма жамоа учун бугунги учрашув “ҳамма нарса” эканига ана шунда амин бўлдим. Аммо сўз футболнинг ватани бўлган Англия ҳақида кетмаяптими, ғалаба иштиёқида ёнган ва куйган битта улар эмас эди. Агар ўз ишхонамиз мисолида айтадиган бўлсам, бутун Англияда(!) вужудга келган манзарани ўзингиз чизиб олаверасиз: Футболга қизиққан-қизиқмаган борки, ҳамманинг кўзи телевизор экранларига қадалган, шошилинч интервью, яна бир соатдан кейин жонли эфирга чиқиши керак бўлган дастур,...барча-барчаси бир неча дақиқага бўлсин, мутлақ унутилган(бунақаси бўлиши мумкин эмас!), улкан телевизион экранлари ўрнатилган эмасми, емакхонамиздаги қолган-қутганнинг ҳам боши ликоплардан буткул кўтарилган, вилкаю қошиқ қўлларда қотган, оғизлар ним очиқ...Футбол гаштини инглизчасига олишни истаган борки, ўзини маҳаллий пабимизга урган, оёққа тураман, десангиз ҳам сиқилиб қоласиз. Мен-ку, нозикроқдирман, энди, сал этлироқларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг...Барча каттаю кичик маҳрумиятлару, кимнинг қандай миллат вакили эканига қарамай, ҳамма ана шу 90 дақиқа давомида ягона ишқибозга айланганди...Ҳаяжоннинг зўридан стул ҳам пастлик қилганидан, менга ўхшаган айримларимиз иш столимизнинг устига ўтириб олган(умид қиламанки, маданиятсизликка йўймассиз), бақир-чақирни-ку, энди қўяверинг(нақ иш жойида-я!)...Шунча қий-чувнинг орасида нигоҳимни телевизор экранларидан узишга мажбур қилгани эса, турмуш ўртоғимнинг қизимни мактабдан ўзи олишига оид таклифи бўлди. Сўнгги ташвишидан ҳам холи бўлган беташвиш кўнгилнинг ишқибозлигини фақат томоша қилиш керак эди, холос, томоша...Шундай қилиб, қизил кийимлар иш бердими ёки майдонга ичиб тушган пиволари, инглиз миллий терма жамоаси 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида илк ва муҳим ғалабасини қўлга киритган, гуруҳ босқичидан чиқишга муваффақ бўлганди. Шунча одамнинг шунча дод-войими, ютган юракларими, берган қурбонликлари, ҳеч бири бесамар кетмаганди.

Ҳам журналист, ҳам ишқибоз бўлишнинг-ку ташвиши ўзига хос...

“Чинор остидаги дуэль” фильмини албатта кўргансиз,..Нортой ўз “ғалаба”сини ювган ”Навоий” опера ва балет театри қаршисидаги фонтан эсингиздадир. Лондонда ҳам ишқибозлар ўз мамлакатларининг каттаю кичик ғалабасини ювадиган ана шундай фонтанлари отилиб турган “Трафалгар” деган майдон бор. Пиёда юрсангиз, ишхонамиздан 10 дақиқачалик йўқ. Ҳукуматларининг марҳаматидан фойдаланиб, эрта битган ишларидан қолган 90 дақиқани футбол кўриб ўтказган барча борки, пабу, ресторану, бардан кўчага оққан. Мен ҳам ана шу оқимга қўшилиб, “Трафалгар”га қараб оқдим. Жаҳон чемпионати бошланганига шунча кун бўлган бўлса, бу ердаги одамларнинг қўлларида вувузелаларни ҳам илк бор бугун кўрдим....Шундай қилиб, майдонга ҳам қўшилишиб етиб бордик: Адмирал Нельсон пойига йиғилган ишқибозларнинг қулочлари қадар ёйилган давлат байроқларию, инглиз футболчилари шарафига айтилган ҳамду санолар билан бугунги куннинг барча дарди ва машмашалари ҳам ўз поёнига етганди. Аммо фақат якшанбага қадар,..уёғига қадар эса, ҳозирча Худо пошшо...