Ўтинбоева барчани якшанба кунги референдумда овоз беришга ундади

Ўтинбоева

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева кишиларни шу якшанба кунига режаланган референдумда овоз беришга чақирган.

Ўтинбоева хоним бундай даъват билан Қирғизистон жанубида юз минглаб кишиларни қочқинликка юз тутишга мажбур қилган бир неча кунлик этник низолардан икки ҳафта ўтиб чиққан.

Апрел ойида юз берган қонли тўқнашувлар ортидан президент Қурманбек Бакиевнинг ўрнига қудратга келган Ўтинбоева хонимнинг айтишича, референдум Қирғизистон халқининг бирдамлигини ифодалайди.

Аммо Қирғизистон жанубидаги этник низолардан жабр кўрган минтақаларда ўзбек ва қирғиз жамоалари орасидаги мавжуд танглик сабаб, аксариятнинг референдумда овоз бермасликлари кутилмоқда.

Тунги даъват

Роза Ўтинбоева бундай даъват билан кеча кеч тунда телевидение орқали қилган мурожаатида чиққан.

Қирғиз муваққат ҳукумати раҳбарининг айтишича, референдумда берилган "Ҳа" жавоби, унинг ўз таъбирида, ўтмишдаги автократик аҳлоқсизлик устидан қозонилган ғалаба бўлади.

Ўтинбоева хонимга кўра, Қирғизистон жанубида келиб чиққан этник зўравонликларни якшанба кунги референдумни чиппакка чиқариш учун собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг ҳамкорлари уюштиришган.

Қудратдан четлатилиши ортидан Беларусдан бошпана топган жаноб Бакиев қирғиз муваққат ҳукуматининг айни мазмундаги даъволарини рад этиб чиққанди.

Айни шу манзарада ўртага чиқаётган савол эса, вазият кўнгилдагидек бўлмаса ҳам, масъуллар нега бунчалик референдумни ўтказишга жон-жаҳдлари ҳаракат қилаётганликларида.

Этник низолар сабаб Қирғизистон жанубида доимий бошпанасиз қолган минглаб қочқинлар энди-энди ўз уйларига қайтаётган бир паллада улардан қанчасининг овоз беришга қодир бўлиши ёки буни исташи номаълум.

Ўтинбоева хонимнинг ўтган тунги телевизион чиқиши ҳам сўнгги чора сифатида қилинган мурожаатдан ўзга нарса бўлмаслиги мумкин.

Қирғиз муваққат президентининг айтишича, якшанба кунги референдумда иштирок этиш қирғиз ва ўзбек жамоалари орасидаги ярага малҳам бўлади ва ўз халқининг "муқаддас бирдамлиги"ни намоён этади.

Қирғизистон ҳукумати референдумда ўзбек аҳолисининг иштирокини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Алмазбек Атамбаев шу ҳафта бошларида, керак бўлса, ўзбек маҳаллаларига сайлов қутиларини олиб кирилишини айтганди.

Қирғиз мулозимлари, шунингдек, Ўзбекистонга қочиб ўтган фуқароларнинг овоз беришларини таъминлашда ёрдам сўраб, ўзбек томонига мурожаат этишларини ҳам билдиришганди.

Референдумдан мақсад янги конституция лойиҳаси ҳамда муваққат президент Роза Ўтинбоеванинг 2011 йил охиригача ўз лавозимида қолиши бўйича халқнинг иродасини билишдир.