'Бакиев жияни этник тўқнашувларни келтириб чиқарганини бўйнига олган'

Ўш шаҳрида Қирғиз расмийлари қўлга киритганини даъво қилган қурол-яроғ
Image caption Қирғиз милициясига кўра, Санжар Бакиев ёнида қурол-яроғ топилган

Қирғизистон расмийларига кўра, қудратдан кетказилган президент Қурманбек Бакиевнинг жияни ҳибсга олинган ва у ҳукумат биноларини қўлга олгани ва этник тўқншаувларни гижгижлаганини тан олган.

Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турганбоев айтган.

Вазир ўринбосари сўзларига кўра, Қурманбек Бакиевнинг 25 яшар жияни Санжар Бакиев Жалолобод вилоятидаги Сузоқ тумани Қизил Туу қишлоғида ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинган.

Санжар Бакиев Қурманбек Бакиевнинг оламдан ўтган укасининг ўғли экани хабар қилинган.

Қирғизистон милициясидан хабар қилишларича, қўлга олиш чоғида Санжар Бакиев ва унинг шериклари қуролли қаршилик кўрсатишган, бироқ махсус амалиёт сўнггида Бакиев қўлга олинган, шерикларидан айримлари қочиб кетишга муваффақ бўлганлар.

Амалиёт жойида кўп сондаги қурол-яроғ топилгани хабар қилинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турганбоевнинг айтишича, тергов пайтида Санжар Бакиев Жалолободда давлат муассасаларини қўлга киритишни ташкил этиш ҳамда миллатлараро тўқнашувларни гижгижлашга алоқадорлигини бўйнига олган.

Расмийларга кўра, собиқ президентнинг жияни қонли ҳодисаларни ташкиллаштиришда нафақат алоқадор, балки тўқнашувларда асосий рол ўйнаган.

Санжар Бакиевга оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, давлат идораларини қуролли йўл билан босиб олиш ҳамда қотиллик бандлари бўйича айбловлар қўйилган.

Қирғизистон муваққат ҳукуматига кўра, мамлакат жанубидаги ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги қонли тўқнашувларни қудратдан кетказилган президент Қурманбек Бакиевнинг яқинлари ташкил этганлар.

24 июн куни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев, сўнгги зўравонликларни собиқ президент қариндошлари молиявий ёрдами билан террорчи ва экстремист гуруҳлар тарафдорлари ташкил этган, деган баёнот билан чиқди.

Жаноб Душебаевга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи" мамлакат жанубида амалга оширилган зўравонликларда иштирок қилган.

Ҳозир Минскда бўлган собиқ президент Қурманбек Бакиев ўзининг қариндошларининг хунрезликлардаги алоқасини рад этди.

Жаноб Душебаевнинг қўшимча қилишича, собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг қариндошлари кўплаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган ушбу амалиёт учун 30 миллион доллар сарфлаган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари берган маълумотларга кўра, Қирғизистонда ҳалокатли ишларни амалга ошириш учун бир гуруҳ қуроллилар йўлланган.

Таҳлилчилар Қирғиз мулозимларининг Бакиев оиласи ва исломий гуруҳлар ҳамкорлиги ҳақидаги баёнотини "ўта ишонарли далиллар тақозо этадиган ғайриоддий даъво", деб баҳоладилар.

Би-би-си суҳбатлашган қатор халқаро кузатувчилар Қирғизистон Хавфсизлик Хизматлари илгари сурган даъволарда асосида далил-исбот йўқлигига ишора қилишди.

"Бу даъволарга мен унча ишонқирамасдан қараяпман. Қирғиз расмийлари ҳеч қандай далил тақдим этгани йўқ, ва Бакиевлар оиласи ўз уринишларини қуролли гуруҳлар билан мувофиқлаштириб, ўз мавқеи ва бойликларини, ҳамда келажакда Қирғизистонга қайтиш имкониятларини хавф остига қўйишлари эҳтимоли жуда кам. Албатта, Қирғизистондаги ҳодисалар қуролли гуруҳларга тартибсизликлардан фойдаланиб, минтақага кириш имконини яратган бўларди. Вазият бундан мужмалроқ, мумкинки низо Қирғизистонда сони кўп бўлган рақиб жиноий гуруҳлар томонидан уштирилган," - деб айтган Би-би-сига хавфларни тадқиқ қилиш бўйича Control-Risks Group халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Уолкер.