Жалолобод прокурори: бир неча таниқли ўзбек ҳибсга олинган

Қирғиз полицияси
Image caption Сўнгги кунларда Ўш ва Жалолободда кўплаб ҳибсга олишлар амалга оширилган

Жалолобод вилояти прокурори Қанибек Турдумамбетовнинг айтишича, этник тўқнашувларни гижгижлаш гумони билан бир неча "таниқли ўзбек шахслари" қўлга олинган.

Бу ҳақда Жалолобод прокурори Қирғизистон телевидениесига берган интервьюсида айтган.

Қанибек Турдумамбетов сўзларига кўра, этник тўқнашувларни кўзга кўринган ўзбек бизнесмени Қодиржон Ботиров ташкиллаштирган деб гумон қилинмоқда, Ботировга яқин бўлган кишилар ҳибсга олинган.

"Терговчилар аллақачон Қодиржон Ботировнинг яқин одамларини қўлга олишган. Улардан бири "Дийдор" рўзномасининг бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов. Шуни айтиб ўтиш керакки, рўзноманинг идораси Халқлар Дўстлиги университети(Ботиров асос солган)нинг ичкарисида бўлган. Яна бири Муҳаммаджон Аҳмедов, Жалолобод шаҳридаги "Билол" масжидининг имоми. Куни кеча Миллий Хавфсизлик хизмати яна икки гумондор, университет ректори Озодбек Кароматовни, "Родина" сиёсий партиясининг лидери Аъзамжон Акбаровни ҳибсга олди. Ва гумондорларни бизнинг, терговчиларнинг ихтиёрига топширишди. Ҳозир уларга этник адоватни қўзғаш айбловини қўйиш-қўймаслик масаласи кўриб чиқилмоқда", деб айтган Жалолобод вилояти прокурори Қанибек Турдумамбетов.

Олдинроқ Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати хунрезликларда собиқ президент Қурманбек Бакиев яқинларини, Қирғизистон ҳудудидаги ўзбек гуруҳлари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи"ни айблаб чиқди.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Кенешбек Душебаевга кўра, Қирғизистондаги зўравонликлар собиқ президент Қурмонбек Бакиев қариндошлари молиявий ёрдами билан террорчи ва экстремист гуруҳлар тарафдорлари томонидан ташкил этилган.

Душебаевга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи" мамлакат жанубида амалга оширилган зўравонликларда иштирок қилган.

Жаноб Душебаевнинг қўшимча қилишича, собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг қариндошлари кўплаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган ушбу амалиёт учун 30 миллион доллар сарфлаган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари берган маълумотларга кўра, Қирғизистонда ҳалокатли ишларни амалга ошириш учун бир гуруҳ қуроллилар йўлланган.

Куни кеча Қирғизистон ички ишлар вазирлиги собиқ президент жияни Санжар Бакиев ҳибсга олингани, у Жалолободда давлат муассасаларини қўлга киритишни ташкил этиш ҳамда миллатлараро тўқнашувларни гижгижлашга алоқадорлигини бўйнига олгани ҳақида хабар қилган.

Таҳлилчилар Қирғиз мулозимларининг Бакиев оиласи ва исломий гуруҳлар ҳамкорлиги ҳақидаги баёнотини "ўта ишонарли далиллар тақозо этадиган ғайриоддий даъво", деб баҳоладилар.

Би-би-си суҳбатлашган қатор халқаро кузатувчилар Қирғизистон Хавфсизлик Хизматлари илгари сурган даъволарда асосида далил-исбот йўқлигига ишора қилишди.

"Бу даъволарга мен унча ишонқирамасдан қараяпман. Қирғиз расмийлари ҳеч қандай далил тақдим этгани йўқ, ва Бакиевлар оиласи ўз уринишларини қуролли гуруҳлар билан мувофиқлаштириб, ўз мавқеи ва бойликларини, ҳамда келажакда Қирғизистонга қайтиш имкониятларини хавф остига қўйишлари эҳтимоли жуда кам. Албатта, Қирғизистондаги ҳодисалар қуролли гуруҳларга тартибсизликлардан фойдаланиб, минтақага кириш имконини яратган бўларди. Вазият бундан мужмалроқ, мумкинки низо Қирғизистонда сони кўп бўлган рақиб жиноий гуруҳлар томонидан уштирилган," - деб айтган Би-би-сига хавфларни тадқиқ қилиш бўйича Control-Risks Group халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Уолкер.