Қочқинлар қайтиб бораётган Ўшнинг бугунги аҳволи шоҳид нигоҳида

Ўш

Қўшни Қирғизистон расмийларига кўра, этник зўравонликлар туфайли яшаш жойларини тарк этганларнинг кўпчилиги уйларига қайтганлар. Ғалаёнларнинг марказига айланган Ўш шаҳри анча тинчиган, Ўш ва Жалолободда тунги чеклов соатлари бекор қилинган. Якшанба кунига мўлжалланган референдум олдидан тарғибот-ташвиқот тўхтатилган. Қирғиз муваққат ҳукумати мамлакат бош қонунига ўзгартиришлар ва муваққат президент ваколатини узайтиришга қаратилган референдумни эртага ўтказишга қаттиқ бел боғлаган. Кеча Ўшга бориб, вазиятни яқиндан ўрганган Марказий Осиё бўйича америкалик олим Питр Синнот ўз таассуротлари билан ўртоқлашади:

Питр Синнот: Ўшдаги марказий бозор ўта катта, у бир неча километрга чўзилади. Машҳур дарвозасидан кириб, ичкарироққа кириб борар экансиз, бозорда нақадар вайронагарчилик юз берганини кўрасиз. У ерда "қирғиз" сўзи ёзилган дўконларни кўрдим, улар бузилмаганди, лекин эгалари шу кунгача қайтиб келишмаган. Мени ларзага келтиргани шуки, бу каби вайронагарчиликларни келтириб чиқариш учун жуда узоқ вақт керак, уни қилиш осон эмас. У ерга саноқли тужжорлар қайтиб, мева-чева сотишмоқда. Шаҳарда хавфсизлик кучлари анча фаол, машинангизни тафтиш учун қисқа вақтга тўхтатишади, холос. Сулаймон тоғи тепасидан шаҳарга қараганимда, чамаси 10 фоизи буткул вайрон бўлганини кўрдим.

Би-би-си: Оддий аҳоли билан суҳбатлашдингизми? Нималар дейди одамлар?

Питр Синнот: Мен икки ўзбек маҳалласига бордим ва у ердаги одамлар билан бироз вақт ўтказдим. Улар мерганлар Сулаймон тоғи ёнидан юриб, отишни бошлашгани, ўқлар қаерларга текканини айтиб, кўрсатиб беришди. Цементга ўрнашиб қолган ўқларни кўрдим. Снайперлар ортидан БТРларда, ҳарбий форма ва ниқобларда аскарлар келишганини айтишди. Воқеалар ортидан аёллар ва болалар қочишган, эркаклар ортда қолишган. Бир жой ёниб, баъзи жойлар ёнмаган, ёнган жойларга ёқилғи сепилган бўлган. Алиев деган ҳудуд энг қаттиқ шикаст еганини кўрдим. У бир неча чақиримга чўзилади ва кўчанинг икки тарафида ҳам уйлар куйиб бўлганди. Қайтиб келган ўзбеклар энди нима бўлишидан хавотирда эдилар, мактабларимизга нима бўлади энди, ўзбек мактаблари қайта очиладими деб сўрашаётганди. Саволлар ва ғазаб жуда кўп.

Би-би-си: Аммо қирғиз аҳолиси билан суҳбатлашдингизми? Уларга етказилган зарарга гувоҳ бўлдингизми?

Питр Синнот: Масалан, Алиев деган ҳудудда "қирғиз" сўзи ёзилган савдо иморатлари омон қолган, "сарт" сўзи ёзилганлари куйиб бўлган. Иккови ҳам бир одамнинг қўли билан ёзилгандек. Қирғиз маҳаллий расмийси мени илк жанжал бошланган жойга олиб борди, улар пайшанба куни 10 июнда казинода муштлашув бошлангани, сўнгра аёллар яшайдиган ётоқхонага олиб бориб, у ерга маҳаллий ўзбеклар бостириб кириб, уч қизни ўлдирганини айтишди. Улар можаронинг айнан бир жанжалдан бошланганини менга исботламоқчи бўлишаётганди. Аммо аслида бу воқеалар аввалдан жуда яхши тайёрланган ва ўзбекларни мамлакатда сиқиб чиқаришга қаратилган амалдек туюлди менга.

Би-би-си: Расмийлардан ташқари оддий қирғизлар-чи? Улар ҳам уйлари ёнганини айтишдими?

Питр Синнот: Бишкекнинг шундоқ ташқарисидаги далада чодирларда яшаётган қирғизлар ўз маҳаллаларида жуда кўп сонли ўзбеклар пайдо бўлиб қолганини айтишди. Баъзиларига кўра, бу ўзбеклар аслида шаҳардан қочаётган оломон бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бунинг ортидан қирғизлар ҳам қўрқиб, уйларидан чиқиб қочишга қарор қилишган. Асосан ўзбеклар яшовчи ҳудуддаги бу қирғизлар ҳаммаси биргалашиб шимолга қочганлар. Халқаро ташкилотлар сўнгра уларни чодирлар билан таъминлашган. Улар ортга қайтишганларида уйларини ўзбеклар эгаллаб олганини кўришган. Ўзбеклар, "биз кетолмаймиз, чунки бизнинг уйимиз ёниб вайрон бўлди, қайта қурилгандан кейин қайтамиз" деб айтишибди. Менга хавфсизлик кучлари кеча шу уйлардан ўзбекларни сиқиб чиқариб, қирғизларни қайта жойлаштиришаётганини айтишди, мен ўзим ҳам улар билан бордим. Лекин улар ўзбек қўшниларини тушунишлари, фақат келажакда нима бўлишидан хавотирда эканларини билдиришди.