Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистонда парламент бошқаруви истиқболи қандай?

Image caption Қирғиз сиёсатчиларига кўра, Қирғизистонда президентлик бошқаруви ўзини оқламади

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакатда президентлик бошқаруви ўзини оқламади ва шунинг учун парламент бошқаруви жорий этилиши керак.

27 июнда Қирғизистонда умумхалқ референдуми ана шу мақсадда ташкил этилди.

Бироқ мамлакатда юз берган икки рангли инқилоб туфайли қудратдан кетказилган собиқ президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам парламент бошқаруви самарасига шубҳа билдиришди.

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги мамлакатлардан биронтаси шу вақтгача парламент республикаси тизимига эга бўлмаган, бу мамлакатлар кўпда ўта марказлашган, қудрат асосан бир шахснинг қўлида мужассамлашган президентлик тизимларини афзал кўрадилар.

Канадада ўтаётган ривожланган 20 давлат раҳбарлари саммитида гапирган Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистон учун парламент тизими заифлик қилишини айтди.

Жаноб Медведев янги тизим экстремизмнинг кучайишига олиб келишидан хавотир билдирган.

"Тартибни ўрнатиш учун куч етмаётгани, ҳукумат легитимлиги паст, уни дастаклаш эса кўплаб саволларни пайдо қилаётгани ҳисобга олинса, Қирғизистонда парламент модели қандай ишлашини мен унчалик тасаввур қила олмайман. Алалоқибат, бу тизим ҳукумат тепасига экстремист йўналишдаги кучларнинг келиши учун йўл очмасмикин? Ҳар ҳолда бу мени ташвишлантиради", деб айтди Президент Медведев.

Президент ваколатларини чеклаб, мамлакат бошқарувида парламентга кенгроқ салоҳият берувчи сиёсий тизимга ўтилишини Марказий Осиё тарихида биринчи тажриба дейиш мумкин.

Демократик ўзгаришларда нисбатан илғор, лекин муваффақиятлари у қадар ҳам самарали бўлмаган Қирғизистонда бу тизим не қадар ишлаб кета олади? Башоратлар қандай? Би-би-си ушбу саволлар билан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат этди.