Қозоғистон Қирғизистонга ўз ҳарбийларини киритмайди

Image caption Президент Назарбоевга кўра, мустақил давлат ҳудудига бегона ҳарбийлар кирмаслиги лозим

Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти таркибида Қирғизистонга ўз ҳарбийларини киритмайди.

Бу ҳақда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев “Россия” телеканалига берган интервьюсида айтган.

Бироқ Қозоғистон қўшни давлатнинг иқтисодий тикланиш дастурини яратиш учун ёрдам беришга тайёр, деган Президент.

Ўз навбатида кузатувчилар Қирғизистоннинг энг йирик сармоядорларидан бўлган Қозоғистонни биринчи навбатда бизнес масалалари ўйлантиришини айтишмоқда.

Президент Назарбоев қарийб 2 ҳафта давом этган жимликдан сўнг, Қозоғистон аскарларининг қўшни Қирғизистонга киритиш масаласига йўқ, дея узил кесил нуқта қўйди.

“Ҳар қандай мустақил давлат ҳар доим шундай қилиши керакки, натижада унинг ҳудудига бегона ҳарбийлар кирмаслиги лозим. Биз қозоқлар у ерга қўшин кирита олмаймиз. Уларнинг қўлида қурол бор, агар бу нарса содир бўлса, жуда ҳам кўп қон тўкилиши мумкин. Ана унда қирғиз қозоқни, қозоқ қирғизни ўлдириши мумкин,” -деган жаноб Назарбоев.

Қозоғистон президенти айни дамда Қирғизистонни иқтисодий жиҳатдан кўтариш керак, деган фикрни билдирган.

У Қирғизистон ҳукуматини четдан сармоя киритиш учун етарли шароитлар яратмаётганликда айблаган.

Президентга кўра, сармоя жалб қилувчи объектлар хусусийлаштирилиши керак.

Аввал иқтисод

Кузатувчилар Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувлар борасида Қозоғистоннинг суст ҳаракат қилганига ҳукуматнинг Қирғизистонда одамлар тақдиридан ҳам илк ўринда бизнес масалалари қизиқтиргани асосий омил бўлиб хизмат қилганини айтишади.

"Қозоғистон қирғиз иқтисодининг энг фаол сармоядорларидан. Албатта, Қозоғистон раҳбарияти ушбу сармояларни сақлаб қолишдан манфаатдор. Бу нарса шуни англатадики, Қозоғистон ҳукумати учун Қирғизистондаги қизиқишлари сирасида бизнес масаласи биринчи ўринда туради", - дейди сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамколик Ташкилотининг раиси ўлароқ, Қозоғистоннинг ушбу воқеаларда ҳал қилувчи рол ўйнамагани эса, бундай нуфузли ташкилотга собиқ шўро давлатлари ичида илк бор раислик қилаётган давлатнинг босим ўтказиш воситалари камлиги билан изоҳланади.

Апрел ойидаги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган муваққат ҳукумат билан расмий Остонанинг муносабатлари айни дамгача ҳавас қилгилук даражада эмаслиги айтилади.

Қозоғистоннинг беқарорликни сабаб қилиб, чегарларини ёпиб қўйишига муваққат ҳукумат сувни тўсиб қўйиш билан жавоб берган ва шундан сўнг чегаралар очилганди.

Бундан бир неча ҳафта бурун эса муваққат ҳукумат раисининг ўринбосари Азимбек Бекнааров Иссиқкўлдаги Қозоғистон ширкатларига тегишли оромгоҳларни тортиб олиш билан таҳдид қилган.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг бу каби чиқишларига расмий Остона шу пайтгача бирор изоҳ бергани йўқ.

Маҳаллий кузатувчилар эса Қирғизистон ҳукуматида ким ва қандай кучлар бўлишидан қатъий назар, Қозоғистон улар билан ҳамкорлик қилишга мажбур эканини айтишади.