Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти: Қирғиз референдуми ижобий қадам

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонда 27 июн куни бўлиб ўтган умумхалқ овоз беришини ижобий баҳолади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистондаги референдумни кузатиш учун атайлаб юбормоқчи бўлган қисқа муддатли кузатувчиларини хавфсизлик муаммолари туфайли юбормаган, аммо овоз беришни мамлакатдаги узоқ муддатли кузатувчилар кузатиб, натижаларни қабул қилиш кераклиги ҳақида хулосага келган.

Уларга кўра, Қирғизистон жанубида рўй берган этник тўқнашувлар туфайли уй-жойсиз ва ҳужжатсиз қолган фуқароларнинг ҳам овоз бериши имконини яратишга ҳаракатлар йўлга қўйилган.

Би-би-си Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакили Йеанс Ешенбахердан референдум ҳақидаги хулосалари ҳақида сўради:

Йеанс Ешенбахер: Умумий бераётган баҳомиз шуки, расмийлар ғайриоддий шароитларга ва қийинчиликларга қарамай, бу референдумни тинч йўлда, анча шаффофлик ва тартиб билан ўтказишга муваффақ бўлишди. Айниқса, жанубдаги вазиятни ҳисобга олганда, яъни зўравонликлардан икки ҳафтагина вақт ўтганини ҳисобга олсангиз, аввалдан кутилган баъзи муаммолар бўлди, масалан унинг қонуний йўлда амалга оширилиши, овоз бериш ва овозлар саналишида нуқсонлар сезилган. Лекин, бу ижобий қадам. Куз мавсумига мўлжалланган парламент сайловлари халқаро мезонларга тўла бўйсунилган ҳолда ўтишини таъминлаш учун ҳозирда мавжуд муаммоларни ечишга ҳаракат қилиш керак.

Би-би-си: Референдумдан аввал зўравонликлардан Ўзбекистонга қочган қирғизистонлик ўзбекларнинг референдумдаги иштироки борасида хавотирлар юзага чиққанди, яъни уларнинг овоз бера олмаслигидан хавотирлар бор эди. Бу вазият борасида нима дея оласиз?

Йеанс Ешенбахер: Қирғизистондан ташқарида бўлган, Ўзбекистон ҳудудидаги қочқинлар овоз беришда иштирок эта олмадилар, аммо сўнгги икки-уч кун ичида қочқинларнинг анча катта сони ватанларига қайтишганди. Қирғизистоннинг ўз ҳудудида уйини ташлаб бошқа жойга қочишга мажбур бўлган инсонлар учун овоз беришлари йўлида бир қатор махсус шароитлар яратиб берилди. Масалан, паспортини йўқотган инсонлардан улар овоз бериш хуқуқидан фойдалана олишлари учун ҳужжат сўралмади. Ундан ташқари қочқинлар жамлоқларига овоз бериш қутилари олиб борилди ва ҳоказо. Бу шароитлардан қочқинлар нақадар фойдалана олдилар, буни билмаймиз, чунки Қирғизистонда кузатувчиларимиз жуда кам эди. Овоз берганлар сони ҳақида бирон нарса айта олмаймиз.

Би-би-си: Сиз Қирғиз ҳукумати куз мавсумида ўтадиган парламент сайловларидан олдин мавжуд муаммоларни ҳал қилиши керак дедингиз. Қандай муаммолар булар?

Йеанс Ешенбахер: Бир-икки соҳаларда вазиятни яхшилаш лозим. Айниқса, қонунлар соҳасида. Сайловларни назорат қилувчи қонун-қоидалар орасида қатор қарама-қаршиликлар аниқланган. Масалан, бу референдумнинг амалга оширилган дея ҳисобланиши учун неча фоиз сайловчилар иштироки зарур эканлиги борасида тушунмовчиликлар мавжуд эди. Буни аниқлаштириш керак, сайловлар аниқ қонунлар доирасида ўтиши керак. Ундан ташқари сайлов жараёнида ва овозлар саналишида қаллобликларнинг олдини олиш учун қонун-қоидалар йўлга қўйилмаган. Назоратни кучайтириш керак. Сайлов комиссияси аъзоларининг ўзлари ҳам сайлов қонунларини яхши билмаслигига гувоҳ бўлдик. Улар яхшироқ тайёрланиши керак. Матбуот ёритилишининг холислиги ҳам таъминланиши лозим.