Қирғиз жанубига қайтаётган қочқинларнинг яшаш шароитлари хавотирларга сабаб бўлмоқда

Image caption Уйи кулга айланган кўп қочқинларнинг борар жойи йўқ.

Халқаро ёрдам ташкилотлари Қирғизистон жанубида вазиятнинг нисбатан осойишта эканига карамай, зўравонликлардан жабр кўрган аҳолининг шароитларидан жиддий хавотир билдиришмокда.

Бирлашган Миллатларнинг қочқинлар бўйича агентлиги одамлар ҳануз даҳшатдан ўзларига келмаганлари ва бутунлай вайрон бўлган уйларда яшаётганлари, бутун бошли маҳаллаларда сув ва электр энергиясининг йўқлигини айтган.

Айни дамда АҚШ давлат котибининг аҳоли, миграция ва қочқинлар масалалари бўйича ўринбосари Эрик Шварц Тошкентда берган матбуот анжуманида унинг сафари эътибор марказида яқинда Қирғизистондан бош олиб чиқишга мажбур бўлган қочқинлар масаласи ётганлигини билдирди.

Унга кўра, АҚШ ҳукумати қочқинларга ёрдам бериш учун 30 миллион доллар ёрдам ажратган ва азият чеккан одамлар эҳтиёжларини қондириш учун ҳамкорлик қилишда давом этади.

Жаноб Шварц Ўзбекистоннинг 100 мингга яқин қочқинни қабул қилиб олиш амалини "тезкор ва конструктив муносабат" дея баҳолади.

"Ҳозирда аксар қочқинлар Қирғизистонга қайтган бўлсалар ҳам, уларнинг қайтишлари атрофидаги шароитлар атрофида хавотирлар бор ва Қирғизистонда вазият хавотирлигича қолмоқда," - деди у.

"Бундан ташқари, Ўзбекистонда қолган қочқинлар учун узоқроқ муддатга у ерда қолиш имкони берилиши ва чегаралар очиқ қолиши керак. Қирғизистондаги даҳшатли воқеалар рўй берган ерларга одамлар қайтишдан чўчиётганларини биз тушунамиз. Шунинг учун ҳар қандай қайтиш кўнгилли бўлмоғи лозим," - дея илова қилди у.

Бугун Ўшга ташриф буюрган Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти президенти Якоб Келленбергер у ердаги ёқиб юборилган ва вайрон бўлган уйларни ўз кўзи билан кўрган ва маҳаллий аҳоли ҳамда расмийлар билан учрашган.

Унга ҳамроҳлик қилган Қизил Ҳочнинг Ўшдаги вакили Пьер Эммануэл Дюкрюэ сафар тафсилоти ҳақида гапириб берди.

Дюкрюэ: Албатта, Қизил Ҳоч президенти ёнган, вайрон бўлган уйларни кўриб, даҳшатга тушди. У оддий одамларнинг қандай ҳаёт кечираётганлари ҳақидаги ҳикояларини тинглаб, Ўшдаги вазиятдан янада кўпроқ хабардор бўлди. Биз Шарқ маҳалласидаги ёрдам тарқатиш нуқтасида бўлдик. У ердаги амалиётларни Президент ўз кўзи билан кўрди ва одамларнинг эҳтиёжлари ҳақида сўради. Ва кўрганлари ҳақида кейинроқ Ўш вилоят ҳокими билан учрашув чоғида гапириб берди. У расмийларга Қизил Ҳоч ташкилотининг амалиётлари ҳақида батафсилроқ маълумот берди ва бу амалиётларнинг давом эттирилиши ҳақида ишонтирди. Ҳозирда ёрдам амалиётларининг биринчи, шошилинч қисми ниҳоясига етмоқда. Иккинчи босқичда биз ҳалигача уйларига қайтолмаган одамларнинг муаммоларига эътибор қаратамиз.

Би-би-си: Ўшнинг ўзбек аҳолиси ҳануз қўрқув ичида яшаётганини айтмоқда. Кўчага чиқиш хавфли, одам ўғирлашлар ва зўравонлик ҳолларининнг давом этаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда. Қизил Ҳоч раҳбари расмийлар билан учрашувда хавфсизлик, одамларни ҳимоялаш масаласини ҳам кўтардими?

Дюкрюэ: Албатта, президент бу муаммони кўтарди. Ўш вилоят ҳокими хавфсизлик муаммосидан яхши хабардор экани ва муваққат ҳукумат бу борада чоралар кўраётганини айтди. У ҳукумат қонун устиворлигини таъминлаш йўлида иш олиб бораётгани ҳақида ишонтирди.

Би-би-си: Бугун ярадорларнинг ҳам Ўзбекистондан қайтарилгани ҳақида хабарлар олинган. Сиз буни тасдиқлай оласизми?

Дюкрюэ: Мен ҳозиргина Ўшдаги касалхонада бўлган Қизил Ҳоч шифокорлари билан суҳбатлашдим. Улар чегарадан қайтиб келаётган ярадорларни кўриш учун боришганди. Мен сизга қайтган ярадорларнинг сони ҳақида маълумот беролмайман. Чунки уларнинг қайтишини кузатиб турган гуруҳимиз хали ўзбек чегарасидан қайтиб келгани йўқ. Аммо ярадорларнинг қайтиб келаётгани тўғри ва биз вазиятни яқиндан кузатиб турибмиз.

Би-би-си: Улар ўзлари қайтишаяптими ёки қайтишга мажбурланганми?

Дюкрюэ: Ҳозиргача биз суҳбатда бўлган одамлар ўз хоҳишлари билан қайтганликларини айтишаяпти. Аммо, биз қайтишга мажбурланганлар бўлиши эҳтимолини истисно қилмаймиз. Лекин, аксарият ўз хоҳишлари билан қайтаётганини ишон билан айта оламиз.

Би-би-си: Нью Йорк Таймс рўзномасида бугун чоп этилган мақолада қочқинларнинг Ўзбекистондан қайтиши ёрдам амалиётларини издан чиқариб юборгани айтилади. Ҳақиқатда ҳам шундайми?

Дюкрюэ: Йўқ, мен бундай деб айтмаган бўлардим. Ўзбекистондан қочқинларнинг қайтиши ёрдам амалиётларининг йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкин. Аммо биз ҳар қандай шароитда ҳам ўз ишимизни бажаришга, яъни муҳтожларга ёрдамни етказишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда барча ёрдам амалиётлари Ўзбекистондан қайтган қочқинларнинг эҳтиёжларига кўра, амалга оширилмоқда.