Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Қирғизистонда ҳибсга олинганларни бориб кўриш рухсатини сўрамоқда

Image caption Халқаро Қизил Хоч қўмитаси раҳбари Ўшдаги вайронагарчиликларни бориб кўрган ва Қирғизистон ҳисбхоналаридаги маҳбуслар аҳволини ўрганиш рухсатини сўрамоқда

Қирғизистонга сафар қилган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси раҳбари Якоб Келленбергер президент Роза Ўтинбоевадан мамлакат жанубидаги зўравонликларга алоқадор кўрилиб, ҳибсга олинган барча тутқунлар билан учрашишга рухсат берилишини сўради.

Сешанба куни Ўшга сафар қилган жаноб Келленбергер зўравонликларнинг оқибатларидан даҳшатга тушганини айтган эди.

Қирғиз расмийлари ҳодисаларга алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб шахсларнинг ҳибсга олинганини маълум қилишган.

Улар орасида Жалолободлик журналист Улуғбек Абдусаломов, инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров, шунингдек, Қирғиз-Ўзбек Университети ректори ва маҳаллий имом ҳам бор.

Қизил Хоч қўмитасининг Ўшдаги вакили Пъер Эммануел Дюкрюенинг Би-би-сига айтишича, одата Қизил Хоч қўмитаси ҳибсдаги инсонларнинг тақдири борасида ҳукумат билан икки томонлама иш олиб боради ва қўмита раҳбари бу масалани Роза Ўтинбаева билан муҳокама қилганининг сабаби ҳам ана шунда.

Ҳамкорлик икки томонлама олиб борилгани ва махфий бўлгани учун музокаралар тафсилотлари оммага ошкор этилмайди, деб айтди қўмита вакили.

Унга кўра, ҳибсга олинганлар борасида асосий хавотирлар улар сақлаб турилган шароитлар ва умуман, ҳибс остида бўлган вақтлари ўртага чиқиши мумкин бўлган барча жиҳатлар билан боғлиқ.

Ва бу ҳолат нафақат жанубдаги зўравонликлар билан боғликликда ҳибсга олинганлар, балки, Қирғизистондаги ҳамма ҳибсхоналарда ушлаб турилган гумон остидаги шахсларга таалуқлидир.

Қизил Хоч қўмитасига кўра уларда мамлакат жанубидаги зўравонликларга алоқадор, дея кўрилиб ҳибсга олинганлар сони ҳақида маълумот йўқ ва шу вақтгача уларнинг биронтасини бориб кўриш имкони бўлмаган.

Қўмитага кўра, ҳозирда ҳибсхоналарни бориб кўриш учун янги ҳукумат билан янги келишувга эришиш керак, чуник аввалги ҳукумат томонидан берилган рухсат ўз кучини йўқотган. Бу каби рухсатни олиш эса муайян вақт талаб қилади.

Аввалроқ 13 июн куни ҳисбга олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман милициясида сақланаётгани ва қийноқларга тутилаётганини ҳақида унинг адвокати хабар қилганди.

Азимжон Асқаровга ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда миллий низо қўзғаш айблари қўйилган.