'Қирғизистон жанубида ўзбек диаспораси раҳбарларидан яна бири ҳибсга олинди'

Қирғиз телевидениесининг оҳирги ҳабарига кўра, Жалол-Обод вилоятида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланган ўзбек диаспорасининг раҳбарларидан бири Ғофуржон Абдураҳмонов Сузоқ туманида қўлга олинган.

Бу ҳақида Жалол-обод вилоятининг ички ишлар вазирлиги жиноий терговлар бўлими хабар қилган.

Жиноий қидирувда бошчилик қилган ички ишлар вазирининг биринчи муовини Мелис Турганбаевга кўра, жаноб Абдураҳмоновнинг уйида граната, йирик миқдорда ўқлар топилган.

Қирғиз телевизион хабарида айтилишича, 30 июнь куни минтақада олиб борилган тозалаш амалиёти чоғи Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг икки қариндоши ҳам қўлга олинган. Уларнинг уйларидан ҳам қурол-яроғлар ва Калашников милтиғи ҳам топилган.

Милиция ҳозирда қидирилаётган Қодиржон Ботировнинг уйини тинтув қилишган.

Жиноий қидирувда бошчилик қилган ички ишлар вазирининг биринчи муовини Мелис Турганбаевга кўра, вазият осойишта ва назорат остида эканини айтади. Аммо, ҳуқуқ-тартибот кучлари махсус тозалаш амалиётларни давом эттиришмоқда.

Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам мазкур амалиётлар ўтказилаётганини тасдиқлайди.

Нуфузли инсон ҳуқуқлари фаоли Тўлекан Исмоилова ўзбеклар уйларида ўтказилаётган рейдлар ноқонуний йўлда олиб борилаётгани, оддий аҳоли вакиллари рейд чоғида дўппосланаётгани, аёллар тақинчоқлари тортиб олиниб, ўзбекларнинг қирғиз паспортлари ёқиб юборилаётганини хабар қилган.

Уйларига рейдлар ўтказилган баъзи ўзбеклар рейд чоғида полиция уларнинг уйига наркотик моддалар ва ўқлар ташлаётганини иддао қилиб, шикоят қилишган.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган Ўшлик ноҳукумат ташкилот ходимига кўра "оддий ўзбекларнинг уйларига бостириб кириб, наркотик ва ўқ топиб, олиб кетишаяпти".

24 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида этник зўравонликлар бўйича тергов натижаларини эълон қилган Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш ва Жалол-ободдаги воқеаларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи иштирок этганини даъво қилган.

Идора баёнотида айтилишича, улар билан шу йил апрелида Дубайда учрашган (собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли) Максим Бакиев зўравонликларни молиялаган.

Баёнотда, шунингдек, "террористлар ва Бакиевпараст кучлар билан бирлашган" ўзбек миллий ва маданий марказлари раҳбарларига ҳам ишора қилинади.

Қирғиз хавфсизлик кучларининг бу даъволарини халқаро таҳлилчилар шубҳа остига олишмоқда. Уларга кўра, исломий экстремистлар, Бакиев тарафдорлари ва ўзбек раҳбарлари орасида алоқа бўлгани ҳеч қандай далил-исботга асосланмаган.

Ўшда ҳамон қўрқув

Ўш шаҳрида қолаётган ўзбеклар ҳамон қўрқувда яшаётганлари, аксар ўзбеклар ўз маҳаллаларидан чиқмаётганлари ҳақида айтишади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, Ўш ва Ўш шаҳри атрофидан ҳибсга олинган ўзбеклар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтакланган, уларнинг ўзларига нима учун ҳибсга олинганликлари сабаби тушунтирилмаяпти, улар адвокат билан таъминланмаганлар.

"Мана шу зўравонликлар кечган, уйлар куйган жойлардан ўзбек йигитларини олиб чиқиб кетиб сўроқ қилишяпти. Бир оиладан 4 кишини олиб кетишган...Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинмоқда", дейди Ўшдаги "Қонун ва тартиб" инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Иззатулло Раҳматуллаев.

У бундай ҳоллар қайд этилаётгани, аммо ҳеч ким бу шикоятларга қулоқ тутмаётганини айтади. Бундан олдин ҳам қирғиз расмийлари мамлакат жанубида кечган зўравонликларга алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб одамлар ҳибс қилингани ҳақида маълум қилишган.

Улар орасида Жалолободлик журналист Улуғбек Абдусаломов, инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров, шунингдек, Қирғиз-Ўзбек Университети ректори ва маҳаллий имом ҳам бор.

Бир кун олдин Қирғизистонга сафар қилган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси раҳбари Якоб Келленбергер президент Роза Ўтинбоевадан мамлакат жанубидаги зўравонликларга алоқадор кўрилиб, ҳибсга олинган барча тутқунлар билан учрашишга рухсат берилишини сўраганди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари махсус тозалаш амалиётлари фақат ўзбек миллатига тегишли фуқароларга нисбатан бораётганидан хавотир билдиришади.

SMS рақамимиз: +44778620112