Антонио Гутеррес:'Қирғизистон жанубида вазият барқарор, аммо таранглик сақланиб қолмоқда'

Антонио Гутеррес
Image caption Гутеррес жаноблари Қирғизистонга халқаро ёрдамлар муҳим эканини айтади

Этник зўравонликлар оқибатларини бартараф этишга уринаётган Қирғизистонда вазият таранглиги сақланиб қолмоқда. Ҳукумат ишонтиришларига қарамасдан, ўз уйларига қайтган ўзбек қочқинлари ҳибсга олинаётганлари ва калтакланаётганлари ҳақида айтмоқдалар. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Антонио Гутеррес аҳвол билан танишиш мақсадида Қирғизистон жанубида бўлган. Би-би-си ундан ўз тассуротлари ҳақида сўраган:

Антонио Гутеррес: Биз минглаб ёндирилган уй-жойларни кўрдик. Ҳозир вазият бир қадар барқарорлашган, аммо таранглик ҳамон сақланиб қолмоқда. Қирғизистон ҳукумати мулозимлари иккала жамоа фуқаролари ҳуқуқларини бирдай таъминлашлари керак. Аҳоли тўлақонли фуқаролар қаторига қўшилиши керак. Шу билан бирга Қирғизистон жуда қашшоқ мамлакат экани ёдда тутилиши ва халқаро ҳамжамият ёрдам йўлида бирлашиши лозим деб ўйлайман.

Би-би-си: Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг бугунги кунда Қирғизистондаги вазиятни ўнглаш учун етарлича заҳиралари борми?

Антонио Гутеррес: Биз ўзимизнинг инсоний ва техник заҳираларимизни тезлик билан сафарбар этишга эришдик. Аввалига Ўзбекистонда, кейин мана Қирғизистонда...Ўзбекистондан қайтганлар ҳозир Ўш ва Жалалободда жойлаштирилган. Биз халқаро ҳамжамиятдан ёрдам олдик ва уларни етказмоқдамиз. Ёрдамга эҳтиёж жуда катта деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Сиз зўравонликлардан қочиб жон сақлаган қочқинлар билан кўришгансиз, улар Сизга нима дейишмоқда?

Антонио Гутеррес: Одамларнинг ҳафсаласи жуда пир бўлган ва ҳатто айримлар нафратга тўла десак бўлади. Шунинг учун ҳам, ўзаро ишончни тиклаш учун жуда кўп ишларга қўл урилиши керак. Одамлар бирданига ҳамма нарсадан кутилмаганда жудо бўлишган. Табиийки, бу этник можаро мамлакатнинг сиёсий муаммолари билан ҳам боғлиқ. Аммо айни пайтда, қочқинлар ўз келажакларидан хавотирда. Тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши керак.

Би-би-си: Сиз тинчлик ва барқарорликни тилга олдингиз, айтингчи, у ердаги қочқинлар ўзларини ҳозир хатарсиз деб ҳис қиладиларми? Хавфсизлик масаласида ким маъсул ва ким вазиятни назорат қилмоқда?

Антонио Гутеррес: Биласизми, вазият жуда қалтис деган бўлардим. Сиёсий қудратнинг ўзи қалтис ва нозик бир паллада... Хавфсизлик кучлари ва полиция кучлари ҳукуматнинг тўла назорати остида эмас. Кўплаб одамлар бу кучлар устидан арз қилишмоқда. Вазият ростдан ҳам жуда қалтис ва шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамиятнинг аралашуви жуда муҳим.

Би-би-си: Сиз учратган жабрдийдалар орасида - муроса ҳақида гапираётганлар борми?

Антонио Гутеррес: Бунга вақт керак. Одамлар ўз ғазабу аламларини ошкор қилишлари керак. Аммо, ҳамма тинчликни истайди. Хавфсизликни истайди. Ҳеч ким қасос ҳақида гапираётгани йўқ. Улар муаммоларни ҳал қилишни исташади.

SMS рақамимиз: +44778620112