'Ўш шаҳрида вайрон этилган уйларнинг 90 фоизини қайта тиклаб бўлмайди'

UNOSATнинг Ўш шаҳридаги вайронагарчиликлар акс этган сурати
Image caption UNOSAT Ўш шаҳридаги энг кўп вайронагарчиликлар рўй берган ҳудудларни алоҳида белгилаган

Ўш шаҳри расмийларининг айтишича, этник зўравонликлар пайтида шаҳарда вайрон этилган уйларнинг 90 фоизини қайта тиклаб бўлмайди.

Уйларни қайта қуриш талаб қилинади.

Қирғизистон ўтиш даври ҳукумати раҳбарининиг ўринбосари Темир Сариевга кўра, Ўш ҳамда ва Жалолобод шаҳарларини аввалги ҳолига келтириш учун 450 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ зарур.

Расмийлар етказилган зарарлар миқёсини аниқлаш ишлари давом этаётганини айтмоқдалар.

Олдинроқ Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўш ва Жалолобод вилоятларида 1400 га яқин уй ёқиб юборилгани ҳақида маълум қилган.

Бироқ Бирлашган Миллатлар ташкилотининг сунъий йўлдош орқали тадқиқот олиб борадиган институти - UNOSAT фазодан туширилган суратларни ўрганиш асосида биргина Ўш шаҳрининг ўзида 1807 уй вайрон этилганини аниқлаганини маълум қилган.

UNOSATнинг Ўш шаҳридаги вайронагарчиликлар акс этган сурати

UNOSAT Ўш шаҳрини космосдан 18 июн куни тасвирга олган, БМТ институти жами Ўш шаҳрида 2-3 минг уй тўла бузилган деб тахмин билдирган.

UNOSAT Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани суратини ҳам эълон қилган, бу суратларда камида 400 бино тўла вайрон этилгани, 32 бинога жиддий шикаст етказилгани акс этгани хабар қилинган.

Қирғиз расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш учун 1 миллиард долларгача маблағ зарур бўлиши мумкин.

Ўш шаҳридаги ўзбеклар истиқомат қилган айрим маҳаллалар буткул вайрон бўлган.

Расмийлар Ўшдаги Сулаймон тоғи атрофидаги маҳаллалар ўрнида кўп қаватли турар-жой биноларини барпо этиш, шаҳарни яна обод ва гўзал шаҳарга айлантиришга ваъда бермоқдалар.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас