Ўзбек қочқинларига бошқа мамлакатга чиқишни таклиф қилишмоқдами?

Ўзбекистонлик қочқинлар
Image caption Энди Қозоғистонда қочқин мақомини БМТ қочқинлар комиссарлиги эмас, Қозоғистон расмий идоралари беради

Қозоғистонда бошпана изловчи 200 ортиқ ўзбекистонлик Миграция бўйича қўмита департаменти томонидан ташкиллаштирилган комиссиядан ўтмоқда. Муҳожирларнинг айтишича ҳозирча ҳеч кимга қочқин мақоми берилмаган.

Муҳожирларга норасмий равишда тезроқ Қозоғистондан бошқа исталган давлатга чиқиб кетиш таклифи берилган.

Ўзбекистон томонидан турли оғир жиноятларда айбланиб топширилиши сўралган 30 дан ортиқ муҳожир эса ҳамон тергов қилинмоқда.

Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ишини Олма ота миграция бўйича қўмита департаменти кўриб чиқмоқда.

Муҳожирларнинг айтишича айни дамгача бирорта ҳам бошпана изловчига ижобий жавоб берилмаган. Меҳнат вазирлигига қарашли Олма ота миграция бўйича қўмита департаментида бошпана изловчиларнинг ишини департамент директори, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги вакиллари кўриб чиқишмоқда.

Исмини ўзгартириб айтишни билдирган ўзбекистонлик Абдулло ана шу комиссияга кириб чиққан ва унга ҳам рад жавобини беришган. У ўз ишини кўриб чиқаётган давлат ташкилоти ходимининг муомаласидан норози. Комиссия аъзоларидан биридан нима учун бунчалик қўпол муомала қилганини сўраган.

- Нега комиссия вақтида мени бир террорчи, бандит, ёмон одамнинг ўрнида кўриб, подвалдаги терговчига ўхшаб, савол жавоб қилдинг? Мен бандит эмас, мен қочқинман, десам, "биз ҳаммага шу саволларни берамиз, ҳамма билан шундай савол-жавоб қиламиз", деб жавоб берди, дейди бошпана изловчи Абдулло.

Бошпана изловчиларга ҳозиргача фақат рад жавоби берилиб келаётганини Олма ота миграция бўйича қўмита департаментидагилар рад этишди. Аммо бу борада бошқа изоҳ бера олмасликларини билдиришди.

Муҳожирларнинг гапига кўра, уларнинг ишини кўриб чиқаётган ушбу департамент ходимлари уларга бошқа давлатга чиқиб кетишни тавсия қилишган.

- Биз сенга чиқиш визасини тўғрилаб берамиз. Истаган давлатинггга чиқиб кетаверасан. Бошқа мусулмон давлатлар бор, Арабистон, Мисрга чиқишинг мумкин. Бизнинг давлат эса мусулмон эмас дунёвий давлат, деди, дейди Абдулло.

Қочқинлар ишини кўриб чиққан комиссия раҳбари, Олма ота миграция бўйича қўмита департаменти директори Гулсара Алтинбекова бошпана изловчиларга нисбатан бундай таклиф бўлганини рад этиб уларга чиқиш визаси олиш учун йўлланма беришларини айтди.

- Рад жавобини берган одамларимизга чиқиш визасини олишлари учун йўлланма берамиз. Аммо уларга чиқиб кетинглар, деган гап бўлгани йўқ. 3-4 йилдан бери бизда туришибди, бу ерда яна кўплаб ўзбеклар юрибди. Уларга ноқонуний равишда чиқиб кет деб айтолмаймиз-ку, дейди Гулсара Алтинбекова.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги қошидаги лойиҳа юристи Денис Живага бошқа давлатга чиқиб кетиш ҳақидаги таклифларни эшитганини айтади.

- Бу ҳақда менга қочқинлар айтишди. Мен бу нарсалар қандай шароитларда яратилишини билмайман, дейди Денис Живага.

Шу йилнинг апрель ойида Қозоғистондаги бошпана изловчиларнинг ишини Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги миграция қўмитаси кўриб чиқа бошлади. Ўзбекистондан диний эътиқоди туфайли қочиб келган одамларнинг сони оиласи аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда 200 дан ошиши айтилади.

9 июн куни Олма отадаги қочқинларнинг уйига полиция кучлари бостириб кирган ва ҳамма эркакларни сўроқ учун олиб кетганди. Айни дамда Олма ота тергов изоляторида 25 та қочқин ва яна 7 киши Миллий хавфсизлик қўмитасида тергов қилинмоқда. Ушбу шахсларни Ўзбекистон прокуратураси турли оғир жиноятларни қилишда гумон қилиб халқаро қидирувга берган.

Тергов қилинаётганларнинг орасида БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги учинчи давлатга чиқиб кетиш рухсатини берган шахслар ҳам бор.