Роза Ўтинбоева - Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти

Бишкекда Роза Ўтинбоеванинг Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти сифатида қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди.

Ўтинбоева хоним қасамёд маросимини дабдабаларсиз ўтиши ҳақида эълон қилган, маросим Бишкекдаги Филармония залида бўлиб ўтди.

Роза Ўтинбоева Қирғизистон конституциясини ҳурмат қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга ваъда берди.

Маросимда сўзлаган Роза Ўтинбоева "биз тарихимизнинг энг драматик даврларидан бирида яшамоқдамиз", деб айтди.

"Афсуски, Ўш ва Жалолобод минтақаларида фожеали ҳодислар бўлди. Қора кучлар кўплаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкди.

"Мен ўз томонимдан, ушбу фожеа оқибатларини имкон қадар тез бартараф этиши учун нима лозим бўлса давлат амалга оширади, деб сўз бераман", деди Қирғизистон ўтиш даври президенти.

Роза Ўтинбоева эркин иқтисод ва инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берган. Ўтинбоева хоним шу йил апрел ойида юз берган ҳодисалардан тегишли хулоса чиқариш лозим деб айтган.

"Янги ҳукумат барча сиёсий кучлар билан конструктив ҳамкорликка, фикрлар хилма-хиллигига, сўз экркинлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ғоялар рақобати, ҳалол диалогга тайёр. Биз барча илғор кучларни мамлакатни янгилаш бўйича ҳамкорликда ишлашга чақирамиз", деди Роза Ўтинбоева. Ўтинбоева хонимнинг сўзларига кўра, янги ҳукумат олдида "давлатнинг маданият сиёсати соҳасида маънавий инқилобни амалга оширишдек улкан вазифа турипти".

59 ёшли дипломат Роза Ўтинбоева шу йил апрелида президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятдан кетказган ҳодисалар ортидан қудратга келди.

Муваққат ҳукумат Қирғизистонда президентлик бошқаруви ўзини оқламади, шунинг учун мамлакатда парламент бошқарувини жорий этиш таклифини илгари сурди, шу йилнинг 27 июнига мўлжалланган референдумда Қирғизистон конституциясига ўзгартириш киритиш масаласи қўйилди.

Шу йилнинг 11 июнида Ўш шаҳрида қонли ҳодисалар бошланди. Этник зўравонликлар минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлди, деган қўрқувлар мавжуд.

Қирғиз расмийлари 300 атрофида инсон ҳалок бўлганини айтишган, бироқ Роза Ўтинбоева ҳалок бўлганлар сони расман эълон қилинганидан 10 баробар кўп бўлиши мумкинлигини билдирган.

Қонли ҳодисаларда аксар ўзбеклар ҳужумга тутилганлар, 100 минг атрофида ўзбеклар қўшни Ўзбекистондан паноҳ қидиришга мажбур бўлдилар.

Ўш ва Жалолобод шаҳарлари атрофида минглаб хонадонларга ўт қўйилди, тинч фуқаролар мол-мулки вайрон бўлди.

Хунрезликларга қарамасдан, Қирғизистон муваққат ҳукумати умумхалқ референдумни бекор қилмади, бу - ҳукуматнинг "қонуний маконга кириши зарурияти" билан изоҳланди.

Қирғизистон Марказий Сайлов комиссияси овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 90 фоиздан зиёди конституцион ўзгартиришларни ёқлаб овоз берганини эълон қилди.

Шунга асосан, Роза Ўтинбоева 2011 йил охиригача Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти бўлади, парламент бошқаруви асослари эса шу йил 10 октябрга мўлжалланган парламент сайловларидан кейин қўйилади.