Ўтинбоева илк хорижий сафарини амалга оширмоқда

Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева Қозоғистон пойтахти Остонада ўтаётган Овросиё Иқтисодий Ҳамжамиятида иштирок этмоқда. Бугун у Россия Президенти Дмитрий Медведев билан ҳам учрашиши кутилади. Россия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари, шунингдек, ўзаро учрашувларни бошлаб юборишган.

Мазкур саммит Роза Ўтинбоеванинг 27 июнь референдумида президент этиб тасдиқланиши ортидан илк хорижий сафари бўлмоқда.

Саммит кун тартибига кўра, Овросиё Иқтисодий Ҳамжамиятини ривожлантириш, божхона иттифоқи фаолиятини таколмиллаштириш ва Овросиё иқтисодий ҳудудини яратиш каби масалалар муҳокама этилади.

Ҳамжамиятнинг 10 йиллиги муносабати билан давлат раҳбарларининг қўшма баёноти эълон қилиниши кутилади.

Арманистон Президенти Серж Саркисян ва Украина Президенти Виктор Януковичлар кузатувчи сифатида иштирок этишмоқда.

Ўзбекистон 2006 ва 2008 йиллар орасида ҳамжамиятнинг аъзоси бўлган, бироқ ҳозир унга аъзо эмас.

Овросий Иқтисодий Ҳамжамиятининг саммитини очган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев саммит ўзаро ишонч ва бир-бирини тўғри тушуниш кайфиятида ўтишига умид қилишини айтган.

Бироқ, кузатувчилар Роза Ўтинбоеванинг Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан қандай мулоқотда бўлишига асосий эътиборни қаратишмоқда.

Жаноб Лукашенко Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевга бошпана берган ва Ўтинбоева ҳукуматининг уни Бишкекка топшириш талабини рад этиб келмоқда.

Расмий Бишкек уни апрель ойида пойтахтда юз берган тартибсизликларда саксондан ортиқ кишининг ўлимида айбдор деб билади.

Александр Лукашенко Роза Ўтинбоевани қонуний президент сифатида тан олмаган.

Кўмак

Роза Ўтинбоева Овросиё Иқтисодий Ҳамжамияти саммити сўнгидаги матбуот анжуманида гапира туриб: "Биз кўмакларга ёки ҳайр-садақага қараб қолмаймиз. Ҳар бир давлатдан берилган оз-оз кўмак оёққа туриб олишимизга ёрдам беради," - деган.

Президент, шунингдек, референдумдан сўнг Қирғизистон ҳукумати биринчи навбатда тўқнашувлар содир бўлган ҳудудда иқтисодни тиклаш билан машғул бўлишини билдирган.

"Бугунда иқтисодимиз жиддий зарар кўрган, чегаралар ёпиқ. Мен бу борада Нурсултон Назарбоев билан батафсил гаплашиб олдим. Қозоғистон президенти биздаги мажбурий таътилда ўтирган 150 мингдан ортиқ тикувчиларнинг иши қайта тикланишига ижобий қаради. Биз ўз товарларимизни ўтказишимиз мумкин," - деб айтди Роза Ўтинбоева. У ўзаро эришилган келишувларга батафсил тўхталмади.

Овросиё Иқтисодий Ҳамжамияти аъзо мамлакатлар орасида божхона иттифоқи ва ягона иқтисодий ҳудудни ривожлантириш, ҳамда жаҳон иқтисодий ва халқаро савдо тизимига қўшилиш мақсадида барпо этилган.