Бишкекда ҳибсда сақланаётган Британия фуқароси шифохонага ётқизилган

Вугар Ҳалилов
Image caption Вугар Ҳалилов 7 апрел ҳодисаларидан кейин ҳибсга олинган

Қирғиз расмийлари собиқ президент Бакиев яқинлари билан давлат маблағларини талон-тарож қилишда гумон қилиб ҳибсда сақлаб турган Британия фуқароси Вугар Ҳалилов соғлиги ёмонлашган.

Ҳалилов ҳимоячисининг хабар қилишича, 6 июл куни британиялик бизнесмен ва Би-би-сининг собиқ ходими, Бишкекдаги Flexi Communications ширкати раҳбари Вугар Ҳалилов устидан маҳкама бошланиши кутилган эди.

Бироқ Ҳалиловнинг юраги билан боғлиқ муаммо сабабли зудлик билан шифохонага ётқизилган, маҳкамани 13 июлга кўчиришга тўғри келган.

Асли Озарбайжонда туғилган Вугар Ҳалиловни 7 апрелда президент Қурманбек Бакиев қудратдан кетказилганидан кейин Бишкекда ҳибсга олишган, уни иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумон этишаяпти.

У раҳбарлик қилган Flexi Communications ширкати тарғибот билан шуғулланган.

Расмийларга кўра, Вугар Ҳалилов ширкати хизматидан собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев, Қирғизистонда коррупцияда айбланиб қидирув эълон қилинган MGN-Group ширкати раҳбари Евгений Гуревичлар фойдаланганлар.

Апрел ҳодисаларидан олдин Евгений Гуревични Қирғизистонга тегишли маблағларни четга олиб чиқиш айбловларини илгари суришганди.

Қирғиз расмийлари Вугар Ҳалиловни ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилган маблағларни "ҳалоллашда" собиқ президент "шерикларига" кўмаклашганликда айблайдилар.

Айбланувчи ўзига қўйилган барча айбларни рад этган.

Ҳалилов ҳибсга олинган кунданоқ унинг яқинлари ва адвокати Қирғизистон расмийларига мурожаат қилишган ҳамда унинг соғлигидан хавотир билдиришган эди.

Яқинларига кўра, у доимий тиббий назоратга муҳтож ва ҳибсхонада унинг саломатлиги ёмонлашиши мумкин.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ вазирлар, Бакиев маъмуриятида ишлаган расмийлар ва собиқ парламент депутатларидан иборат ўнлаб шахслар ҳибсга олинганларини маълум қилишган.